СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИ: ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, кейинги тўрт йилда суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Шу асосда судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, суд кадрларини танлаб олишнинг очиқ ва шаффоф механизмини яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўтган даврда судлар тузилмаси замон талабларига мос равишда такомиллаштирилди. Вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда вилоят даражасидаги умумюрисдикция судлари ташкил этилди.
Кейинги йилларда иқтисодиётимизга киритилаётган инвестициялар ҳажми тобора ошаётгани диққатга лойиқ. Бу, ўз навбатида, инвесторлар ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг самарали тизими яратилишини тақозо этмоқда. Жумладан, эндиликда йирик инвесторларга тааллуқли тоифадаги низолар ва рақобатга оид ишлар, тарафларнинг хоҳишига кўра, Олий суднинг инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби томонидан кўрилади. Яъни ушбу низолар биринчи инстанцияда тўғридан-тўғри Олий суд томонидан кўрилиши мумкин.
Бошқа инвесторлар иштирокидаги инвестициявий низолар, уларнинг хоҳишларини инобатга олган ҳолда, вилоят даражасидаги судлар томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши мумкин.
Судларни молиялаштириш тизими халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди. 2021 йил 13 январдаги Президент Фармонига мувофиқ 2021 йилдан бошлаб судья ва суд органлари ходимларининг иш ҳақлари ҳамда қўшимча тўловлари тўлиқлигича давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланди. Шунингдек, судьяларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилди.
Суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мавқеини ошириш, хусусан, аёл судьяларни қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 2019 йилда судларда 149 нафар аёл, 1 047 нафар эркак судья фаолият юритган бўлса, 2020 йилда 157 нафар аёл, 1 074 нафар эркак судья фаолият юритди.
2021 йилнинг биринчи чорагида мамлакатимизда ишлаб турган 1 214 нафар судьядан 1 053 нафари эркаклар бўлиб, аёл судьялар 161 нафарни, яъни 15,3 фоизни ташкил қилади. Олий судда фаолият юритаётган 63 нафар судьянинг 15 нафари аёл судьялардир. Бу рақам 31,3 фоизни ташкил этади.
Инсон ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш мақсадида суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилди. 2017 йилга қадар 6 суд инстанциясида суд қарорлари қайта кўриб чиқилган бўлса, кейинги уч йилда бу инстанциялар сони 3 тага қисқартирилди.
Халқаро стандартларга мос равишда уч босқичли суд тизими яратилиб, биринчи инстанция (туман (шаҳар) судлари, айрим тоифадаги мураккаб ишлар бўйича вилоят судлари); апелляция инстанцияси (вилоят даражасидаги судлар) ва кассация инстанцияси (Олий суд) дан иборат бўлган «Бир суд — бир инстанция» тамойили жорий қилинди. Халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг эътирозига сабаб бўлган назорат инстанцияси тўлиқ бекор қилинди.
Суд қарорларини қайта кўриш институтини янада такомиллаштириш, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги принципига риоя этилишини таъминлаш мақсадида Жиноят-процессуал кодекс, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Иқтисодий ва Фуқаролик процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қонунларга асосан фуқароларга одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида апелляция ва кассация инстанциялари ислоҳ қилинди.
Суд процессида тортишув принципини ҳамда тарафларнинг тенглигини таъминлаш мақсадида судланувчи, жабрланувчи ва уларнинг вакиллари томонидан кассация тартибида берилган шикоятнинг мақоми прокурорнинг протести билан тенглаштирилди.
Жиноят процессида аввал янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қайтадан бошлаш фақат прокурорнинг ташаббусига кўра амалга оширилган бўлса, энди бундай ҳуқуқ жиноят процессининг бошқа иштирокчилари, яъни маҳкум, оқланган шахс, уларнинг ҳимоячилари ва қонуний вакиллари, жабрланувчи ва унинг вакилига ҳам берилди. Улар судга янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қўзғатиш тўғрисида илтимоснома бериш ҳуқуқига эга бўлди.
Фуқаролик ва иқтисодий ишларни кўришда прокурор иштироки билан боғлиқ нормалар халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди. Прокурор қонунда назарда тутилган ёки ўзининг даъво аризаси асосида қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши, иш бўйича тарафларнинг мурожаатлари мавжуд бўлган тақдирда кассация протестини киритиш масаласини ҳал қилиш учун суддан ишни талаб қилиб олишга ҳақли экани белгиланди.
Жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилинди ва далилларга баҳо бериш институти тубдан такомиллаштирилди. Бу, ўз навбатида, иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама текширилиб, далилларга холисона баҳо берилишига, натижада оқлов ҳукмлари кўпайишига асос яратди.
Ушбу соҳадаги натижадорликни 2019 йилда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси жаноб Диего Гарсия-Саян ҳам алоҳида қайд этганди. Чунончи, ўтган 4 йилда 2 770 нафар, 2020 йилнинг ўзида 781 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган бўлса, 3 434 нафар шахс суд залидан озод қилиниб, 5 958 нафар фуқарога нисбатан асоссиз қўйилган моддалар айбловлардан чиқарилган ёки ўзгартирилган.
2020 йилда судланган шахсларнинг 74 фоизига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган. Жазо муддатини ўтаётган ва тузалиш йўлига қатъий кирган 616 нафар фуқаро афв этилган.
Судда ишларни кўришда бир қатор янги институтлар жорий этилди.
Жумладан, жиноят иши бўйича дастлабки эшитув, фуқаролик ва иқтисодий судларда судгача мажлис, соддалаштирилган тартибда иш юритиш, медиация институтлари амал қилмоқда. Бундан ташқари жиноят процессида ярашув институти кенгайтирилиб, у барча инстанцияларда қўлланадиган бўлди.
Судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш энг муҳим вазифалардан бири бўлиб, бу борада ҳам муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, судлар фаолияти ҳақида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди.
Судлар томонидан қабул қилинган қарорлар Олий суд веб-сайтида мунтазам равишда эълон қилиб борилмоқда. Бугунги кунда Олий суд веб-сайтида 1,5 миллиондан ортиқ суд қарорлари эълон қилинди.
Суд муҳокамаси ошкоралигини, судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқи тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш мақсадида 2020 йил 21 февралда Олий суд Пленумининг «Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Дарҳақиқат, суд муҳокамаси ошкоралиги, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчиликка ўз вақтида ва холис ахборот бериш жамиятда ҳуқуқий хабардорлик даражаси ошишига имкон яратади, одил судловни амалга оширишнинг муҳим кафолати ҳисобланади, судлов фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш ва судга нисбатан жамият ишончини оширишнинг самарали воситаси саналади.
Шу муносабат билан Пленум қарорида судлар суд муҳокамаси ошкоралиги ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини амалга ошириш учун зарур шароит яратишлари лозимлиги тушунтирилди.
Айниқса, одил судловдан фойдаланиш имкониятларини осонлаштириш ҳамда бу борада шаффофликни оширишга қаратилган электрон тартиб-таомиллар босқичма-босқич амалиётга татбиқ этилаётгани муҳим аҳамиятга эга.
Тўртинчи саноат инқилоби даврида судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш борасида ишлар жадал амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган тўрт йил давомида 24 мингдан ортиқ суд мажлислари видеоконференцалоқа режимида ўтказилиб, бу мажлисларда қатнашган 52 мингдан ортиқ шахсларнинг вақти ва маблағи тежалди.
Ишларни инсон омилисиз, яъни автоматик равишда тақсимлаш, суд мажлиси жадвалининг ягона электрон базасини жорий этиш, суд қарорларини расмий веб-сайтда эълон қилиш, судга электрон мурожаат ва суд ҳужжатларини тарафларга электрон шаклда юбориш, суд мажлисларини аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш каби замонавий ёндашувлар эвазига одил судлов самарадорлигига эришилмоқда.
Одил судлов сифати ва самарадорлигини оширишда соҳани рақамлаштиришни янада кенгайтириш мақсадида 2020 йил 3 сентябрда «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Унга кўра, Олий суд ахборот тизимини 28 та давлат органлари ахборот тизимларига интеграция қилиш орқали маълумотлар алмашинувини 100 фоиз рақамли шаклга ўтказишни назарда тутувчи «Йўл харитаси», шунингдек, 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури тасдиқланди.
Барча суд мажлисларини аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш, биринчи инстанцияда тўлиқ жорий қилинган ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш тартибини апелляция ва кассация инстанцияси судларида ҳам йўлга қўйиш, тарафларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида «SMS» хабар орқали хабардор қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконини берувчи мобил дастури амалиётга жорий этилиши белгиланди.
Суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузига, жумладан, суд мустақиллиги, қонун устуворлиги ва одил судлов самарадорлиги бўйича халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг нуфузи ошишига ҳам муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг март ойида «Heritage Foundation» тадқиқот маркази томонидан «Иқтисодий эркинлик индекси — 2021» ҳисоботи эълон қилинди.
Унда Ўзбекистон 186 та мамлакат орасида 58,3 балл билан 108-ўринни эгаллаб, мамлакат рейтинги 6 поғонага кўтарилди. Шу билан бирга, охирги тўрт йилда 44 та ўрин (152-ўриндан 108-ўринга) юқорилади. Индексда мамлакатнинг ўрни асосан Суд фаолияти самарадорлигига эришганлиги натижасида яхшиланган, яъни ушбу кўрсаткич 34,2 баллдан 50,8 баллга (+16,6) кўтарилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга тақдим этилган Мурожаатномасида «Адолат бу — давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди», деган фикрлари суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг самарали амалга оширилиши нечоғлик муҳим аҳамиятга эга эканини яққол тасдиқлайди.
Шу нуқтаи назардан, одил судлов соҳасидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, соҳани янада такомиллаштириш ниҳоятда муҳим ҳисобланади. Бу борада суд-ҳуқуқ тизими олдида улкан вазифалар турибди. Жумладан, «Бир суд — бир инстанция» тамойилини амалда самарали жорий этиш ниҳоятда муҳим.
Шунингдек, «Хабеас корпус» институти қўлланишини янада кенгайтириш, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларини амалда тўлиқ таъминлаш, шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя этилишини кучайтириш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган Жиноят ва Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирлари, «Судьялар ҳамжамияти органлари тўғрисида»ги янги қонуннинг қабул қилиниши муҳим аҳамиятга эга.
Шербек Назаров,
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди бўлим бошлиғи
Фикр қолдириш