АДОЛАТ ТАНТАНАСИ КЎНГИЛДАГИ ҒУБОРЛАРНИ ЮВИБ ЮБОРДИ

«Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди», дейди доно халқимиз. Буҳикмат замирида теран маъно-мазмун мужассам. Унинг нақадар тўғри айтилганини Навоий вилояти прокуратурасининг иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси лавозимида ишлаган Лутфилла Карабеков (айни пайтда марҳум)нинг қисмати ҳам яққол тасдиқлайди.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, Л. Карабеков қан­дай жиноятда айбланган?

Жиноят ишлари бўйича Бу­хоро вилояти судининг 2012 йил 15 августдаги ҳукмида қайд этилишича, Лутфилла Карабеков «Навоий­азот» очиқ акциядорлик жа­мия­тининг иқтисодий хавфсизлик бўлими бошлиғи Ф. Санақуловга нисбатан қўз­ғатилган жиноят иши бўйича тергов гуруҳи раҳбари бўл­ган. Шу боис бў­лим бошли­ғи­­га нисбатан тегишли чора кўрмаслик, яъ­ни акциядорлик жамиятининг мо­лиявий-иқтисодий фаолия­ти юзасидан ҳужжатли текшириш тайинланмаслик эвазига тергов гуруҳи аъзоси Ориф Бўронов билан жиноий тил бириктириб, у орқали 38 000 АҚШ долларини пора тариқасида олганликда айбланган. Оқи­батда у Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «а» ва «б» бандларига асосан айбдор деб топилиб, 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қи­линган. Қолаверса, «адлия ки­чик маслаҳатчиси» унвонидан ҳам маҳрум этилган.

Ана шу воқеадан сўнг Лутфилла Карабеков адолатсизлик, кучли руҳий тушкунликдан оғир дардга чалинади. У 2013 йил 27 апрел куни вафот этади.

Кетма-кет юз берган бундай кўргиликлар марҳумнинг ои­ласи ва яқинлари қалбида оғир асорат қолдиради.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари Лутфилла Карабековнинг оиласи, айниқса, ҳуқуқшунос ўғли Санжарда умид уйғотди. Бундан руҳланган Санжар ҳимоячилар билан бирга Олий судга мурожаат қилиб, марҳум отасининг оқланишини сўради. Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 15 декабрдаги ажримига асосан жиноят ишлари бўйича Бухоро ви­лоя­ти суди апелляция инс­танциясининг 2012 йил 20 сентябрдаги ажрими бекор қи­линиб, иш янгидан кў­ри­лиши учун яна Бухоро ви­лоя­ти судига юборилди.

Бухоро вилояти судининг шу йил 18 мартдаги суд мажлисида Лутфилла Карабековнинг айбсизлиги ўз исботини топди. Жумладан, Л. Карабеков билан бирга судланган собиқ ҳамкасби Ориф Бўронов таз­йиқлар туфайли унга қар­ши кўрсатма беришга мажбур бўлганини тан олди. Энг муҳими, жиноят иши материалларида собиқ терговчи айбини тасдиқловчи аниқ далиллар, яъни по­ра предметига дахлдор қонунлар билан белгиланган тартибда почта-телеграф ва электрон жўнатмалар, аудио ёки видеоёзувлар ҳамда бош­қа мосламалар орқали амалга оширилган сўз­лашувлар мавжуд эмас. Айни пайт­да ҳам суд тергови ўтказиш орқали бундай далилларни аниқлаш имконияти мавжуд эмас. Бундай ҳолда марҳумни масъул мансабдор шахс сифатида жуда кўп миқдорда пора олиш жиноятини содир қилган, деб бўлмайди.

Бундан ташқари апелляция судлов ҳайъати Ориф Бў­роновнинг Лутфилла Карабековга пора бергани ҳақи­даги кўрсатмаларини ишончга сазовор эмас, деб ҳисоблади.

Жиноят процессуал кодексининг 23-моддасига кўра, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Ана шу қонуний асосга таянган суд жиноят иш­лари бўйича Бухоро ви­лоя­ти судининг 2012 йил 15 августдаги ҳукмининг мар­ҳум Лутфулла Карабековга оид қисмини бекор қилиб, уни айбсиз деб топди ва оқлади. Албатта, бунинг натижасида марҳумнинг руҳи шод бўлгани шубҳасиз.

Дарвоқе, унинг ўғли Санжар Карабеков ва қизи Феруза Мирўктамова ота касбини танлашган.

— Отамнинг оқланиши онам, ўзим ва 3 нафар синглим, қариндош-уруғ, ёру дўст­ларини беҳад қувонтирди. Адолат тантанаси кўнгилдаги ғуборларни ювиб юборди, — дейди Санжар Карабеков миннатдорлик билан.

Ҳақиқатдан ҳам, жамиятда ижтимоий адолатнинг тикланиши одамлар тақдирида му­­­ҳим аҳамиятга эга. У бар­қарор бўлган жойда ёруғ келажакка ишонч мустаҳкам бўлади.

Суҳандиёр РЎЗИЕВ,

Бухоро вилояти суди

раиси ўринбосари

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: