ОЛИЙ СУД МАТБУОТ ХИЗМАТИНИНГ М. БОБОЖОНОВГА ОИД АХБОРОТИ
2020 йил 20 март куни Facebook ижтимоий тармоғида Abdurakhmon Tashanov нинг билдириши юзасидан
2020 йил 20 март куни Асака туман маъмурий судининг очиқ суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 201-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан М. Бобожонов (1967 йилда Андижон вилоятида туғилган, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, миллати – ўзбек, маълумоти – олий, муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилмаган, муқаддам жиноий жавобгарликка тортилган, оилали, 2 нафар фарзанди бор) га нисбатан тўпланган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди.
Аниқланишича, М. Бобожонов 2020 йил 12 январь куни Марҳамат тумани, “Гар Гар” МФЙ, Гар Гар кўчасида жойлашган З. Ойпўлатованинг яшаш хонадонида бўла туриб, фуқаролар З. Каримов ва З. Ойпўлатовалар қонуний никоҳдан ўтмаган бўлсалар-да, уларни шаръий никоҳлаб диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузганлиги аниқланган.
Суд мажлисида сўроқ қилинган ҳуқуқбузар М. Бобожонов айбига иқрор бўлмасдан, ҳақиқатдан ҳам З. Каримов қўшниси бўлишини, 2020 йил 12 январь куни қўшниси З. Каримовни тўйи бўлганлиги, унинг тўйида эрталабки маросимларида қатнашганлиги, лекин уни шаръий никоҳламаганлиги, ҳозирда нима сабабга кўра бу кўринишда ариза борлигини тушунмаётганлиги, муқаддам жиноий жавобгарликка тортилган вақтида ҳам унга нисбатан туҳмат бўлганлиги, ҳозир ҳам туҳмат бўлаётганлиги, ариза ёзган шахс кирилл алифбосини билмаслиги, фақат лотин алифбосида ҳусни-хат ёзишини, бу ҳолатларни кимдир унга нисбатан уюштирган деган фикрда эканлиги, бундан олдин ҳам шу каби ҳолатга дуч келганлиги, шаръий никоҳ ўқишда 2 нафар эркак ва бир нафар аёл гувоҳ бўлсагина шаръий никоҳ ўқилган деб ҳисобланиши, бу ҳолатда у томонидан шаръий никоҳ ўқилмаганлиги, юқоридагиларни инобатга олган ҳолда адолатли қарор чиқишини сўраб кўрсатма берди.
Суд мажлисида сўроқ қилинган гувоҳ З. Каримов ҳақиқатдан ҳам М. Бобожонов қўшниси эканлиги, 2020 йил 12 январь куни қонуний никоҳлари бекор қилинмасдан туриб, Марҳамат тумани, Гар Гар кўчасида яшовчи З. Ойпўлатовага шаръий никоҳ асосида уйланганлиги, ушбу никоҳни қўшниси М. Бобожонов Марҳамат тумани, Гар Гар кўчасида жойлашган З. Ойпўлатованинг яшаш хонадонида ўқиганлиги, буни эса онаси қўшниси М. Бобожоновдан илтимос қилганлиги, дастлаб М. Бобожонов рад этганлиги, онаси такрор ва такрор илтимос қилганлиги учун ҳам М. Бобожонов никоҳларини ўқиб қўйганлиги, никоҳ ўқиш маросимига укасига тегишли транспорт воситасида М. Бобожонов ва укасини аёли билан биргаликда келин бўлмиш З. Ойпулатованинг яшаш хонадонига борганлиги, никоҳ ўқиш маросимида улардан бошқа келин З. Ойпулатованинг опаси ҳам иштирок этганлиги, М. Бобожоновни ёшлигидан таниши, унга нисбатан ҳеч қандай шахсий ёки оилавий адовати йўқлиги, М. Бобожоновни бу ҳуқуқбузарликни содир этишига қайсидир маънода ўзини айби борлигини ҳис қилган ҳолда М. Бобожоновга нисбатан енгилроқ жарима жазоси қўлланилса М. Бобожонов номидан ўзи жарима жазосини тўлаб келишини, бўлиб ўтган воқеа ва ҳати-ҳаракатлар ҳуқуқбузарлик эканлигини билмаганлиги, биринчи турмуш ўртоғи розилик берганлиги учун ҳам иккинчи маротаба турмуш қурганлиги ҳақида кўрсатма берди.
Суд томонларнинг розилиги билан гувоҳ Б. Каримовнинг тушунтириш хатини ўқиб эшиттирди. Унга кўра З. Каримов туғишган укаси эканлиги, биринчи турмуш ўртоғи М. Каримова билан оилавий келишмовчилик сабаб ҳаёти ўхшамаганлиги ва ажрашиб кетганлиги, лекин қонуний никоҳи бекор қилинмаганлиги, укаси З. Каримов ва келини З. Ойпулатова ўртасидаги шаръий никоҳни қўшниси М. Бобожонов томонидан онасини илтимосига кўра ўқиб қўйилганлиги, никоҳ маросимида келини М. Каримова иштирок этганлигини кўрсатиб ўтган.
Суд, ҳуқуқбузар М. Бобожонов айбига иқрор бўлмасдан берган кўрсатмаси, М. Зиёмованинг аризаси, гувоҳ З. Каримовнинг кўрсатуви ва тушунтириш ҳати, маъмурий баённома, Марҳамат туман Ички ишлар бўлими бошлиғининг жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ва маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақидаги қарори, гувоҳларнинг тушунтириш хатлари ҳамда ишдаги бошқа аҳамиятга эга бўлган ҳужжатларида тўпланган далиллар йиғиндиси билан тўлиқ ўз тасдиғини топган деб ҳисоблаган.
Суд, ҳуқуқбузар М. Бобожоновнинг ҳаракатини Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 201-моддаси 2-қисмида назарда тутилган диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузганликда ифодаланган ҳуқуқбузарлик аломати билан тўғри малакаланган деб ҳисоблаган.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 22-моддасига мувофиқ маъмурий жазо жавобгарликка тортиш чораси бўлиб, у маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни қонунларга риоя этиш ва уларни хурмат қилиш руҳида тарбиялаш, шунингдек ана шу ҳуқуқбузарнинг ўзи томонидан ҳам, бошқа шахслар томонидан ҳам янги ҳуқуқбузарлик содир этилишини олдини олиш мақсадида қўлланилиши кўрсатилган.
Суд, ҳуқуқбузар М. Бобожоновга нисбатан жазо тайинлашда, унинг шахсини, ҳуқуқбузарлик хусусиятини, содир қилинган ҳуқуқбузарликнинг сабабини ва оқибатини, тайинланган жазони ўзи ва бошқа фуқаролар учун тарбиявий аҳамиятини назарда тутиб, шунингдек бу каби ҳуқуқбузарлик Андижон вилояти ҳудудида ёмон иллат каби тобора кўпайиб бораётганлиги, бунинг оқибатида аёллар ҳуқуқини поймол бўлаётганлиги, фарзандлар отасиз ҳаёт кечираётганлиги, алимент пулларини ўз вақтида тўланмаётганлиги, энг ачинарлиси бир ҳуқуқбузарлик иккинчи ҳуқуқбузарликни содир этилишига сабаб бўлаётганлиги, бу ёмон иллатга қарши қонуний курашиш лозимлигини, тушунтириш ва тарғибот ишларини кучайтирган ҳолда олиб бориш лозимлигини даврнинг ўзи кўрсатаётганлигини инобатга олган ҳолда унга нисбатан у айбланган модда санкциясида кўрсатилган маъмурий қамоқ жазоси тайинлашни лозим топган.
Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 24-моддаси учинчи қисмига асосан: муайян ҳолатлар, маъмурий қамоққа олинган шахснинг моддий аҳволи ва шахси ҳисобга олинган холда, у махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатлар ундирилишидан туман (шаҳар) суди маъмурий ишлар бўйича судъясининг, фавқулодда ҳолат режими шароитларида эса, шунингдек ҳарбий комендантнинг ёки ички ишлар органи бошлиғининг қарорига кўра озод қилиниши мумкин деб кўрсатилган.
Андижон туман маъмурий судининг қарорига кўра, М. Бобожонов Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 201-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
М. Бобожонов маъмурий қамоқда бўлган кунлари учун ундирилиши лозим бўлган харажатларни тўлашдан озод қилинган.
Тайинланган маъмурий қамоқ муддати 2020 йил март ойининг 20 куни соат 16.35 дан бошлаб ҳисобланган.
Ушбу қарордан норози тарафлар қарор нусхасини олгандан сўнг икки ой муддат ичида шу суд орқали Андижон вилоят маъмурий судига кассация тартибида шикоят бериши, прокурор эса протест келтириши мумкинлиги маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш