СУД БИНОЛАРИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ
Куни кеча иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судлари янги бинолари фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан тантанали тадбир ўтказилди.
Тадбирда Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти директори Б.Тешабоев, Сурхондарё вилоят ва Шеробод туманлараро (фуқаролик ва иқтисодий) судларининг раислари, судъялар ва суд ходимлари, туман ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари, маҳалла фаоллари, қурувчилар иштирок этди.
Олий суд раиси К.Камилов видеоконференцалоқа орқали тадбир иштирокчиларини қутлаб, бугунги кунда судларга берилаётган эътибор алоҳида тўхталиб ўтди.
Тадбирда Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти директори Б.Тешабоев суд биноларини қисқа муддатда қуриб берган қурувчиларга эсдалик совғаларини топширди.
Шунингдек, тадбирни онлайн кузатган фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилоят, Шаҳрисабз, Ромитон ва Миробод туманлараро суд раислари ҳам ҳамкасбларини янги бино билан табриклашди.
Тадбир қатнашчилари янги суд биносида яратилган қулайлик ва шароитлар билан танишди.
Айтиш жоизки, бу ерда алоҳида фуқароларни қабул қилиш хоналари, кенг ва ёруғ кутиш заллари, она-бола ҳамда тиббиёт хонаси, замонавий видеоконференцалоқа тизими орқали суд жарёнларини онлайн кўриш хонаси, адвокат, прокурор хоналари, суд заллари, мажлислар зали, замонавий локал алоқа тармоғи ва оптик толага уланган сервер хоналари ўрин олган.
Олий суд Матбуот хизмати
Фикр қолдириш