АЛАМ ВА ЖАҲЛ ЖИНОИЙ ТАЖОВУЗ ЭШИГИНИ ОЧГАНИ ҲАҚИДА

Бу дунёда ҳар бир киши атрофга ибрат назари билан қараб, яхшиликдан ҳам, ёмонликдан ҳам сабоқ чиқариб яшаши керак. Тўғри йўлдан адашмаслик, алам ва жаҳлга берилиш жаҳолатга етаклашини, ҳар қандай вазиятда оғир, босиқ ва вазмин бўлиш, мулоҳаза юритиб, ақл билан иш тутиш фақат хайрли кечишини унутмаслиги керак.

Акс ҳолда инсон ўзига инъом­ этилган бир марталик умрни бахтли-саодатли кечириш имкониятини бой беради.

Ўтган йилнинг айни саратон кунларидан бири — 29 июнь куни Жиззах шаҳрида шифокорнинг жонига қасд қилингани ҳақида совуқ хабар тарқалганди.

Кўпчилик ўшанда икки кун аввал олийгоҳни битирган, келажакда ҳаётда ўз ўрнини топиши, жамиятга наф келтириши лозим бўлган йигирма беш ёшли йигитнинг оғир жиноятга қўл урганига афсус ва ачиниш билан қараган, ҳатто уни қоралаганди.

Жонига тажовуз қилинган Х. Хушбоқов (исм-шарифлар ўзгартирилди) қўли енгил олий тоифали болалар хирурги эди. Унинг хаёлига ўзи­га нисбатан кимдир тажовуз қилиши мумкинлиги ҳа­қи­даги фикр ҳеч қачон келмаганди.

Лекин ҳаёт экан-да, одам ўзи кутмаган ишлар бўлиб ту­ради. Шундай қилиб жабрланган шифокор Х. Хушбоқовни кўкрак қафасидаги кўплаб жароҳатлар билан ўта оғир аҳ­волда РШТЁИМнинг Жиззах филиалига олиб келишди.

Шифокорлар беморнинг танасидаги жароҳатларни кўздан кечирганларида, кўк­рак деворининг чап томонида иккита, ўнг томонида битта тан жароҳати аниқ кўриниб турарди. Чап кўкрак томондаги жароҳатлардан тинимсиз қон сизиб чиқаётганди. Беморнинг қон босими тушиб кетган, умумий аҳ­­­воли ўта оғир эди. У шошилинч равишда операция қи­линди.

Операция вақтида қорин бўшлиғидаги барча соҳаларга қон қуйилгани аниқланди. Бу эса, беморнинг аҳволини тобора оғирлаштираётганди.

Қуйилган қон тозалаб олингач, қовурғалараро артериядан босим остида қон шитоб билан кетаётганлиги маълум бўлди. Жароҳатлар тикиб боғ­лангач, қон кетиши тўх­та­ди. Бемор кўкрак деворининг чап томонида ўнинчи қо­вурғанинг орасида иккита жароҳат бир-бирига яқин жойлашганди. Улардан қон оқиб турганлиги жароҳат ўткир тиғли, санчилиб кирувчи жисм билан етказилганидан дарак берарди.

Суд тиббий экспертизасининг 2019 йил 7 августдаги 2373-сонли хулосасида ҳам Х. Хушбоқовнинг танасидаги жароҳатлар оғирлик даражаси бўйича «ҳаёт учун хавф­ли бўлган оғир тан жароҳати» деб баҳоланиши кўр­сатил­ган.

Хўш, шифокорнинг ҳаётига нега тажовуз қилинди? Аҳволнинг бу қадар чуқурлашиб кетиш сабаблари нима билан изоҳланади?

Мазкур жиноят ишини судда кўриш чоғида ҳар бир ҳолат батафсил ўрганилди ва уларга ҳуқуқий баҳо берилди. Судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, суд тиббий экспертиза хулосалари ҳам­да жиноят ишидаги бошқа асосли далилларга таянилиб, қонунийлик ва адолатпарварлик тамойиллари қўл­ланилган ҳолда судланувчига нисбатан жазонинг муқаррарлиги таъминланди.

Шу ўринда воқеа тафсилотига тўхталадиган бўлсак, жабрланувчи Х. Хушбоқовнинг жонига қасд қилинганидан ўн кун олдин, аниқроғи, 19 июнь куни кечки пайт Сайфиддин би­қини санчиб оғриётганидан шикоят қилади.

Фарзанди оғриқдан шикоят қилгач, ота-она бехавотир ўтира оладими? Йўқ, кенжа ўғилдаги бе­­­зовталик оила бошлиғи На­­жим ака билан Назира опага ҳам кўчади. Улар ҳам хавотирга тушиб, безовта тортиб қолишади.

Шундан сўнг туман тиббиёт бирлашмасида текширувдан ўтгач, 14 ёшли Сайфиддиннинг жигарида «эхинакок» борлиги аниқланади. У жарроҳлик йўли билан олиб ташланиши керак, бу иш фақат вилоят касалхонасида амалга оширилади. Вилоят касалхонасига боришганида беморга вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига йўл­ланма беришади.

Тиббиёт марказида жарроҳлик бўлими мудири, врач Х. Хушбоқов Сайфиддинни қа­­­бул қилиб, тиббий текши­рув­­­лардан ўтказади, «эхинакок кистаси» ташхисини қўя­ди. Беморнинг қорин бўш­ли­ғи УТТ қилиниб, жигарнинг ўнг бўлаги еттинчи сигментида 80х80 миллиметр ўлчамда «эхинакок кистаси» борлиги аниқланади, ўсимтанинг ҳажми катта, ёрилиш хавфи борлиги сабаб режали жарроҳлик ўтказиш зарур, деган хулосага келади. Шу тариқа бемор С. Бобоевни операция­га тайёрлай бошлашади.

Шаҳобиддин укаси Сайфиддиннинг касалхонага тушиб қолганини телефон орқа­ли уйдагилардан эшитганди. Шу боис у 21 июнь куни диплом ишини ҳимоя қиладию Самарқанддан йўлга чиқади. Жиззах шаҳрига, тиббиёт марказига бориб, укасини кўради, у билан кечга қа­дар суҳбатлашиб ўтиради.

Шу тариқа ака ҳар куни Сайфиддиндан хабар олиб туради.

Бу пайтда шифокор Х. Хушбоқов бемор С. Бобоевга операция олдидан дори-дармонларни тайинлаган, шу каби ўпка рентгени, қон биохимия­си, педиатр, лор, реанимотологларнинг қўшимча кўригидан ўтишини ташкиллаштириб, операцияга ҳозирлик кўраётганди. 23 июнь куни РШТЁИМнинг Жиззах филиали шифокори Ғ. Файзуллаев Х. Хушбоқовга қўнғироқ қи­либ, Тошкент шаҳридаги урология марказидан доцент Ф. Келдиёров 26 июнь куни бир беморни операция қи­лиш учун Жиззах шаҳрига келаётгани, ушбу операция вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ўтказилиши режалаштирилганини айтади.

Бу хабарни эшитгач, Х. Хуш­­боқов «жигар эхинакок» ташхиси билан менинг ҳам бир беморим бор, шуни биргаликда операция қилишга ёрдам берадими?» — дея Ғ. Файзуллаевдан сўрайди. Ўз навбатида, Ғ. Файзуллаев доцент Ф. Келдиёровнинг телефон рақамини бериб, «ўзингиз гаплашиб кўринг» дейди.

Х. Хушбоқов дарров Ф. Келдиёровга қўнғироқ қилади ва вазиятни тушунтиради. Ф. Келдиёров беморни бирга операция қи­лишга розилик билдиради. Бу хабарни Х. Хушбоқов Сайфиддиннинг ота-онасига айтади.

Ўғлининг соғлиғидан хавотирга тушиб юрган Нажим ака билан Назира опа бу хабарни эшитгач, операцияга розилик беришади.

Операция соат ўнларда бошланиб, ўн иккию ўттизларда якунланади. Доцент Ф. Келдиёров, Х. Хушбоқов ва мазкур тиббиёт маркази жарроҳи С. Абдуллаевлар биргаликда беморни операция қилишади. Операция якунлангач, Х. Хушбоқов ташқарида кутиб турган беморнинг оила аъзолари ҳузурига чиқади.

— Операция яхши ўтди, ҳаммаси ортда қолди, — дейди шифокор. — Ҳозир беморнинг соғлиғи яхши, наркоз таъсирини олиш учун унга сут ва қатиқ лозим.

Кўп ўтмай Сайфиддин ўзига келади. Юзига термулиб ўтирган ота-онаси ва акаси Шаҳобиддин билан бироз суҳбатлашади. Шу куни беморнинг ёнида онаси қолади.

Эрталаб Шаҳобиддин касалхонага келганида Назира опанинг чиройи анча очиқ эди. Сайфиддин тунда яхши ухлабди, умуман безовта бўлмаган.

Лекин беморнинг яқинларининг қувончи узоққа чўзилмайди. Соат ўнларда тиббиёт маркази реанимация бў­лими ходимлари у ёқ-буёққа югуриб қолишади.

Шифокор Х. Хушбоқов ҳам шошилганича Сайфиддин ётган хонага кириб кетади.

Ярим соатлардан сўнг бемор ётган хонадан чиқиб келган Х. Хушбоқов Шаҳобиддинга «укангизнинг аҳволи оғирлашди, нафас олиши тўхтаб қоляпти, лекин биз уни сақлаб қолишнинг барча чораларини кўряпмиз. Сиз тезроқ отангизни чақиринг», — дейди.

Орадан кўп ўтмай етиб келган Нажим ака Шаҳобиддин билан Сайфиддин ётган хонага кирганда, бемор сунъий на­фас бериш аппаратига улаб қўйилган эди. Шифокорларнинг халақит бермасликни сўрашгани боис ота-ўғил чор-ночор хонадан чиқишади.

Орадан ўн дақиқалар ўтар-ўтмас ушбу марказда ишловчи реаниматор коридорга чи­қиб, совуқ хабарни етказади. Соат ўн бирдан ўн беш дақиқа ўтганда биологик ўлим қайд этилган, Сайфиддиннинг жо­ни узилганди.

Кутилмаганда рўй берган мусибатдан Нажим ака билан Шаҳобиддин буткул карахт тортиб қолишади. Шунда шифокорлардан бири Нажим акага Сайфиддинни патологик-анатомик текширувдан ўтказиш, врачлардан норозилик бўлса, шикоят қилишга ҳақлари бор­лигини айтади.

— Уни қайта ёрдириб, азоблаб нимага эришаман, — дейди куюнганича ота. — Яхшиси, олиб кетаман.

Ғамга ботган ота шу тариқа текширувдан бош тортади. Бу ҳақда тилхат ҳам ёзиб беради.

Эртаси куни Сайфиддиннинг жасадини дафн қилишади. Кейинги куни эрталаб соат тўққизга қадар худойисини ўтказишади. Шундан сўнг…

Зафаробод туман шифохонасида даволанаётган жияни билан янгасидан хабар олиш баҳонасида Шаҳобиддин уйдан чиқади. Унинг ошхонадан бир дона сопи малла рангли пичоқни олганини ҳеч ким сезмайди. У пичоқни атлас ма­толи белбоғининг ичига яшириб олади.

Бу мудҳиш жиноят рўй бериши арафасида Х. Хушбоқов тиббиёт марказининг учинчи қаватида жарроҳлик бўлимида ўз ишлари билан банд эди. Соат ўн-у ўттизларда ҳамширалардан бири уни марҳум Сайфиддин Бобоевнинг акаси сўраб келганини айтади. Би­рон гапи бордир-да, деган хаёлда эшикка чиққан Х. Хушбоқов холи гаплашиш учун Шаҳобиддинни қўшни хонага бошлаб киради.

Хонадаги суянчиқли ўриндиққа ўтиргач, Х. Хушбоқов Шаҳобиддинни ҳам ўтиришга таклиф қилади. «Ука, бандалик экан, дея у кўнгил сў­райди, дадангга ҳам ҳаммасини тушунтирдим».

— Нега бундай бўлди? — дея Шаҳобиддин алам билан сўрайди.

Ва кўз очиб юмгунча фурсатда белбоғидаги ҳалиги ошхона пичоғини қўлига олади-да, Х. Хушбоқовга ташланади, унинг қорнига бир неча марта зарба беради.

Х. Хушбоқов бундай бўлишини умуман кутмаган, хаёлига ҳам келтирмаган эди. У азбаройи оғриқнинг зўридан бақириб юборади.

Айни шу паллада қўшни хонада шифокор С. Абдуллаев ўтирганди. У Х. Хушбоқовнинг бақирган овозини эшитиб, шошиб эшикни очади. Бу пайтда Шаҳобиддин қўлидаги пичоқни елкаси баробар кўтариб турган, Х. Хушбоқов эса, ўриндиқни кўтариб, ўзи­ни ҳимоя қилаётганди.

С. Абдуллаев орқа томондан келиб, Шаҳобиддинни маҳкам қучоқлаб олади-да, уни ўн-ўн беш да­қиқа ушлаб туради, холос. Ш. Бобоев буткул қутуриб кетган эди, у важоҳат би­лан С. Абдуллаевни силтаб ташлайди-да, кўздан ғойиб бўлади.

Бу мудҳиш воқеанинг давоми эса, шундай кечади: шифокор С. Абдуллаев ўзининг енгил автомашинасида ҳамкасблари Т. Бегимқулов ва Қ. Толиповлар билан бирга буткул қонга бўялган Х. Хушбоқовни РШТЁИМнинг Жиззах филиалига олиб боришади.

Улар йўлда кета туриб, филиал қабул бўлимига пичоқланган беморни олиб бораётгани тўғ­рисида хабар беришган, қа­бул бўлимидагилар эшикда ғилдиракли замбилни тайёрлаб туришганди. Х. Хушбоқовнинг ўзи автомашинадан тушиб, ғилдиракли замбилга ётади ва беморни зудлик билан операция хонасига олиб кириб кетишади.

Алам изтироби, жаҳл жазаваси ва кучли ҳаяжон билан эс-ҳушини йўқотган кўйда Шаҳобиддин Х. Хушбоқовга кетма-кет пичоқ ураётган чоғда қўлидаги ўткир тиғ ўзининг оёғига ҳам тегиб кетган эди. Шунинг учун у оқсаётган, юришга қийналаётганди. У шу алфозда ҳовлига кириб келганида отаси «ҳа, нима бўл­ди?» — деб сўрайди. Ўғли индамай қўя қолади. Фақат юз-қўлини ювгач, ҳамон саволига жавоб кутиб ўтирган отасига Х. Хушбоқовни пичоқлаб қўйганини айтади. Худди шу пайт дарвозадан ички ишлар бўлими ходимлари кириб ке­лишади. Ш. Бобоев Х. Хушбоқовга тан жароҳати етказишда фойдаланган ошхона пичоғини ўз хоҳиши билан уларга топширади.

Судда Ш. Бобоев айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. Бундай оғир жиноий қилмишга кучли ҳаяжон таъсирида қўл ургани, укасининг ўлимини оғир қабул қилганини қайд этди. Бунинг устига, оиласи бошига мусибат тушганини билса-да, тиббиёт ходимлари кўнгил сўрамагани, жаноза ёки худойига келмагани Шаҳобиддиннинг кўн­г­­­лида алам ва ғазаб ўтини ёққан экан.

Операция яхши ўтган бўл­са-да, бир кундан сўнг тўсатдан Сайфиддиннинг вафот этиши сабаблари мавҳумлигича қолаётганди. Судда РШТЁИМнинг Жиззах филиали болалар бўлими шифокори Ш. Ортиқовнинг гувоҳлик беришича, бемор С. Бобоевнинг касаллик тарихини мутахассислар билан бирга ўр­ганиб чиқишди. Айтиш керакки, операция услубий жиҳатдан тўғри амалга оширилган, беморга наркоз бериш ва бош­қа даволаш муолажалари бўйича камчиликларга йўл қўйилмаган. Операциядан сўнг эса, беморга талаб даражасида тиббий ёрдам кўрсатилган.

Аммо касаллик тарихи ҳужжатларига асосланиб, беморнинг ўлими сабабларини аниқлаш имкони йўқ. Чунки бемор вафот этганидан сўнг паталогик-анатомик текширув ўтказилганида ўлим сабабларини аниқлаш мумкин эди. Айнан шундай текширув ўтказишга эса, марҳумнинг яқинлари рухсат бермаган.

Суд ҳайъати судланувчи Ш. Бобоевнинг жиноий ҳаракатлари тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми «г» банди билан тўғри малакаланган, деб ҳисоблади.

Судда жабрланувчи Х. Хушбоқов судланувчига нисбатан даъвоси йўқ эканини қайд этиб, унга нисбатан енгиллик беришни сўради. Суд Жи­ноят­ кодексининг 57-моддасига таянди. Ушбу моддада «Суд со­дир этилган жиноятнинг иж­тимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатларни эътиборга олиб, алоҳида ҳолларда ушбу кодекснинг Махсус қисми моддасида назарда тутилган мазкур жиноят учун белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ ёки шу моддада назарда тутилмаган бошқа енгилроқ турдаги жазони тайинлаш мумкин» деб кўрсатилган.

Қисқаси, содир этилган жиноятга жазонинг муқаррарлиги таъминланди.

Судланувчи Ш. Бобоев Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми «г» банди билан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум қи­лишга ҳукм қилинди.

Хулоса қилиб айтганда, алам ва жаҳл жиноий тажовуз эшигини очди, жаҳлга берилишнинг оқибати эса, аянчли якун топди.

 

 

Шуҳрат ХУДОЁРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Жиззах вилояти

судининг судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: