МАРҲУМ РУҲИНИ БЕЗОВТА ҚИЛГАН ФИРИБГАР
Одатда, фирибгарлар турли йўллар билан одамларни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш орқали ўзгаларнинг мулкини ёхуд мулкий ҳуқуқини қўлга киритади. Улар содир этган жиноятини хаспўшлаш учун ҳеч нарсадан тап тортмайди. Шундайлардан бири марҳум оғайнисининг руҳини безовта қилган Фарғона шаҳрида яшовчи Улуғбек Абдусаматов (исм-шарифлар ўзгартирилган) дир.
Эндигина навқирон 30 ёшни қарши олган Улуғбек маҳалладоши Шамсиддин Мамарасуловни чув туширди.
Гап шундаки, Ш. Мамарасулов 2016 йилда «Аkfaplast» русумли пластик эшик ва ромлар ишлаб чиқарувчи дастгоҳни 18 миллион сўмга сотиб олган эди. Бироқ орадан бир йил ўтиб, қизининг кўзини даволатиш учун пул зарур бўлиб қолади. Шамсиддиннинг дастгоҳни сотмоқчи бўлганидан хабар топган У. Абдусаматов 2017 йил 24 август куни пайвандлаш ишлари ва турли дастгоҳларни ясаш билан шуғулланувчи Пўлатжон Тешабоев (айни пайтда у марҳум. Шу боис ишнинг унга нисбатан қисми Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-қисмига асосан тугатилган) ни харидор сифатида таништиради.
— Хуш келибсизлар!, — дея уларни уйига таклиф қилади рўпарасида фирибгар турганини хаёлига ҳам келтирмаган мезбон.
Харидорлар ҳовлида турган дастгоҳни обдон кўздан кечиришгандан сўнг мезбон билан савдолашиб, унинг баҳосини 26 миллион сўмга келишишади.
— Пулини икки ой ичида оласиз, — дейди «харидор» савдодан кейин ўз шартини қўйиб.
Улуғбек Ш. Мамарасуловни ишонтириш мақсадида тилхат ёзиб беради.
Орадан уч-тўрт кун ўтгач, ҳақдор У. Абдусаматовга қўнғироқ қилиб, дастгоҳни сотган-сотмаганини сўрайди. Бунга жавобан Улуғбек дастгоҳнинг нархи қимматлиги учун харидорлар олмаётганини, бироз сабр қилиб турса, сотиб беришини айтади.
Бир ойдан кейин Шамсиддин яна унга қўнғироқ қилганда Улуғбек гапни бутунлай бошқа ёққа буради:
— Қувалик бир фермер билан танишиб қолдим. Йигирма бош қора моли бор экан, даромади ҳам дурустгина. Менга ҳам мол боқиш ва сотиш билан шуғилланишни маслаҳат берди. Шу ишни иккаламиз биргаликда бошласак-чи? Нима дейсиз?
— Яхши бўлар эди, — дейди ҳали унга нисбатан ишонч билан юрган Ш. Мамарасулов.
— Хўп десангиз, бунга ўғилларингиз Россиядан юбораётган пулларни тикинг. Сира ютқазмайсиз, — дея Шамсиддиннинг қизиқишини янада орттиришга уринади фирибгар.
Улуғбек Шамсиддинни шундай аврайдики, у қандай қилиб розилик берганини билмай қолади.
Шундан сўнг икковлон Қува туманига бориб, фермернинг чорва молларини кўришади.
— Ўн бош қорамол сотиб оламиз, — дейди Улуғбек фермерга.
Қисқа савдолашишдан кейин Шамсиддин фермернинг қўлига 3 000 АҚШ долларини тутқазади.
— Молларни кейинроқ олиб кетамиз, — дейди «уддабурон» қайтар чоғида.
Орадан кун, ҳафта, ой ўтса-да, қорамоллардан дарак бўлавермагани боис Шамсиддин Улуғбекка қўнғироқ қилиб, молларни олиб келган-келмаганини сўрайди.
— Молларни ҳали олиб келолмадим. Яна пул зарур. Фермер қолган молларини ҳам сотмоқчи. Биратўла ҳаммасини олиб келамиз…
Афсуски, Улуғбек шу тарзда Ш. Мамарасуловни лақиллатишда давом этади.
2018 йилнинг май ойига қадар яна 5 500 АҚШ доллари ва олти ярим миллион сўмини қўлга киритади. Фирибгар Шамсиддинни юпатиш учун ҳар ҳафтада унинг уйига 2-3 килограмдан гўшт олиб келиб туради.
Хуллас, Улуғбек Шамсиддинни 120 182 770 сўмга чув тушириб, турли важ-карсонларни рўкач қилиб юраверади. Охир-оқибат тоқати тоқ бўлган Шамсиддин Мамарасулов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилиб, фирибгардан пулларини ундириб беришни сўрайди. Шундан сўнг Улуғбек Абдусаматовга нисбатан жиноят иши қўзғатилди ва у жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида кўриб чиқилди.
Номардликни қарангки, суд мажлисида Улуғбек ўз қилмишини хаспўшлаш мақсадида 2018 йилда вафот этган Пўлатжон Тешабоевнинг руҳини безовта қилишдан ҳам қўрқмади. У 26 миллион сўмлик дастгоҳни П. Тешабоевнинг бошқа шахслардан бўлган қарзини тўлаш учун бериб юборганини маълум қилди. Бироқ Шамсиддин ва марҳумнинг онаси Норинисо Тешабоева буни тўлиқ инкор этишди.
Норинисо опанинг таъкилашича, ўғли Пўлатжон Тешабоев 2018 йилнинг 26 июнь куни юрак хасталиги туфайли вафот этган. Она ўғлининг қилаётган ишларидан доимо хабардор бўлган. Яъни марҳум ўз устахонасида пайвандлаш ишлари ва турли дастгоҳларни ясаш билан шуғулланган.
Улуғбек 2019 йилда Пўлатжоннинг ўлим гувоҳномасини сўраб келганида бояқиш она унга ўғлини ўзининг қинғир ишларига аралаштирмаслигини тайинлаган ва марҳумнинг ўлим гувоҳномасини фирибгарга бермаган. Чунки марҳум П. Тешабоев ўзига тўқ бўлиб, ҳеч кимдан қарздор бўлмаган.
Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги қарори 37-бандида судлар нафақат шахс жиноят содир этиш вақтида кўзлаган мотив ва мақсад, айб шакли ва даражасини, балки айбдорнинг шахси, жиноят иштирокчилари орасидаги роли, жиноят содир этилиш пайтидаги ёки содир этилганидан кейинги хулқ-атвори, жиноятни содир этиш сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитни ҳам эътиборга олиши лозимлиги белгиланган. Шу боис суд судланувчининг важларини жавобгарлик ва жазодан қутулиш, шунингдек, жабрланувчига етказилган моддий зарарни қоплашдан бўйин товлаш мақсадида келтирилган, деб ҳисоблади ва унга танқидий баҳо берди.
Натижада Улуғбек Абдусаматов Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан айбдор деб топилиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бундан ташқари суд ҳукмида судланувчидан жабрланувчига етказилган моддий зарарни ундириш ҳам белгиланди.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида қайд этиш лозимки, ишонч инсонларни бир-бири билан боғлаб турувчи илоҳий риштадир. Бинобарин, бу муқаддас туйғунинг қадрига етиш инсонийлик мезонларидан биридир.
Маҳкамжон АБДУБАННОБОВ,
жиноят ишлар бўйича
Фарғона шаҳар суди судьяси
Фикр қолдириш