«МЕН АФВ ЭТИЛДИМ, БУНИНГ УЧУН ПРЕЗИДЕНТИМИЗДАН ЧЕКСИЗ МИННАТДОРМАН», – ДЕЙДИ БАҒДОД ТУМАНИДА ЯШОВЧИ ЗУҲРАХОН ИСМОИЛОВА

Бу йилги 8 март айёми Зуҳрахон учун қўшалоқ байрам бўлди. Чунки у давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 6 мартдаги «Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган бир гуруҳ маҳкума аёлларни афв этиш тўғрисида»ги Фармонига биноан озодликка чиқди. Яъни З. Исмоилованинг ўталмай қолган 2 йилу 3 ойлик жазо муддати озодликни чеклаш жазосига алмаштирилди.

Шу ўринда табиий савол туғилади: хўш, З. Исмоилова қайси қилмиши учун жазога тортилган эди?

Гап шундаки, айни пайтда 30 ёшга кирган Зуҳрахон Исмоилова бундан 3 йил аввал ҳеч қаерда ишламагани боис маҳалладаги аёллар билан бирга турли кунлик юмушларни бажариб, пул топарди.

Бир куни — тахминан 2017 йилнинг декабрь ойида қўш­ни Олтиариқ туманида яшовчи Равшан исмли йигит 3-4 нафар аёлни дала ҳовлисини тозалаш ва супур-сидир ишларини бажариш учун олиб боради.

Ўша куни аёллар ичида энг ёши Зуҳра бўлгани сабабли Равшан кўпроқ унга эътибор қаратди. Натижада иккиси тезда тил топиб олишади.

Шундан сўнг уларнинг танишуви илиқ муносабатга ай­ланади. Бора-бора кунда-кунора учрашиб, бир-бирини кўр­маса туролмайдиган бўлиб қолишади. Йигит тез орада сов­чи юборишини айтганда эса, бундан масрур бўлган қиз ўзини унга топшириб қўя­ди. Оқибатда дала ҳовлидаги пин­ҳоний учрашувлар изсиз кетмайди…

Аммо Зуҳра бу ҳақида онасига ҳам, опасига ҳам, ҳатто эгизаги Фотимага ҳам айтмайди. Фақат тўрт ой деганда, Фотиманинг ўзи синглисининг юриш-туриши ва ўзини тутишидан гап нимада эканини сезиб қолади. Ке­йин эса, онаси ва опаси воқиф бўл­ади сирдан.

Бироқ бу пайтда Равшан Россия Федерациясига ишлаш учун кетганди. Шу боис Муқаддас опа қизига тезроқ боладан қутулиш лозимлигини айтади. Лекин З. Исмоиловани текшириб кўр­ган шифокор аёл энди кеч бўлганини маълум қилади.

Шундан сўнг Зуҳра болани дунёга келтириб, уни бирор бефарзанд оилага бериб юбориш ҳақида ўйлайди. Текинга эмас, албатта.

Бинобарин, туғилажак гўдакка харидор излай бошлайди. Шунда унга танишларидан бири тумандан пойтахтга қатновчи Маҳмуджон исмли кишининг телефон рақамини беради.

Муқаддам 2 маротаба судланган Маҳмуджон Абдуқодиров эса, З. Исмои­ловани мў­май даромад манбаи сифатида қучоқ очиб қарши олди.

— Албатта, сизга ёрдам бе­раман, синглим, — дейди у ҳадемай туғилади­ган чақалоқни сотиб, қанча пул ишлашини тасаввур қиларкан. — Тош­кент­да фарзандга муҳтож оилалар кўп. Болангизни дарров сотиб олишади, туғруқхона харажатлари ва ҳужжат ишларини ҳам ўзлари қи­лишади.

У шундай деб ўша куниёқ ишга киришади. Яъни таниши Маъ­му­ра Ғуло­мовага қўн­ғироқ қилиб, Зуҳранинг туғилажак фарзандини сотиши ҳақи­да ха­бар беради. Аммо бу ҳаракатнинг жиноят эканлигини ях­ши билган М. Ғуломова ўша кун­лардаёқ ҳуқуқни муҳофаза қи­лувчи идораларга мурожаат қилади. Натижада қо­нун ҳимоя­чилари мазкур мурожаат асосида тезкор тадбирга киришишади. Ўз нав­ба­ти­да, Маъмура Ғу­ломова жиноятни фош қи­лишда тезкор ходимларга кўмакла­шади. Аниқроғи, у Зуҳрахон билан учрашгач, жиноятнинг бошқа иштирокчилари ҳам бор-йўқлигини аниқлаш мақсадида бу гапдан яна ким хабардорлигини сў­райди. Содда қиз эса, онаси Муқаддас Исмоилова ҳам болани сотишга қарши эмаслигини билдиради. Шу боис М. Ғуломова М. Исмоилова би­лан телефон орқали боғланади. Оқибатда она-бола дунёга келажак чақалоқни 3 000 АҚШ долларига сотмоқчи эканлигидан воқиф бў­ла­ди. Бироқ М. Абдуқодиров бола 7 000 АҚШ долларига сотилишини маълум қилади.

