БАДНАФСЛИК МАНСАБДОРНИНГ ЮЗИНИ ҚОРА ҚИЛДИ
Фазилат Сулаймонова (исм-шарифлар ўзгартирилди) оз эмас, кўп эмас — йигирма йилдан буён Хатирчи тумани «Янги қурилиш» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган умумий ўрта таълим мактабида котиба — иш юритувчи вазифасида дуппа-дуруст фаолият юритиб келаётганди.
2019 йилнинг 28 декабрида Халқ таълими вазирининг «Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумтаълим муассасалари ҳамда «Меҳрибонлик уйлари» бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув ёрдамчи ходимларнинг намунавий штатларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 406-сонли буйруғи чиқадию, Ф. Сулаймонованинг ҳаётида ҳаловатсиз кунлар бошланади.
Мактаб директори Болиқул Қўзиев Ф. Сулаймоновани ҳузурига чақириб, вазирликнинг мазкур буйруғи билан таништирди.
— Штат бирлиги тугатилиши муносабати билан сизни ишдан бўшатмасам бўлмайди, — деди у ўзини иложсиз, хокисор кўрсатиб.
Тўғриси, ёши бир жойга етганда, ишдан бўшаши Ф. Сулаймонованинг умуман хаёлига келмаганди. Шу боис, у директорнинг гапларини эшитиб, ҳангу-манг бўлиб қолди.
Қисқаси, мактаб директори Б. Қўзиев гўёки рисоладагидек иш тутди: котиба — иш юритувчи Ф. Сулаймоновага икки ойлик компенсация пули тўлаб, у билан тузилган меҳнат шартномаси 2020 йилнинг 1 мартидан бекор қилиниши тўғрисида огоҳлантириш хати берди ва уни имзолатиб, ишдан бўшатди.
Шу ўринда Халқ таълими вазирининг ўша 406-сонли буйруғидаги котиба — иш юритувчи штат бирлиги тугатилиши масаласига ойдинлик киритамиз. Аслида ушбу штат бирлиги вазифасининг номи кадрлар бўйича менежер вазифасига ўзгартирилган, холос. Бироқ вазирликдан кадрлар бўйича менежер штатининг малака талаблари юборилмаган. Муқаддам котиба — иш юритувчи мактаб директорлари томонидан ишга қабул қилинган. Гап шундаки, малака талаблари қўйилмаганлиги боис кадрлар бўйича менежерни ҳам ишга олиш мактаб директорининг ваколатига киради.
Кейинги воқеалар ривожидан маълум бўлишича, вазирликнинг буйруғи баҳона Б. Қўзиев бир нарсали бўлиб қолиш илинжида буткул тамагирлик йўлига ўтади. Ишдан бўшаб қолган Фазилатнинг турмуш ўртоғи О. Сулаймонов ҳам шу мактабда кимё ва биология фани ўқитувчиси эди. У март ойининг бошида, яъни Фазилат ишсиз қолган дастлабки кунларданоқ Б. Қўзиевга учрашади ва янги штат бирлиги — кадрлар бўйича менежер вазифасига турмуш ўртоғини ишга олишни илтимос қилади.
Қизиқ томони шундаки, тамагир кимса ўзининг ғараз ниятига етишиши учун баҳона топавераркан. Бир гал О. Сулаймоновга у «турмуш ўртоғингиз, биласиз, ўрта махсус маълумотга эга. Жорий этилаётган штатга олий маълумотли мутахассис ишга олинади», дейди.
Шунда О. Сулаймонов турмуш ўртоғи қўшни республикадаги Олий таълим муассасасида сиртдан таълим олаётгани, ҳозирда биринчи босқич талабаси эканлигини айтади. «Олий даргоҳда ўқиётгани тўғрисида маълумотнома олиб келиб берсак, кейин ишга оласизми?» — деб сўрайди.
Ҳақиқатан ҳам, март ойининг охирида О. Сулаймонов Б. Қўзиевга худди шундай маълумотномани келтириб беради.
— Сиз келтирган маълумотнома билан турмуш ўртоғингизни ишга олиб бўлмаскан, — дейди директор орадан уч-тўрт кун ўтгач, ўзини яна иложсиз кўрсатиб. — Таълим олишини Ўзбекистонга кўчириши керак экан.
— Ҳозир барча давлатларда коронавирус туфайли карантин, — жавоб қилади О. Сулаймонов. — Майли, карантиндан сўнг ўқишини Ўзбекистонга кўчирамиз. Унга қадар кадрлар бўйича менежер вазифасига ишга олинг.
О. Сулаймонов турмуш ўртоғига иш сўраб ҳар сафар илтимос қилганида, директор Б. Қўзиев бир гапни тўтиқушдек такрорлашдан чарчамаётганди: «Пул бермасангиз, ишингиз ҳал бўлмайди, турмуш ўртоғингизни ишга ололмайман».
Бир куни директор турмуш ўртоғини ишга тайинлашни сўраб ҳол-жонига қўймаётган О. Сулаймоновни халқ таълими бўлими кадрлар бўйича бош мутахассиси Ғ. Норматовнинг хонасига бошлаб боради.
Ғ. Норматовдан мактабнинг собиқ котиба — иш юритувчиси Ф. Сулаймоновани кадрлар бўйича менежер лавозимига ишга қабул қилиш тўғрисида тавсиянома ёзиб беришни сўрайди атайдан.
— Кадрлар бўйича менежер вазифасига ишга қабул қилиш мактаб директорининг ваколатида, — жавоб беради Ғ. Норматов. — Халқ таълими бўлими томонидан ходимларни мазкур вазифага ишга қабул қилиш учун тавсиянома ёки бирон-бир ҳужжат талаб қилинмайди.
Аслини олганда, вазирликнинг 406-сонли буйруғи чиққач, Б. Қўзиев мактабда котиба — иш юритувчи вазифасида ишлаган Ф. Сулаймоновани ишдан бўшатмасдан уни кадрлар бўйича менежер вазифасига ишга қўйиш тўғрисида буйруқ чиқариши керак эди. Аммо тамагирлик аталмиш шайтон васвасаси мактаб директорини турли баҳоналарни ўйлаб топиш ва уларни рўкач қилишга ундайверган кўринади.
Шу йилнинг 7 май куни О. Сулаймонов директорга турмуш ўртоғини ишга киритиш мақсадида такроран мурожаат қилади.
— 200 АҚШ доллари берсангиз, — дейди Б. Қўзиев уялмай-нетмай. — Ишингиз ҳал бўлади, буйруқни апрель ойидан чиқараман.
— Бунча пулим йўқ, — жавоб қилади нафаси ичига тушиб кетган О. Сулаймонов. — Инсоф қилинг.
— Пул бермасангиз, иложим йўқ, — гапида давом этади Б. Қўзиев. — Бир миллион икки юз минг сўмнинг ўзини олиб келинг, — дейди у. — Мен берган пулингизнинг икки юз минг сўмига туман халқ таълими бўлимидагиларга чой ичиришим керак.
Б. Қўзиевнинг пинак бузмаётгани О. Сулаймоновни оғир ҳолатга солиб қўйганди. Шу сабабли, у тамагир раҳбари билан ўрталарида бўлиб ўтган суҳбатни мобил телефонига ёзиб олади.
Шундан сўнг О. Сулаймонов телефонига ёзилган суҳбатни дискка кўчириб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора бошлиғи номига мактаб директорининг ноқонуний хатти-ҳаракатларига чек қўйишни ва ўтказиладиган тадбирда ўзининг шахсан иштирокини таъминлашни сўраб ариза ёзади. Шунга кўра, махсус кассадан 1 миллион 200 минг сўм миқдорида 5 000 сўмлик купюрадаги пуллар олиниб, кукун ёрдамида ишлов берилади ва «Пора 2020» ёзувлари ёзилади. Мазкур пул ва махсус овоз ёзиш диктофони тақдим қилинган О. Сулаймонов тезкор ходимлар кузатувида мактаб директори Б. Қўзиевга қўнғироқ қилиб, қаерда эканлигини сўрайди.
Хуллас, О. Сулаймонов 8 май куни кечга яқин мактабда Б. Қўзиев билан учрашади, директорнинг хизмат хонасида «Мана сиз сўраган 1 миллион 200 минг сўм пул, энди турмуш ўртоғимни ишга оласизми?» — деб сўрайди. Шунда директор «Бўлди, муаммо бўлмайди, ўзим 25 апрелдан буйруғини чиқариб бераман», — дейди.
О. Сулаймонов директорнинг ҳузуридан чиққач, кўп ўтмай Б. Қўзиев инкор қилиб бўлмас ашёвий далиллар билан ушланади.
Тергов ва судда ҳаммаси кундай равшан тортди. Аслида Б. Қўзиев О. Сулаймоновдан пора тариқасида олган 1 миллион 200 минг сўмнинг ҳаммасини ўз эҳтиёжига ишлатмоқчи бўлган. Яна ҳам аниқроғи, унинг Ф. Сулаймоновани ишга тайинлашдаги тамагирлигидан халқ таълими бўлими мутасаддиларининг хабари бўлмаган.
Суд дастлабки тергов органи томонидан Б. Қўзиевнинг пора олиш, яъни давлат ташкилоти мансабдор шахсининг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора бераётган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши эвазига шахсан ўзи қонунга хилоф эканлигини била туриб, тамагирлик йўли билан моддий қимматликлар олишида ифодаланган жиноий ҳаракатларини Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан тўғри малакаланган деб ҳисоблади.
Аниқландики, судланувчи Б. Қўзиев айбига тўлиқ иқрор, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон. Булар жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар.
Бироқ жиноятни ғараз ва паст ниятда содир этганлиги Жиноят кодексининг 56-моддасида назарда тутилган жазони оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланади.
Суд Б. Қўзиевга нисбатан жазо тайинлашда Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги қарори 3-бандидаги «Жиноят кодексининг 8, 54-моддалари мазмунига кўра, жазо адолатли бўлиши, ҳар бир ҳолатда индивидуал тайинланиши, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига, айбдорнинг шахсига, шунингдек, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак», деган раҳбарий тушунтиришлардан келиб чиқди. Шунингдек, халқ депутатлари Навоий вилояти кенгаши депутатининг «Б. Қўзиевга қонуний енгиллик бериш ҳақида»ги илтимосномасини инобатга олди.
Суд судланувчи Болиқул Қўзиевни Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди. Унга нисбатан икки йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни халқ таълими соҳасида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан, икки йил олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Хулоса қилиб айтганда, нафс қутқусига берилиш одам боласига ҳеч қайси соҳада рўшнолик олиб келмайди. Аксинча, тузуккина умргузаронлик қилиб келаётган инсон шаънига қора доғ туширади.
Шундай экан, ҳалол ишлаб, одамлар орасида тоза виждон, самимий иззат-обрў билан яшаганга нима етсин.
Жаҳонгир КАРИМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Кармана тумани судининг раиси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист
Фикр қолдириш