ШАВКАТ АЛИҚУЛОВНИНГ МУРОЖААТИГА ОИД
2020 йил 21 март куни Facebook ижтимоий тармоғида фойдаланувчи Abdurakhmon Tashanovнинг саҳифасида эълон қилинган фуқаро Ш. Алиқуловнинг видеомурожжати юзасидан
Иш ҳужжатларига кўра, фуқаро Ш. Аликулов 2020 йил 21 февраль куни соат 01.00 лар атрофида Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси “Дауыт-ата” чегара божхона пости орқали Россия Федерациясидан Ўзбекистон Республикасига “Ласетти” русумли, давлат рақам белгиси 75 Q 450 BA бўлган автомашинасида божхона ходимларидан яшириб, умумий баҳоси 34 320 000 сўмлик 24 атамадаги ҳар хил парфюмерия буюмлари ва кийим-кечакларни ҳеч қандай ҳужжатларсиз декларацияда кўрсатмасдан олиб кириб келаётганида ушланган.
Суд мажлисида Ш. Аликулов айбини тан олиб, ўзининг ишсизлиги ҳамда оилавий шароитини эътиборга олиб, суддан енгил жазо тайинлашни сўраган.
Қўнғирот туман маъмурий судининг 2020 йил 16 март кунги қарорига кўра, Шавкат Алиқулов Ўзбекистон Республикаси МЖтК 227-19-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишда иқтисодий сиёсат чоралари ва бошқа чекловларни қўлланиш тартибига риоя қилмаслик) нинг 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, унга МЖтКнинг 33-моддаси (енгилроқ маъмурий жазо чорасининг қўлланилиши) қўлланилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари, яъни 223 000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Ашёвий далил тариқасида олинган, умумий баҳоси 34 300 000 сўмлик товарларни давлат фойдасига ўтказиш белгиланган.
Ушбу қарордан норози тарафлар қонунчиликда белгиланган тартибда шу суд орқали Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судига кассация тартибида шикоят бериши, прокурор эса протест келтириши мумкинлиги тушунтирилган.
Ҳозирги кунда, ушбу маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор устидан шикоят берилмагани ва протест келтирилмаганлиги маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш