БАНКРОТЛИК ЖАРАЁНИ ИҚТИСОДИЁТ ВА ХЎЖАЛИК ЮРИТУВЧИ СУБЪЕКТЛАР ФАОЛИЯТИНИ СОҒЛОМЛАШТИРИШДА МУҲИМ АҲАМИЯТГА ЭГА

Юртимизда санация, банкротлик каби ҳолатларга бозор муносабатларига хос бўлган ва муайян шароитларда юзага келадиган иқтисодий жараён сифатида қаралади.

Мамлакатимизда вужудга келган турли мулкий муносабатлар ва соғлом рақобат муҳити бу жараённинг юзага келиш омили сифатида намоён бўлмоқда. Шуни ҳам қайд этиш зарурки, ижтимоий-иқтисодий турмуш ва хўжалик юритувчи субъектлар фао­лия­ти ана шундай усуллар орқали соғломлаштириш йў­ли билан ривож топади.

«Санация» таомили судгача санация ва суд санацияси жараёнларини ўз ичига олади.

Суд санацияси — қарздор юридик шахсга нисбатан мо­лия­вий жиҳатдан соғломлаштириш ва унинг кредиторлар олдидаги қарзини узиш мақсадида, қарздорнинг ишларини бошқариш ваколатларини санация қилувчи бошқарувчига ўтказмаган ҳолда, иқтисодий суд томонидан қўлланиладиган тўлов қобилиятини тиклаш таомилидир.

Суд санацияси кўпи билан йигирма тўрт ой муддатга жорий қилинади. Ушбу муддат ва ташқи бошқарувнинг жами муддати ўттиз ойдан ошмаслиги керак.

Судгача санация тартиби эса, иқтисодий судлар томонидан банкротлик тўғрисидаги иш қўзғатилмасдан олдин амалга оширилади. Бу ҳолат иқтисодий судлар томонидан қарздорнинг тўлаш имкониятларини тиклаш ҳамда кредиторлар олдидаги қарзини қоплаш мақсадида жорий этилади.

«Банкротлик тўғрисида»ги қонуннинг 32-моддасида санациянинг судгача чора-тадбирлари кўрсатилган. Ушбу таомилни суд санацияси жараёнида ҳам қўлласа бўлади.

Тўлов қобилиятини тиклаш таомили — иқтисодий суд томонидан қарздорга нисбатан қўлланиладиган, суд санация­си ёки ташқи бошқарувни ўз ичига ола­диган ҳамда қарздорнинг тўлов қо­билиятини тиклашга қаратилган ташкилий-хўжалик ва бошқа чора-тадбирлардан иборат.

Қарздорнинг пул мажбуриятлари бў­йича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ёки мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир эмаслиги ҳо­лати ҳам кузатилади. Тўлов қо­билиятини тиклаш таомили тегишли мажбуриятлар ёки тўлов мажбуриятлари юзага келган кундан эътиборан қарз­дор тарафидан — уч ой, корхона ҳамда унга тенглаштирилган юридик шахслар томонидан эса, олти ой ичида бажарилмаган тақдирда, қўлланилади.

Агар юридик шахсга нисбатан қарз миқдори жами талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида уч юз бараварини, қарздор корхона ҳамда унга тенглаштирилган субъект­га нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг камида беш минг бараварини, қарздор якка тартибдаги тадбиркорга ёки ушбу мақомни йўқотган жисмоний шахсга нисбатан эса, базавий ҳисоблаш миқдорининг камида йигирма бараварини ташкил этса, бу ҳол қарз­дорнинг банкротлик аломати ҳисобланади.

Қарздорнинг ўзи, кредитор ва прокурор пул мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Корхона раҳбари ёки муассаса иштирокчисига ёхуд мулк­дорга нисбатан корхонани банкротликка олиб келган ҳаракатлари ё ҳаракатсизлиги учун жиноят иши қўзғатилган тақдирда, банкротлик тўғрисидаги ишни юритиш жиноят ишлари бўйича суд томонидан мазкур масала юзасидан қарор қабул қилингунига қадар тўхтатиб турилади.

Қарздорнинг бошқарув ор­гани, шу жумладан, унинг раҳбари қарздорнинг фаолиятини юритиш ҳамда унинг мол-мулкини тасарруф қилиш ваколатидан озод этилмайди. У санация қилувчи бош­қа­рувчи раҳбарлигида ўз функция­ларини бажаришда давом этади.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 100-моддасида солиқларни тў­лашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш шартлари белгиланган. Унга кўра, со­лиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти манфаатдор шахс солиқни бир йўла тўлаши оқибатида унинг ночорлиги, яъни банкротлиги аломатлари пайдо бўлиши хавфи юзага келганида берилиши мумкин.

Айнан шундай ҳолат судлов фаолиятида ҳам кузатилди. Урганч туман давлат солиқ инспекцияси ўтган йили иқтисодий судга ариза билан мурожаат қилиб, тумандаги «Аҳмад бобо» хусусий корхонаси фаолият кўрсатмаётгани ва кредиторлик қарзини тўлаш имкони йўқлиги аниқланганлиги сабабли, уни банкрот деб топишни ва тугатиш жараёнини бошлашни сўради.

Маълум бўлишича, дастлабки бос­қич суди ўтган йили 26 февралда қарздор «Аҳмад бо­бо» хусусий корхонасини банкрот деб топган. Суднинг ҳал қилув қарори асосида корхонани тугатиш бўйича иш очилган.

Қарздор эса, бундан норози бўлиб, судга апелляция шикояти йўллаган. У ушбу қа­рорни бекор қилиш ҳамда даъвони рад этишни сўраган.

Маълум бўлишича, туман давлат со­лиқ инспекцияси қарздорнинг мо­лия­вий аҳволини ўрганиш жараёнида, унинг бюджет ва ундан ташқари мақсадли жамғармалардан 1.1 миллиард сўм қарзи мавжуд эканлигини аниқлаган.

Қарздор уч ой ва ундан ортиқ муддатдан буён ушбу қарзни тўлай олмагани боис, солиқ органи корхонани банкрот деб топиш юзасидан судга мурожаат қилган.

Шу муносабат билан биринчи инс­танция судининг ажрими бўйича солиқ инспекциясининг аризаси иш юритувга қабул қилинган. Қарздорга нисбатан банкротлик иши қўзғатилиб, кузатув таомили жорий этилган, корхонага эса, муваққат бошқарувчи та­йинланган.

Бироқ ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, қарздорнинг номида анча-мунча махсус техника воситалари, қимматли қоғозлар, кўчмас мулклар мавжуд бўлган.

Шундай бир пайтда унга қарашли 2,2 миллиард сўмлик асосий воситалар, яъ­ни мулклар хатланмаган, қарзни ана шу ресурслар ҳисобига ундириш чоралари кўрилмаган ҳолда судга мурожаат қилинган.

Пировардида бошқа моддий воситаларнинг мавжудлиги ҳам аниқланди.

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат корхонаси туман филиалининг 2018 йил 10 октябрдаги маъ­лумотномасида мазкур хусусий корхонанинг 15 минг квадрат метр саҳнли умумий ер, 1 минг 323 квадрат метр ҳажмли қурилиш ости майдонига эга савдо мажмуаси мавжудлиги маълум бўлди. Маълумотномада ушбу объект 2010 йил 25 мартдаги 370-сонли реестр билан давлат рўйхатига олингани баён қилинган.

Шунингдек, «Давтехназорат» инспекциясининг туман идораси томонидан берилган маълумотномада «Аҳмад бобо» хусусий корхонаси номида махсус техника воситалари мавжудлиги ҳам қайд этилган.

Бундан ташқари Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийси давлат кор­хонаси томонидан берилган маълумотномада «Аҳмад бобо» хусусий корхонаси номида «Қишлоққурилишбанк»­нинг номинал қиймати 119,25 сўмлик од­дий акциялари мавжудлиги ҳам аниқланган. Туман давлат со­лиқ инспекцияси томонидан 2019 йил 1 январда тақ­дим қилинган маълумотномада со­лиқ бўйича қолдиқ қарздорлик ҳажми 735,9 миллион сўмни ташкил этиши кўрсатилган.

Ишни апелляция инстан­ция­сида кў­риш жараёнида қарздорнинг юқорида қайд этилган кўчар ва кўчмас мол-мулк­лари ҳамда дебиторлик қарздорлиги, қимматли қо­ғоз­лари мавжудлиги ойдинлашди.

Таъкидлаш керакки, Фуқаролик кодексининг 57-моддасида тижоратчи ташкилот бўл­ган юридик шахс, давлат корхонасидан ташқари, шунингдек, матлубот кооперативи ёки ижтимоий фонд шаклида иш олиб бораётган юридик шахснинг кредиторлар талабларини қондиришга қурби етмаса, суднинг қарорига мувофиқ, у ночор, яъни банкрот деб топилиши кўрсатилган. Юридик шахснинг банкрот деб ҳисобланиши унинг тугатилишига олиб келади.

Аммо қарздорнинг ўз зиммасидаги мажбуриятни адо этиш қобилияти мавжудлиги солиқ органи ва биринчи инс­танция суди томонидан инобатга олинмаган. Солиқ органи ва давлат ижрочиси кредитор сифатида «Аҳмад бобо» хусусий корхонасидан қарзни мажбурий ундириш чораларини кўрмаган. Мажбурий ижро бюроси туман бўлими ҳам бу борада хатоликка йўл қўйган.

Хусусан, «Суд органлари ва бошқа ор­­­ганлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 40-моддасида кўр­сатилган асослар бўйича ундирувни амалга ошириш мумкин бўлмаган тақдирда, бюджетга ҳамда давлат мақсадли фондларига солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича боқиманда қарздорликни ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатини судга ёки бош­қа органга қайтариш чоралари кўрилмаган.

Ишда эса, ижро бўғинининг ишни ўз иш юритувига қабул қилганига оид қарори ва ижро варақасини бошқарувчига жўнатиш тўғрисидаги ёзишмаси мавжуд, холос.

Шунга кўра, юқори босқич суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, қарздорни банкрот деб топиш ҳақидаги талабни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилди.

Бутун дунёда, жумладан, юртимизда ҳам тождор вирусга қар­ши кураш тинимсиз давом этаётган ҳозирги мураккаб паллада давлатимиз раҳбари хал­қимиз саломатлигини ишонч­ли тарзда муҳофаза қи­лиш, айни пайт­да фуқароларимиз, шунингдек, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари йўлида барча чора-тадбирларни кўраяпти.

Бу борада, жумладан, Президентимизнинг 2020 йил 19 март­да қабул қилинган «Короновирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони муҳим аҳамиятга эгадир.

Фармоннинг 15-бандига мувофиқ, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш учун киритилган чеклов чоралари туфайли молиявий қийинчиликларга дуч келган корхоналарга нисбатан банкротлик тартиб-таомилларини қўллаш ва уларни банкрот деб эълон қилишга 2020 йил 1 октябргача бўлган муддатда мораторий жорий этилди.

Шу билан бирга, мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказилиши лозим бўлган хўжалик юритувчи субъектларни 2019 йил якунлари бўйича аудиторлик текширувидан ўтказиш муддати ҳам ана шу муддатгача узайтирилади.

Бошқача айтганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармони ўз фаолиятини амалга ошириш имкониятига эга бўлмай қол­ган корхоналарни ҳам суяб оёққа турғазиш ва ишини давом эттириш учун берилган яна бир катта имтиёз ва вақтида кўрсатилган муҳим имкониятдир.

Пировард ният эса, мамлакатимиз мус­тақиллигини янада мустаҳкамлаш, иқтисодиёт даражасини равнақ топаётган давлатлар қаторига етказиш, айниқса, тадбиркорлик субъектлари иши­­ни фаол қўллаб-қувватлаш, уларни моддий ва молиявий жиҳатдан соғломлаштириш ҳамда халқаро муносабатларда рақобатбардош субъект сифатида намоён этишдек олижаноб ниятларнинг амалдаги ижобатини таъминлашдан иборат.

Нилуфар Аллаберганова,

Урганч туманлараро

иқтисодий судининг раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: