ЎН ИККИ ЙИЛЛИК МУАММО СУДДА ҚОНУНИЙ ВА АДОЛАТЛИ ЕЧИМ ТОПДИ
Маълумки, Конституциямизнинг 44-моддасида «Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади» дея қайд этилган. Юртимиз суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, ушбу конституциявий тамойил ҳар бир суд мажлисида ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.
Мисол учун айтганда, Фарғона шаҳрининг Саноат кўчасида истиқомат қилувчи Зулфия Собированинг бузилган ҳуқуқлари ҳам суд орқали тикланди.
З. Собирова сўнгги 12 йил мобайнида бир ноҳақликдан азият чекиб келаётганди. Аниқроқ айтганда, шаҳарнинг Усмон Юсупов кўчасида жойлашган 5-сонли ҳовли-жой З. Собировага тегишли эди. Шу боис 2003 йил 18 сентябрда унинг номига РК1-1544-сонли мерос гувоҳномаси берилиб, 2003 йил 22 октябрда 0542822-рақамли гувоҳнома билан давлат рўйхатидан ўтказилганди. Аммо 2008 йилда 292 метр квадратдан иборат ушбу уй-жой на шаҳар, на вилоят ҳокими қарорисиз бузиб ташланган.
Натижада уй-жойнинг қиймати ҳам тўлаб берилмаган, унга мутаносиб равишда ер майдони ҳам ажратилмаган. Фақатгина Фарғона шаҳар ҳокимлигининг шаҳарсозлик қурилиши кенгашининг 2009 йил 5 июндаги йиғилиш баёнига асосан, Усмон Юсупов ва Қори Ниёзий кўчалари кесишмасидаги бузилган турар ҳамда нотурар бино-иншоотлар эгаларига ер майдонлари ажратилиши белгиланган, холос. Шунга биноан, Зулфия Собировага ҳам 48 метр квадрат ер ажратилиши қайд этилган.
Ҳатто 2012 йил 12 сентябрда Фарғона вилоят «Ермулккадастр» давлат корхонасининг Фарғона шаҳар филиали томонидан юқоридаги йиғилиш баёни асосида ҳужжатларни расмийлаштириш юзасидан шаҳар ҳокимлигига 1688-сонли алоқа хати ҳам юборилган. Бироқ ҳар иккала ҳужжат ижроси таъминланмаган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ўтган ўн икки йил мобайнида З. Собирова турли идораларга қайта-қайта мурожаат қилмасин, барибир муаммо ҳал бўлмаган. Хусусан, у Фарғона шаҳар адлия бўлимига мурожаат қилиб, шу хусусда амалий ёрдам сўради.
Шундан сўнг шаҳар адлия бўлими томонидан З. Собированинг манфаатини кўзлаб, Фарғона шаҳар маъмурий судига шикоят ариза киритилди. Фарғона шаҳар адлия бўлимининг аризасида Фарғона шаҳар ҳокимлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги қарори билан тасдиқланган «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги Низом» (мазкур қарор Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан, 2020 йил 1 январдан ўз кучини йўқотган) нинг бир неча бандлари бузилгани қайд этилиб, шаҳар ҳокимлигининг ҳаракатсизлигини қонунга хилоф деб топиш ҳамда ҳокимлик зиммасига бузилган ҳовли-жой эвазига ер майдони ажратиб бериш мажбуриятини юклаш сўралган.
Дарҳақиқат, юқорида қайд этилган Низомнинг 8-бандига биноан, ер участкаларининг давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларнинг мулки бўлган уйлар (квартиралар) бузилган тақдирда, кўрсатиб ўтилган фуқароларга ер участкасини олиб қўйиш ер участкасини ўзлаштириш даврида икки йилгача муддатга ижара шартномаси асосида вақтинча уй-жой бериб, бузилаётган уйлар (квартиралар), иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг бозор қиймати тўлиқ тўланган ҳамда ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган бошқа зарарларни қоплаган ҳолда, фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш учун белгиланган норма доирасида ер участкаси бериш шарти билан амалга оширилади.
Бундан ташқари Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 27-моддасида суд давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларни ҳал қилиши, 189-моддасида эса, суд устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонун ҳужжатларига зид эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқласа, қарор ёки унинг айрим қисмларини ҳақиқий эмас ёхуд ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилиши, қарор ҳақиқий эмас, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунга хилоф деб топилган тақдирда, суд тегишли органнинг ёки мансабдор шахснинг зиммасига қонунга мувофиқ қарор қабул қилиш ёки муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёхуд аризачининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг бузилишларини бошқача усулда бартараф этиш мажбуриятларини юклаши белгиланган. Ана шу асосларга таянган суд Фарғона шаҳар ҳокимлигининг ҳаракатсизлигини қонунга хилоф деб топиб, ҳокимлик зиммасига З. Собировага бузилган ҳовли-жойининг ер майдонига тенг қийматдаги — 292 метр квадратдан иборат ер майдонини ажратиш мажбуриятини юклаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Шу тариқа суд қарори билан фуқарони йиллар мобайнида қийнаб келган муаммо ечим топди. Энди эса, Фарғона шаҳар ҳокимлиги суд қарори ижросини таъминласа бўлди. Зеро, Бош Қомусимизнинг 114-моддасида таъкидланганидек, суд ҳокимияти чиқарган ҳужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.
Солижон ҚУРБОНОВ,
Фарғона шаҳар
маъмурий судининг раиси
Фикр қолдириш