ПАНД БЕРГАН ҚОНУНБУЗАРЛИК
Мамлакатимизда аҳолини иш билан таъминлаш, фидокорона хизматлари билан муваффақиятларга эришаётган ходимларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ҳар бир соҳада юксак натижаларни қўлга киритиш, меҳнат унумдорлигини ошириш, турмуш ободлиги ва фаровонлигини янада юксалтиришнинг асосий омилларидан биридир.
Меҳнат ҳуқуқи соҳасида Меҳнат кодекси, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида», «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунлар муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтамоқда. Бу қонун ҳужжатларида иш берувчи ва ходим ўртасида юзага келадиган ижтимоий муносабатлар, жумладан, меҳнатга оид низоларни ҳал этишга доир меъёрлар ҳам белгиланган.
Иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат тўғрисидаги қонунлар ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатлар, шунингдек, меҳнат шартномасида назарда тутилган шартларни қўллаш юзасидан келиб чиқадиган келишмовчилик меҳнат низолари ҳисобланади. Якка меҳнат низолари меҳнат жамоаларида ташкил этилган меҳнат низолари комиссияси ва суд томонидан кўриб чиқилади.
Қонунда назарда тутилган истиснолар билан бирга ходим меҳнат низосини ҳал қилиш учун, ўз хоҳишига кўра, меҳнат низолари комиссияси ёки бевосита судга мурожаат қилиши мумкин. Бундан ташқари меҳнат низолари юзасидан меҳнатнинг ҳуқуқ бўйича инспекторлари ва прокурор ҳам судда даъво қўзғатиш ҳуқуқига эга.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда меҳнат муҳофазасига оид қонунчилик асослари изчилик билан такомиллаштирилмоқда. Жумладан, шу йил 23 декабрда кучга кирадиган янги таҳрирдаги «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунда давлат ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш, касаба уюшмалари ваколатини кенгайтириш, касаба уюшмаларининг ходимлар ва бошқа вакилик органларининг меҳнатни муҳофаза қилишни таъминлаш борасидаги ҳуқуқларини кенгайтириш, шунингдек, аҳолига хавфсиз ва қулай меҳнат шароитлари яратиш, иш жараёнида бахтсиз ҳодисалар юз беришининг олдини олиш каби масалалар назарда тутилган.
Бинобарин, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини тўлиқ таъминлашда давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида йўлга қўйиладиган ижтимоий шериклик муҳим аҳамиятга эга.
Фикримизни ҳаётий мисол ёрдамида давом эттирадиган бўлсак, Саида Норқулова (исм-шарифлар ўзгартирилган) Мирзо Улуғбек туманидаги 64-умумий ўрта таълим мактабида 2018 йилдан буён етакчи вазифасида ишлаб келган. У шу йилнинг 6 мартидан 10 апрелга қадар навбатдаги меҳнат таътилида бўлган. Белгиланган кунда таътилдан қайтиб, иш фаолиятини давом эттирган.
Аммо мактаб директорининг 2021 йил 1 апрелдаги буйруғига асосан С. Норқулова билан муайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 3-бандига асосан бекор қилинган. Мазкур буйруқнинг чиқарилишига мактаб маъмуриятининг жорий йил 26 февралдаги С. Норқуловага навбатдаги меҳнат таътили бериш ҳақидаги буйруғи ва Меҳнат кодексининг 100-моддаси 3-банди асос қилиб олинган.
Шу ўринда амалдаги Меҳнат кодексиниг 100-моддасига эътибор қаратиш зарур. Чунки унда меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш асослари белгилаб қўйилган.
Қолаверса, Олий суд Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракт) ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида»ги қарори 50-бандида судлар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинишининг қонунийлигини буйруқда кўрсатилган асослар бўйича текшириши, меҳнат муносабатининг бекор қилинишини бошқа асосда кўришга ҳақли эмаслиги тушунтирилган.
Шу ўринда Меҳнат кодексининг 99-моддаси биринчи қисмига тўхталиш ўринли бўлади. Унга кўра, ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам, икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақли.
Биринчи босқич суди ушбу фуқаролик ишига қонун талабидан келиб чиқиб, ҳуқуқий баҳо берди. Яъни иш берувчи томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишда қонун талабларига риоя этилмагани, ходим меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантирилмаганини эътиборга олди. Бундан ташқари судда С. Норқулова номига 2021 йил 16 апрелда ёзилган чақирув хати, мактаб касаба уюшмаси раисининг розилик хати ҳамда директорнинг огоҳлантириш хати нусхалари амалдаги меҳнат қонунчилигига зид деб топилди. Чунки бу хатлар билан С. Норқулова ўз вақтида танишгани ёки уларни олгани ҳақида далиллар мавжуд эмас.
Шу боис суд даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантириб, уни ишга тиклаш ва мажбурий бекор юрган кунлари учун иш ҳақини ундириш ҳақида хулосага келди.
Ўз навбатида, биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорига нисбатан мактаб директори Ш. Холмирзаевнинг апелляция шикояти апелляция инстанциясида ҳам кўриб чиқилди. Апелляция инстанцияси суди биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида ажрим чиқарди. Шунингдек, апелляция инстанцияси суди ишни кўришда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан хусусий ажрим чиқариб, тегишли таълим муассасасига юборди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, меҳнат ҳуқуқига оид қонунларга қатъий риоя қилиш турли низолар келиб чиқишининг олдини олиши баробарида ишчи-ходимларнинг моддий ва маънавий жиҳатдан қийналмасликка сабаб бўлади. Бу эса, ютуқлар гаровидир.
Шерзод Ражабов,
фуқаролик ишлари бўйича
Мирзо Улуғбек туманлараро суди раиси
Фикр қолдириш