БАДНАФС АЁЛ ОЛТИНЧИ МАРТА ЖИНОЯТГА ҚЎЛ УРДИ

Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида яшовчи Инобат Алматова сўнгги 27 йил мобайнида кетма-кет оғир ва ўта оғир (фирибгарлик, босқинчилик, гиёҳванд моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказиш, ҳужжатларга шикаст етказиш ва яшириш, қасддан одам ўлдириш) жиноятларни содир этгани учун қонуний жазога тортилган, ҳатто ум­рининг салкам 15 йилини темир панжаралар ортида ўтказган бўлса-да, барибир жиноий қилмишга қўл уришдан ўзини тиёлмади. Оқибатда айни пайтда олтинчи жинояти учун жазо муддатини ўтамоқда.

Гап шундаки, И. Алматованинг 1996 йилда содир этган қотиллик ва босқинчилик жинояти орадан 21 йил ўтгач, ошкор бўлган ва жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2018 йил 28 майдаги ҳукмига мувофиқ, Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в”, “ж”, “и”, “п”, “р”-бандлари ва 164-моддаси 4-қисми «в»-бандига биноан, жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 13 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди. Фақат ушбу жазо 12 та амнистия актининг ҳар бирига асосан, тўртдан бир қисмига қисқартирилиб, айбдор суд залидан озод қилинганди. Аммо И. Алматова 6 ойлик «танаффус»дан ке­йин­ яна «эс­ки ҳунари» — фирибгарликка қўл урди.

Аниқроқ айтганда, 2018 йил 6 декабрь куни Инобат Алматова «Новза» метро бекати яқинидаги «Gold centre» савдо марказига боради.

— Қадимги Ёқутистон тошларидан ишланган тилла тақинчоқларни сотиб оламан. Ўғлим Америкада тилла тақинчоқлар билан савдо қилади. Мен сизлардан олиб, ўғлимга юбораман, — дейди у савдо марказидаги сотувчи ва харидорларга.

Албатта, бу гап Инобатнинг фи­риб тўри эди. Бироқ харидорлар орасида турган фуқаро Муҳаббат Назарова унинг ғаразли мақсадини қаёқдан билибди, дейсиз?! Шу боис соддадил М. Назарова И. Алматованинг гапларига ишонади.

— Менда сиз айтган тиллолардан бор. Керак бўлса, яна топиб беришим мумкин, — дейди Муҳаббат опа.

Буни қарангки, Инобат унга ўзини «Маҳфират» деб таништиради.

— Илгари гинеколог бўлиб ишлаганман. Энди пенсияга чиқиб, ўғлимнинг бизнесига ёр­дамлашаяпман, — дейди у.

Шу тариқа И. Алматова оғиз кўпиртириб, ўғли ва ўзини мақтай кетади. Ташқарига чиққанда эса, М. Назаровани илинтириш учун яна аврашда давом этади.

— Ўғлим «Олой» бозори ёнидаги «Капиталбанк» филиалига қирқ беш минг доллар юборган. Бу пулнинг ҳаммасига тилла тақинчоқлар сотиб олишимни та­йинлаган. Кў­риб турибман, истарали аёл экансиз. Шунинг учун сизга таклифим, мендан фойдаланиб қолинг.

Шундан сўнг улар телефон рақамларини алмашиб, эртаси куни «Олой» бозорида учрашишга келишиб олишади. 2018 йил 7 декабрь куни эса, Муҳаббат Назарова ундан олдинроқ бозорга етиб бориб, И. Алматовага қўнғироқ қилади. Аввалига Инобат гўшакни кў­тармайди.

Фақат соат 11:40 лар чамасида унинг ўзи нотаниш рақамдан қўнғироқ қилади-да, ҳозир етиб боришини айтади.

И. Алматова етиб келгач, М. Назаровадан «тилла тақинчоқларни олиб келдингизми?» — деб сўрайди.

— Ҳа, олиб келдим, — дейди М. Назарова сумкасида турган, нархи 13 500 АҚШ долларига тенг бўлган 4 жуфт бриллиант узук ва зиракларни кўр­сатиб. Шундан сўнг «Маҳфират» Муҳаббат опани Дилбар исмли аёлнинг дўконига бошлаб киради.

Аммо дўкон соҳибаси улар кутганидан анчагина паст нарх­ни айтди.

Шу боис, Муҳаббат Назарова бу нархга сотмаслигини билдириб, жаҳл қилганча ташқарига чиқиб кетади.

— Шошманг, Муҳаббатхон, — дейди Инобат унинг ортидан эргашиб.

Сўнг қўлидаги шарф­га ўралган нарсани М. Назарованинг қўлига тутқазди.

— Мана бу ўттиз минг доллар пул, ҳозиргина банкдан олдим. Сиз ушлаб туринг, мен тилла тақинчоқларингизни баҳолатиб чиқаман.

У шундай деб Муҳаббат опанинг тилла тақинчоқларини олиб, парфюмерия маҳсулотлари сотиладиган дўконга кириб кетади. Бироқ хадеганда чиқавермайди. Охир-оқибат тоқати тоқ бўлган М. Назарова ўша дўконга кириб, «Маҳ­фи­рат»­ни — И. Алматовани сўрайди. Лекин сотувчи аёл уни танимаслигини айтади. Шунда бояқиш аёл алданганини, фирибгар дўконнинг иккинчи эшигидан чиқиб кетганлигини билади. Шунинг учун шоша-пиша бир соат аввал қўнғироқ бўлган рақамга сим қоқади.

— Бу менинг рақамим. Маҳфират исмли аёлни танимайман. Фақат боя бир аёл қўнғироқ қилиш учун телефонимни олганди, — деб жавоб беради гўшакни кўтарган нотаниш йигит.

Шундан сўнг Муҳаббат Назарова дарҳол ички ишлар идорасига хабар беради. На­ти­жа­да Инобат Алматовага нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а»-банди билан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2019 йил 7 январдаги ажримига биноан эса, унга нисбатан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўл­ланилиб, қидирув эълон қилинади. Бузоқнинг югургани сомонхонагача, деганларидек, «қаҳрамон»имиз 2019 йил 10 апрель куни қўлга олинади.

Пировардида жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2019 йил 19 июндаги ҳукмига асосан, Жиноят кодексининг юқоридаги моддаси билан айбдор деб то­пи­либ, кодекснинг 50-моддаси 6-қисми ва 57-моддаси қўл­ланган ҳол­да 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Шу билан бирга, жабрланувчига етказилган 13 500 АҚШ доллари миқдоридаги зарар ҳукм эълон қилинган кундаги 1 АҚШ долларининг Ўзбекистон сўмига нисбатан қиймат — 8 314 сўм 85 тийинда ундириш белгиланди. Аммо И. Алматова бундан норози бўлиб, апелляция шикоятини берди.

Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а»-банди­га­ кўра, айбдорга энг кам ойлик иш ҳа­қининг тўрт юз бараваридан ол­ти юз бараваригача миқдорда жа­рима ёки саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қи­лиш жазоси тайинланади. Кодекснинг 50-моддаси 6-қисмида эса, «Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинаётган аёлларга ҳамда олтмиш ёшдан ошган эркакларга нисбатан тайинланаётган жазо муддати ушбу кодекснинг Махсус қисми тегишли моддасида назарда тутилган озодликдан маҳрум этиш энг кўп муддатининг учдан икки қисмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас» дея қайд этилган. Бинобарин, суд ко­декс­нинг мазкур моддасини инобатга олиб, қолаверса, 57-моддасини қўллаб, Махсус қисм моддасида назарда тутилганидан ҳам камроқ жазо тайинлаб тўғри хулосага келган. Ана шу асосларга таянган апелляция инстанция суди апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан, суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.

Бу воқеани баён этишдан мақсад шуки, ҳар бир аёл ҳақиқий бахтни оилада, фарзандлари қувончида кўради. Буни унутиш эса, инсон ҳаётини издан чиқариб юбориши ҳеч гап эмас.

Муҳтарама ТУРҒУНОВА,

жиноят ишлари бўйича

Тошкент шаҳар судининг судьяси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: