Олий суд томонидан судларда амалга ошириладиган тўловларни ҳисобга олиш имконини берувчи ягона электрон тўлов тизими (billing.sud.uz) ишлаб чиқилди амалиётга жорий этилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Жахон банки ва халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик хисоботида Ўзбекистон рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4160-сон Қарорида контрактлар ижросини таъминлаш борасида комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш белгилаб қўйилган.
Хусусан, Қарорда жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судларда, маъмурий ва иқтисодий судларда фуқаролар томонидан амалга ошириладиган барча тўловларни, шу жумладан, давлат божини ҳисобга олиш ва тўлашнинг ягона электрон тизимини жорий этиш зарурлиги белгиланган.
Олий суд томонидан судларда фуқаролар томонидан амалга ошириладиган тўловларни ҳисобга олиш имконини берувчи ягона электрон тўлов тизими (billing.sud.uz) ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди.
Бунинг натижасида фуқароларга бир қатор қулайликлар яратилди. Жумладан:
- энди судга мурожаат қилганлик учун тўловларни амалга оширишда ҳисоб рақамлари қўлда тўлдирилмайди, аксинча, автоматик равишда тайёр ҳолга келтирилган тўлов ҳужжати асосида амалга оширилади;
- амалга оширилган тўлов учун банк томонидан тўлов амалга оширилганлиги ҳақида алоҳида тасдиқ талаб этилмайди;
- тўловлар исталган усулда электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилиши мумкин.
Энг асосийси, энди судларда тўловлар Олий суднинг ягона электрон тўлов тизими орқали шакллантириладиган махсус тўлов квитанциялари асосида амалга оширилади.
Бунинг учун Олий суднинг www.sud.uz расмий веб-сайтининг бош сахифасида жойланггирилган “Электрон тўлов тизими” рукнига ўтилади.
Ушбу саҳифадан махсус тўлов квитанциясини олиш учун “Янги квитанция яратиш” тугмаси танланади.
Шундан сўнг тегишли маълумотлар тўлдирилади ва “Тўловга буюртма бериш” тугмаси орқали квитанция автоматик равишда шакллантирилади.
Шакллантирилган тўлов квитанцияси PDF форматида юклаб олинади хамда чоп этилади.
Шу ернинг ўзида амалга оширилган тўлов ҳолатини хам текшириб олиш мумкин.
Мазкур тизим фуқаролар ҳамда тадбиркорларга судга мурожаат қилишда амалга оширилиши лозим бўлган тўловларнинг тезкорлиги ва аниклигини таъминлашга хизмат қилади.
Фикр қолдириш