БИР ҲОВЛИ-ЖОЙ НИЗОСИ ЁХУД ҚЎЛДАН-ҚЎЛГА ЎТГАН МУЛК МОЖАРОСИ ҲАҚИДА
Бу ҳаётда амалдаги тартиб-қоидаларга қатъий риоя этган ҳолда уй-жой қурган киши, ҳеч шубҳасиз, ўз меҳнатининг самарасини кўради, янги уйида оила аъзолари билан роҳат-фароғатда яшайди. Бошқача айтганда, ҳаётда қонунни яхши билган, унинг меъёрларига тўлиқ амал қилган киши ҳеч қачон янглишмайди.
Бунинг акси бўлган — қонунни четлаб ўтишга уриниш, ўзганинг мулкини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳеч қачон беиз кетмайди.
Буни қуйидаги ҳаётий мисол ҳам тасдқилайди.
Гап шундаки, Шаҳрисабз тумани собиқ ижроқўмининг 1990 йил 12 октябрдаги қарорига кўра, собиқ Гулистон жамоа хўжалиги ҳудудидан Шароф Пирматовга (исм-шарифлар ўзгартирилган) уй-жой қуриш учун 0.06 га ер ажратилади.
Ш. Пирматов ўзининг қонуний ер участкасига эга бўлгач, бу ерда уй-жой қуришга киришади. Аммо орадан кўп ўтмай Ш. Пирматов хизмат юзасидан қўшни вилоятга ишга ўтказилади. Шу боис у оиласи билан кўчиб кетаркан, уй-жойни вақтинчалик яшаб туриш учун таниши Бахтиёр Файзиевга қолдиради.
Аммо орадан бир неча йил ўтгач, Б. Файзиевнинг кўнглида ғаразли ният уйғонади. У қандай йўл билан бўлмасин уй-жойни ўз номига расмийлаштириб олиш пайига тушади.
Кейинчалик аниқланишича, Шаҳрисабз тумани «Ермулккадастр» хизмати томонидан 2014 йил 25 мартда айни пайтдаги Шаҳрисабз тумани, Зиёкор маҳалла фуқаролар йиғини «Обод турмуш» кўчасида жойлашган ушбу уй-жойга нисбатан фуқаро Б. Файзиевнинг номига фойдаланувчи сифатида кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилади.
Қисқаси, ноқонуний йўл билан кадастр ҳужжатларини ўз номига расмийлаштиришга эришган Б. Файзиев Шаҳрисабз туман ҳокимининг 2010 йил 27 июлдаги Х-1335/7 сонли якка тартибда уй-жой қуриш учун ер ажратиш тўғрисидаги қарори, турар жой, бино иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқини бериш ҳақида тузилган ишчи гуруҳнинг далолатномаси, шунингдек, туман ҳокимига берган аризаси асос қилиниб, ушбу уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқини белгилаб олади.
Шундан сўнг «иш»нинг силлиқ битганидан қувонган Б. Файзиев ими-жимида Шаҳрисабз шаҳар 2-сонли Давлат нотариал идораси томонидан 2018-йил 7-февралда расмийлаштирилган ва реестрга № 298 рақам билан қайд этилган уй-жой олди-сотди шартномасига кўра, ушбу уй-жойни фуқаро Дилором Қодировага сотиб юборади.
Буни қарангки, Д. Қодирова ҳам ўз навбатида, айнан Шаҳрисабз шаҳар 2-сонли Давлат нотариал идораси орқали ўз номига расмийлаштирилган мазкур уй-жойни Шавкат Алиқуловга пуллайди.
Халқимизда: «Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир», деган нақл бор. Ушбу ибратомуз ҳикмат айнан Б. Файзиев ва унинг ноғорасига ўйнаган кимсаларга нисбатан айтилган бўлса, ажаб эмас. Боиси, Б. Файзиев бу уй-жойга лоақал биронта ғишт қўймаган бўлса-да, ўзганинг мулкига нисбатан «даъво» қилди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, у ўзига билдирилган ишончни топтаб, омонатга хиёнат қилди. Бу орада адолатни қарор топтириш учун ҳовли-жойнинг ҳақиқий эгаси Ш. Нурматов мутасадди идоралар ва судга йиллаб қатнаб, овора-ю сарсон бўлди.
Охир-оқибат Қашқадарё вилояти маъмурий суди апелляция инстанциясида ушбу низо адолатли якун топди.
Узоқ вақт давом этган суд жараёнида Б. Файзиев сохта ҳужжатлар ва қарорларни рўкач қилиб, сувдан қуруқ чиқишга, ўзини оқлашга қанчалик ҳаракат қилмасин, барибир, фойдаси бўлмади.
Бинобарин, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 2-қисмида «суд устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёҳуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонун ҳужжатларига зид эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқласа, қарорни ёки унинг айрим қисмларини ҳақиқий эмас ёҳуд (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади», дея қайд этилган.
Судлов ҳайъати қонуннинг ушбу талабидан келиб чиқиб, Касби тумани маъмурий судининг 2020 йил 16 январдаги ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳамда даъвогар Ш. Нурматовнинг Шаҳрисабз тумани ҳокимининг 2017 йил 28 июндаги Х 2217/06 сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш хусусидаги даъво аризасини қаноатлантиришни лозим топди.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқадиган хулоса шундан иборатки, ноқонуний қилмиш ҳеч қачон изсиз кетмайди. Шундай экан, қонунни ҳурмат қилиш, белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилиш барчага бирдек тегишлидир.
Зеро, адолат мезони ҳаётий ҳақиқат эканлигини ҳеч қачон унутмаслик керак.
Ойбек Бекназаров,
Қашқадарё вилояти
маъмурий судининг судьяси,
Абдунаби Бобоёров,
журналист
Фикр қолдириш