Шундай қилиб, Маҳмуджон ака З. Исмоиловани Ангрен шаҳридаги бир танишининг уйига вақтинча жойлаштиради. 2019 йил 28 август куни эса, шаҳар туғруқхонасида Зуҳрахоннинг кўзи ёриб, қиз фарзанд кўради. Бу жараён билан боғлиқ барча югур-югурларни М. Абдуқодировнинг ўзи амалга оширади. Шу аснода у «Исмоилова София Иброҳим қизи» дея қайд этилган туғилганлик гувоҳномасини ҳам олиб келади. Ке­йин­ эса, чақалоқ ва онасини уя­ли телефонига суратга олиб, М. Ғуломова топган харидор Татьяна Латунинага телеграм тармоғи орқали жўнатади. Шунинг­дек, Зуҳрахондан фарзандини ўз хоҳиши билан сотаётгани ҳам­да сотиб олган инсонга ҳеч қан­дай даъвоси йўқ­лиги хусусида тилхат ҳам ёздириб олади.

Қолаверса, гўдак туғилгунча харажатлар кўпайиб кетганини билдириб, нархни 8 500 АҚШ долларига кўтаради…

— Майли, розиман. Фақат пулини болани Тошкентга олиб келганингизда бераман, — дейди «харидор» Т. Латунина.

У бу гапни тезкор хо­дим­лар­нинг кўрсатмаси билан айтганди. Охир-оқибат 2018 йил 9 сентябрь куни Маҳмуджон билан Муқаддас опа Яшнобод туманидаги «Mus­tang» номли ав­томо­билларга ёқилғи қуйиш шохобчаси ёнида Татьяна ва Маъмура­га боланинг туғилганлик ҳақида­ги гувоҳномаси ҳам­да Зуҳрахоннинг тилхатини бе­риб, келишилган пулнинг 8 000 АҚШ долларини олаётган маҳалда ушланади.

Шундан сўнг М. Абдуқодиров, З. Исмоилова ва М. Исмоиловаларга нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а»-банди билан жи­ноят­ иши қўзғатилади. Жи­ноят­ ишлари бў­йича Яшнобод туман судининг 2019 йил 15 март­даги ҳукми билан Маҳмуджон 5 йил 6 ой, Зуҳрахон 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилади. Муқаддас опага тайинланган 3 йил 6 ойлик озодликдан маҳрум қи­лиш жазоси эса, Жиноят кодексининг 72-моддасига биноан шартли ҳи­соб­ла­ниб, 2 йил синов муддати белгиланади.

Ҳаётда ҳеч бир инсонни фар­занд доғига дучор қилмасин экан.

Тақдирнинг ҳукмини қа­рангки, қизининг бу қилмишини кўтаролмаган Жумайдулла ака 2019 йил октябрь ойида омонатини топширади.

Бу йилги байрам арафасида эса…

— Мен Зангиота туманидаги аёллар колониясида жазо муддатини ўтаётгандим. Шу йилнинг олтинчи март ку­ни Президентимиз 83 нафар хотин-қизларни афв этганларини, улар орасида ўзим ҳам борлигимни эшитиб, йиғлаб юбор­дим. Дарров онамга қўн­ғироқ қилиб, хабар бердим. Онам ўша куниёқ етиб келди. Бунинг учун давлатимиз раҳбаридан чексиз миннатдорман, — дейди З. Исмоилова биз билан суҳбатда. — Тергов ва суд жараё­нида ҳам, жазо муддатини ўтаётганимда ҳам хатоларимни тушуниб етдим, эн­ди қай­та жиноятга қўл урмайман. Тенгдошларим ва ёш сингилларимга ҳам ҳаётда адашиб, алданиб қолмасликларини тилайман. Эндиги ниятим фарзандим Софияхонни «Меҳрибонлик уйи»дан олиб, ўзим тарбия қилмоқчиман.

З. Исмоилованинг маълум қи­лишича, Бағдод туман ички ишлар бўлимининг хотин-қизлар масалалари бў­йича катта инспектори Марғуба Маматованинг ёрдами билан янги фуқаролик паспортини олиш учун туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига ҳужжатларини топширган.

— Бундан ташқари Зуҳрахон тиббий кў­рикдан ўтказилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 баравари — 1 338 000 сўм миқдорида ижтимоий нафақа билан таъминланди. Шу билан бирга, у туман ободонлаштириш бўлимига ишга жойлаштирилди. Қо­лаверса, муқаддам мактаб директори вазифасида ишлаб нафақага чиққан, «Ўз­бекистон» маҳалла фуқаролар йи­­ғини фаоли Муножаатхон Ғаниева унга мураббий сифатида бириктирилди. Энг муҳими, Зуҳрахон ва бошқа афв этилган опа-сингилларимиз халқимизга хос бу кечиримлилик ҳамда бағри­кенг­ликнинг қадрига етсалар бўл­гани, — дейди Фарғона вилоят ма­ҳалла ва ои­лани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ко­­милахон Кавлонова.

Хулоса қилиб айтганда, кечиримлилик — халқимизга хос улуғ фазилат. Айниқса, илк бор қалтис қадам қўйган аёлнинг панжара ортидаги машъум қисмати ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.

Ўйлаймизки, Зуҳрахон бундай одилона имкониятдан оқилона фойдаланади. Қолаверса, унинг жиноят кўчасидаги қо­ра қилмишлари кўланкаси нафақат ўзи ва норасида қизи, балки бу «савдо»дан бохабар бошқа инсонларни ҳам сергакликка, тўғри йўлга ундаши шуб­ҳасиздир. Зеро, хатосидан тўғ­ри хулоса чиқариб, ўзини ўнг­лаб олиш ҳам чинакам инсонийлик сифатларидан саналади.

Хуршид Султонов,

 журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: