ДАВЛАТ ДАСТУРИ ВА СУД-ҲУҚУҚ СОҲАСИ ИСЛОҲОТЛАРИНИНГ ИСТИҚБОЛЛАРИ

Президентимиз томонидан жорий йилнинг 2 март куни имзоланган «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги фармон жамиятнинг барча соҳалари қатори суд-ҳуқуқ тизимини ҳам ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос ҳисобланади.

Фармон билан тасдиқланган Давлат дастурида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Бу борада амалга оширилиши кўз­да тутилган вазифалар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қи­лишга қаратилганлиги билан ғоят аҳамиятлидир.

Маълумки, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминламасдан туриб, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш тўғ­рисида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Бунинг учун би­ринчи навбатда, бу борадаги ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш зарур.

Шу нуқтаи назардан, Давлат дастурида 2020 йил 1 октябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судья­лар олий кенгаши, Адлия вазирлиги каби идоралар зиммасига «Судлар тўғ­риси­да»ги қонуннинг янги таҳрири лойи­ҳасини тайёрлаш юклатилган. Мазкур қонун лойиҳасида:

судлар раисларининг судья­лар фаолиятини баҳолаш, уларга нисбатан интизомий иш қўзғатишдаги иштирокини қайта кўриб чиқиш;

судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш ҳақи­даги қарор устидан шикоят қилиш механизмини такомиллаштириш;

судьялар ваколатларини тўхтатиб туриш ҳамда тугатиш асослари ва тартибини халқаро стандартларга мослаштириш;

судьяларнинг мақомини белгиловчи нормаларни такомиллаштириш ва истеъфодаги судьянинг ҳуқуқий мақо­мини белгилаш;

судьяларни ротация қи­лишнинг аниқ ва шаффоф ме­ханизмини жорий этиш;

судлар фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини тизимлаштириш;

суд мустақиллигига дахл қилиш боғлиқ ҳар қандай ҳо­лат юзасидан судья томонидан бевосита ва тезкор хабар бериш имкониятини кўз­да тутувчи тизим яратиш;

ушбу масалаларни қонун­ос­ти ҳужжатлар билан тартибга солиш тартибини бекор қилиш назарда тутилиши белгиланган.

Қайд этиш лозимки, амалдаги «Судлар тўғрисида»ги қонун ана шу масалаларни тартибга солиш нуқтаи назаридан такомиллаштиришга муҳтож эди.

Шунингдек, эндиликда қо­нунчилигимиз учун муҳим янгилик «истеъфодаги судья» ту­шунчасини жорий этиш ва унинг ҳуқуқий мақомини белгилаш кўзда тутилмоқда. Фикримизча, судьяга истеъфо эъ­лон қилиш ҳуқу­қини бериш ва истеъфодаги судья судья­нинг барча ҳуқуқ­ларидан, шу жумладан, дахлсизлик ҳуқу­қи­дан фойдаланиши тартибини белгилаш суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлашга хизмат қи­лади.

«Судлар тўғрисида»ги қо­нуннинг 67-моддасига мувофиқ, судьяга давлат ҳисобидан унинг юксак мақомига муносиб моддий ва ижтимоий таъминот бериш судьялар мус­тақиллигининг асосий кафолатларидан биридир. Бинобарин, судьяларни юқори даражада моддий ва ижтимоий таъминлаш зарурияти мавжудлиги ҳеч кимга сир эмас.

Мазкур Фармоннинг энг аҳамиятли жиҳатларидан яна бири ушбу Фармон билан тас­­диқланган Давлат дастурида судьяларнинг моддий-техник шароитларини яхшилаш ва судьялар фаолиятининг ижтимоий кафолатларини кучайтириш борасида аниқ вазифларнинг белгиланганидир.

Хусусан, 2020 йил 1 майга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Молия вазирлигига 2021 йилдан судьялар ва суд ходимларига иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириш чораларини кўриш вазифаси юклатилган. Бунинг учун:

бюджетда алоҳида сатр ажратиш;

судьялар ва суд ходимларининг иш ҳақини ошириш, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш нормаларини қайта кўриб чиқиш ва халқаро стандартларга мослаштириш;

янги қурилиши режалаштирилаётган суд биноларини илғор халқаро тажриба асосида лойиҳалаштириш, суд биноларини қуриш, капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш бўйича дастурни тасдиқлаш;

судьяларни қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича қурилган хизмат уй-жойи олиш ҳуқуқига эга бўл­ган раҳбарлар рўйхатига киритиш;

судлар фаолиятини мо­лия­лаштириш ва моддий-техник базасини яхшилашга қа­ратилган манзилли чора-тадбирларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойи­ҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Ушбу вазифаларнинг амалга оширилиши суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.

Давлат дастурида, шунинг­дек, маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чи­қиш ваколатини жиноят иш­лари бўйича судларга ўтказиш кўзда тутилган.

Хорижий давлатлар, хусусан, Германия, Япония, Жанубий Корея қонунчилиги ўрганилганда, маъмурий судлар томонидан фақат давлат бошқаруви органлари фао­лия­ти билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган низолар, яъ­ни фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларга оид ишлар кўрилиши аниқланди.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига кўра, маъмурий судлар ом­мавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлардан ташқари маъмурий ҳуқуқ­бузарликларга оид ишларни ҳам кўриб чиқади.

Бу эса, маъмурий судларда иш ҳажмининг кескин ошишига олиб келмоқда. Қолаверса, маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу сабабли айни соҳада Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши судлардаги иш ҳажмини мақбуллаштиришга ва маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриш сифатини оширишга хизмат қилади.

 

Дилшод Таджибаев,

жиноят ишлари бўйича

Тошкент вилояти судининг раиси

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: