ПОРАГА АЛДАНГАН НАФС
Порахўрлик — ўта ижтимоий хавфли жиноят бўлиб, давлат нуфузига салбий таъсир қилади. Шу боис бу жирканч иллатга қарши курашиш ҳар бир давлатнинг асосий вазифаси ҳисобланади.
Мамлакатимизда ҳам жамият кушандаси бўлган коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.
«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун қабул қилингани, коррупцияга қарши курашиш Агентлиги ташкил этилгани бунинг яққол исботидир. Қонунчиликда шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб, моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиш, шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиши коррупция сифатида таърифланган.
Шу ўринда суд амалиёти таҳлилига эътибор қаратадиган бўлсак, кейинги пайтларда мансабдор бўлмаган шахсларнинг пора берувчи манфаатини кўзлаб, уни пора беришга далолат қилган ҳолда фирибгарлик жиноятини содир этиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани маълум бўлади. Жумладан, жиноят ишлари бўйича Беруний тумани судида шу йилнинг 1-чорагида 5 нафар шахсга нисбатан шу тоифадаги жиноят иши кўриб чиқилди.
Масалан, Беруний тумани халқ таълими бўлимида бош ҳисобчи лавозимида ишлаган Ш. Г. хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан 42-сонли умумий ўрта таълим мактаби директоридан пора талаб қилган. У мактабда ўтказилган ички аудит текширувида аниқланган камчиликларни «босди-босди» қилишни ваъда бериб, бу ишни мансабдор шахсларга пора бериш орқали битиришини маълум қилган. Бироқ фирибгар ниятига етолмади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг саъй-ҳаракати билан жиноятга чек қўйилди.
Урганч локомотив депосига қарашли «Мискин» айланма депоси устаси А. С. фуқаро Ж. Я. ни танишлари орқали 3 500 АҚШ доллари эвазига «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг Қорақалпоғистон филиалига ишга жойлаштириб қўйишга ваъда берган ва 3 500 АҚШ долларидан 3 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритмоқчи бўлган. Аммо фирибгар муддаосига етолмади ва қонун олдида жавоб беришга мажбур бўлди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилмоқда. Бу борада турли тарғибот-ташвиқот ишлари ва сайёр қабуллар ўтказилаётгани, криминоген вазият чуқур таҳлил этилиб, қатъий чора-тадбирлар кўрилаётгани бунинг исботидир.
Зеро, қонун устуворлигини таъминлаш ҳар биримизнинг асосий вазифамиздир.
Раъно Камолова,
жиноят ишлари бўйича Беруний тумани суди раиси
Фикр қолдириш