АЛИМЕНТ ҚАРЗ ЭМАС, БАЛКИ ФАРЗАНД ТАЪМИНОТИ УЧУН ТЎЛОВДИР

Маълумки, юртимизда болаларнинг барча ҳуқуқлари қатори моддий таъминот олиш ҳуқуқи ҳам қонун билан кафолатланган. Хусусан, Конституциямизнинг 64-моддасига кўра, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.

Аммо ҳаётда турли сабабларга кўра, оиланинг бузилиши натижасида алоҳида яшайдиган ота ёки онанинг бола таъминотида иш­тироки ўта долзарб муаммога айланади.

Шунинг учун амалдаги Оила кодексининг 96-моддасида ота-онанинг вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт экани қатъий белгилаб қў­йилган.

Агар ота ёки она ушбу қонуний талабни ихтиёрий равишда бажармаса, бола таъминоти учун алимент суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғига асосан ундирилади.

Бу ҳаётда фарзанд тарбияси, унинг таъминоти ҳар бир ота-она зимма­сида­ги ўта шарафли ва айни пайтда масъулиятли вазифа саналади. Бироқ ҳаётда ана шундай масъулиятли вазифани ўз ихтиёри билан бажаришдан бош тортадиган ота-оналар ҳам учраб туради. Албатта, бундай вазиятда бола таъминоти учун алимент суднинг ҳал қилув қарорига асосан ундирилади.

Масалан, яқинда Норин туман маъ­му­рий суди томонидан ўз фарзанди учун алиментини тўлашдан бош тортган ўн нафар фуқарога нисбатан маъмурий чора кўрилди.

Шу ўринда ҳаётий мисолга эътибор қаратсак, фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро судининг 2018 йил 27 июлдаги суд буйруғига асосан, Н. Аҳмаджоновдан О. Раҳимова фойдасига 1 нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойда барча иш ҳақи ва даромадининг 1/4 қис­ми миқдорида алимент тўлаши белгиланган. Бироқ Н. Аҳмаджонов буни жуда яхши билса-да, 2018 йил 1 июнь кунидан 2020 йил 1 январь кунига қадар 7 852 326 сўм алимент пулини тўлашдан бўйин товлаб келган.

Ҳуқуқбузар Н. Аҳмаджонов ўзининг бу ҳаракати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳу­қуқ­­бу­зарликни содир этган.

Қисқаси, суд мажлисида ҳуқуқбузар Н. Аҳмаджонов содир этган ҳуқуқбузарлик ҳаракатига иқрор бўлиб, енгиллик беришни сўради.

Суд, Н. Аҳмаджоновга нисбатан жазо тайинлашда унинг айбига иқрор бўлиб, қилмишидан чин кўн­гил­дан пушаймонлигини жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолат деб топди ва Маъмурий жавобгарлик тўғ­ри­сидаги кодекснинг 474-моддаси 1-қисми билан 15 сутка маъмурий қа­моқ жазоси тайинлади.

Хулоса қилиб айтганда, алимент бу қарз эмас, балки фарзанднинг у вояга ет­гунга қадар бериладиган таъминотидир. Буни бажариш эса, ҳар бир ота-онанинг бурчидир.

Қодиржон Тожиматов,

Норин тумани маъмурий судининг раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: