ИЧКИЛИК КАСОФАТИ АЙБДОРГА ҚИММАТГА ТУШДИ
Мунтазам равишда спиртли ичимлик истеъмол қилиб, жанжал-тўполон кўтаришга ўрганган Орифжон 2019 йил 29 ноябрь куни ҳам кундалик одатини канда қилмади. Ўша куни у эрталаб турмуш ўртоғи Сабоҳатхон Бердиева қўшни Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманига — қариндошиникига тўйга кетгач, яна ичишни бошлади.
Сўнг маст ҳолда икки-уч соат ағанаб ётди. Шунда унинг сархуш ақлига «антиқа» бир фикр келди ва дарҳол уни қўллашга киришди.
Яъни соат 12:30 ларда ўзи яшаётган маҳаллага хизмат кўрсатувчи 81-қишлоқ оилавий поликлиникаси тез тиббий ёрдам бўлимига қўнғироқ қилди.
— Хотиним касал бўлиб қолди, тез етиб келинглар, — деб ёлғон хабар берди.
Тез орада ҳайдовчи Элёржон Мусаев бошқарувидаги «Дамас» русумли хизмат автомашинасида навбатчи шифокор Гулнора Жўрақулова етиб келди. Аммо бу пайтда хонадон дарвозаси берк эди.
Шифокор бундан ҳайрон бўлиб, дарвозани тақиллатди. Шунда ичкаридан О. Эргашев чайқалганча чиқиб келди. Бироқ на салом, на алик бор. Шу алфозда у уйга фақат Г. Жўрақулованинг ўзи киришини талаб қилди.
Ҳайдовчи Э. Мусаев аҳволни кўриб, шифокор аёлни ёлғизлатмаслик кераклигини тушунди. У билан бирга киришини билдирди.
— Йўқ, сен кирмайсан, — деди хонадон соҳиби аввалига Элёржонни сўкиб, ҳақоратлаб.
Бундай қўпол муносабат ва ғайриоддий талаб ҳар қандай кишини шубҳалантириши табиий. Бинобарин, зийрак ҳайдовчи хонадон соҳибининг жирканч мақсадини сезгандек гапида туриб олди.
Гулнора Жўрақулова ҳам чақирув ёлғон эканлигини тушуниб, жамоадошини қўллаб-қувватлади.
Дарҳақиқат, Орифжон ичкарига фақат шифокор аёлни киритиб, ўзининг ғаразли мақсадини амалга оширишни, аниқроғи Г. Жўрақуловага тегажоғлик қилишни кўзлаганди. Аммо тиббиётчилардан бундай қаршиликни кутмовди.
Шунинг учун жаҳли чиқиб, бирдан тутақиб кетди. Оқибатда «Дамас» автомашинаси ва ҳайдовчига қарата тош отишга тушди. Бундай қилмиш оқибатида автомашинанинг олд, ён ва орқа ойналари чилпарчин бўлди.
Ҳатто муштдек бир тош юзига тегиб, Э. Мусаев ҳушини йўқотди. Буни кўриб, Г. Жўрақулованинг юраги ёрилаёзди. Шунга қарамай, у ҳайдовчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида туман тез тиббий ёрдам бўлимига қўнғироқ қилди.
Шу тариқа О. Эргашевга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «в»-банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Буни қарангки, тергов жараёнида айбдор Орифжон ҳайдовчи ва «Дамас» автомашинасига етказилган зарарини тўлиқ қоплади.
Жиноят ишлари бўйича Қува туман суди «қаҳрамон»имизга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.
Шу билан бирга, О. Эргашевга туман ИИБнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик ва туман ҳудудидан четга чиқмаслик, энг эътиборлиси, алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик тарзидаги қўшимча тақиқлар юкланди.
Албатта, мазкур жиноят иши тафсилотларидан воқиф бўлган ҳар қандай кишида бир талай ибратли фикр-мулоҳазалар туғилади.
Айтайлик, муқаддас манбаларда спиртли ичимликлар аксарият жиноятларнинг, гуноҳи кабираларнинг сабабчиси сифатида қайд этилганини эсга оламиз.
Шуни таассуф билан қайд этиш лозимки, Орифжон жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплагани, тергов ва суд жараёнида Г. Жўрақуловадан кечирим сўраганига қарамай, гулдек оиласидан жудо бўлди. Яъни шу бадномликдан сўнг хотини С. Бердиева бошқа фуқарога турмушга чиқиб кетди.
Энди бир нафар фарзандининг ўгай ота қўлида кўнгли ўксик ҳолда улғайишини тасаввур қилармикан?
Фикримизча, Орифжон учун энг оғир жазо шу бўлса керак. Бу ёғига хатосини теран англаб етган бўлса, бас.
Зафаржон ОМОНОВ,
жиноят ишлари бўйича
Қува тумани судининг раиси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист