АНДИЖОНДА ОЛИЙ СУД РАИСИ САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗДИ

Мамлакатимизда демократик ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, одил судловга эришиш даражасини, суд иши юритувининг сифатини, аҳолининг суд идоралари билан боғлиқ муаммоларини ҳал этилишига кўмаклашиш, фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини юксалтириш мақсадида Олий суд раиси, судьялари, вилоят жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судлари раислари иштирокида ташкил этилаётган сайёр қабуллар ўз самарасини бераётир.

Андижон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов сайёр қабул ўтказди. Унда 145 нафар фуқаро турли масалалар юзасида мурожаат қилди.

Қабул давомида қилинган мурожаатларнинг кўп қисмини фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, суд қарорларидан норози бўлиш, белгиланган жазоларни енгиллаштириш, уй-жой, мерос масалалари ташкил этди. Жумладан, Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар, Асака, Хўжаобод, Қўрғонтепа, Олтинкўл, Пахтаобод, Избоскан туман судлари қарори билан турли муддатларга озодликдан марҳум этилган 39 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод этилди, 8 нафар шахсга нисбатан озодликдан озод этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди.

Қабул доирасида вилоятдаги Маъмурий судлар томонидан 16 нафар шахсга нисбатан қўзғатилган маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишлар сайёр суд мажлисида кўрилди. Мурожаатлар ижобий қаноатлантирилиб, маъмурий иш юритувидан тўхтатилди.

– Жорий йил февраль ойи учун ижтимоий тўловлар ва даромад солиғи бўйича ҳисоботларни ўз вақтида топширмаганлигим учун менга нисбатан туман маъмурий суди томонидан маъмурий-ҳуқуқбузарлик бўйича баённома тузилган эди, – дейди Олтинкўл туманидаги “Навоий” агрофирмаси раҳбари Жасурбек Ёқубов. – Йўл қўйилган хатони бартараф этган бўлсам-да, кўриб чиқиш муддати келмаганлиги сабабли менга нисбатан тузилган маъмурий-ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юритуви тугатилмаётган эди. Мурожаатимдан сўнг ушбу масала ижобий ҳал этилди.

Умуман, сайёр қабул давомида 20 та мурожаат бўйича ишлар тегишли судлов ҳайъатларига кўриб чиқиш учун юборилди, 20 та ариза Олий суд томонидан назорат тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинди. Умуман, мурожаатларнинг 58 таси жойида ижобий ҳал этилган бўлса, 87 та мурожаат бўйича фуқароларга ҳуқуқий тушунтириш, тавсия ва маслаҳатлар берилди.

ЎзА

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: