АЛИМЕНТ ТЎЛАМАГАН ОТА МАЪМУРИЙ ҚАМОҚҚА ОЛИНДИ

Нарпай туман маъмурий судининг очиқ суд мажлисида алимент тўлашдан бўйин товлаб келган отага нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш мазмунан кўриб чиқилди.

Ҳуқуқбузар В. Бўронов (исм-шарифлар ўзгартирилди) фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2012 йил 12 августдаги суд буйруғига асосан турмуш ўртоғи З. Файзи­қулова фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзанди С. Бўронованинг моддий таъминоти учун ҳар ойлик иш ҳақи ва барча турдаги даромадларининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент тўлаши лозим эди.

Бироқ В. Бўронов 2017 йил 1 апрелдан — 2020 йил 1 сентябрга қадар 26 мил­лион 978 минг сўм алимент тўловларини тўлашдан бўйин товлаган. Бу ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Нарпай туман бўлими давлат ижрочиси томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Судда ҳуқуқбузар В. Бўронов айбига иқрор бўлди. Алимент пулини имкони бўлмаганлиги сабабли тўлай олмагани, оқибатда 26 миллион 978 минг сўм қарздорлик келиб чиққанини тан олди. Бундан чин кўнгилдан пушаймонлигини айтиб, қонуний енгиллик беришни сў­ради.

Ҳуқуқбузар В. Бўронов моддий ёрдамга муҳтож бўлган, вояга етмаган шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаган. Суд унинг ғайриқонуний ҳаракатлари суриштирув идораси томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддаси 1-қисми билан тўғри малакалаган деб топди.

Ҳуқуқбузарга нисбатан суд ўн беш сутка маъмурий қамоққа олиш жазоси тайинлади ва у дарҳол қамоққа олинди.

Суд қарори билан ҳуқуқбузардан маъмурий қамоқда сақланган ҳар бир кун учун энг кам ойлик иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида, жами 501 минг 750 сўм давлат фойдасига ундирилди.

Гувоҳи бўлганингиздек, қонунларга бўйсунмаслик, зиммасидаги маж­бу­риятни ўз вақтида бажармаслик муқаррар жавобгарликка сабаб бўлади. В. Бўро­нов­нинг ўн беш сутка маъмурий қамоққа олингани уни келгусида алиментдан келиб чиққан қарздорликни тўлашдан ас­­­ло озод қилмайди.

Балки даъвогар З. Файзиқулова фойдасига алимент пулларини ундириш бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари тўхтамайди.

Ҳамза ЯРАШОВ,

Нарпай тумани маъмурий

судининг раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: