КАРАНТИН ҚОИДАЛАРИГА РИОЯ ЭТМАСЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК МУҚАРРАР

Маълумки, коронавирус пандемияси бутун дунё бўйлаб кенг тарқалди ва Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади.

Айни пайтда мамлакатимизда коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш, эпидемияга қарши курашиш ва карантин қоидаларига риоя этилиши устидан қатъий назорат ўрнатилди.

Жумладан, 2020 йил 26 мартда «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун қабул қилиниб, карантин билан боғлиқ қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш қоидалари киритилди.

Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ёки тарқалишининг олдини олиш ишларини тўлақонли амалга ошириш мақсадида жамоат жойларида ниқобсиз юрганлик учун жарима белгиланди.

Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддасида қуйи­даги ҳаракатлар учун жавобгарлик белгиланган:

– карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш;

– карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш;

– карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида шифохонадаги ички тартибга риоя этмаслик;

– давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойларни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талаб­ларини узрли сабабларсиз бажармаслик.

Ҳозирги кунга қадар коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёр­лаш бўйича республика махсус комиссияси томонидан бир қатор карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касаллик­лар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олишнинг мажбурий қои­далари белгиланган.

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дас­турини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги Ф-5537-сонли Фармойиши билан ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 176-сонли қарорининг 12-бандига мувофиқ, Махсус комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунинг­дек фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

Карантин қоидалари ва санитария чекловларига риоя қилиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамасдан, ҳамон қоидабузарлик ҳолатлари кузатилмоқда.

Содир этилган ҳуқуқбузарликни таҳлил қилганимизда, асосан жамоат жойларида тиббий ниқоб тақмасдан юриш билан бирга жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик ҳуқуқбузарликлари содир этилганлиги ачинарли ҳолдир.

Мисол учун, фуқаро К. Д. карантин эълон қилинган бўлишига қарамасдан юзига ниқоб тақмасдан кўчада маст ҳолатда бақир-чақир қилиб, уятсиз сўзлар билан сўкиниб, майда безорилик содир қилиб, ИИБ ходимларининг ҳуқуқбузарлигини тўхтатиши ҳақида огоҳлантиришига қарамасдан ҳаракатларини давом эттириб, ИИБ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик ҳуқуқ­бузарликларини содир этганликда Бекобод туман маъмурий суди томонидан айбдор деб топилиб, ўн сутка муддатга маъмурий қамоққа олинган.

Бундан ташқари, фуқаролар Ж. И. ва Ш. И. лар 2020 йил 13 апрель куни карантин қоидаларини бузиб, яъни карантин ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касаллик­лар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларини бузиб, мақсадсиз кўчада бўлиб, спиртли ичимлик  ичиб, кўчада жанжал, тўполон ва бақир-чақир қилиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан майда безорилик содир қилгани сабабли ИИБ ходимлари келиб улардан тинчланишини сўраган вақтида, Ж. И. ва Ш. И. лар ИИБ ходимларини қонуний талаб­ларига бўйсунмаслик ҳуқуқбузарликларини содир этганликда Нурафшон шаҳар маъмурий суди томонидан айбдор деб топилиб, Ш. И. га 4 млн. 460 минг сўм миқдорида жарима солиниб, Ж. И. ўн сутка муддатга маъмурий қамоққа олинган.

Фуқаролар Ш. У., К. А., И. К., Д. М., Ш. Т., Ф. Н. ҳамда П. Р. лар 2020 йил 2 апрель куни карантин қоидаларига амал қилмасдан, «Энергетик» сиҳатгоҳида ички тартиб қои­даларини бузиб, карантинда сақланаётган бошқа фуқаролар ва карантин олиб бораётган ходимларни олдида бақир-чақир қилиб, ҳар хил уятли сўзлар билан жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан,  тинчликни таъминлаш учун келган ИИБ ходимларининг ҳуқуқбузарликни тўхтатиш учун қилган қонуний талабларига бўйсунмаслик ҳуқуқбузарликларини содир этганликда Юқоричирчиқ туман маъмурий суди томонидан айбдор деб топилиб, уларнинг ҳар бири ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олиндилар.

2020 йил 13 апрель куни тахминан соат 13:00 ларда Пискент тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган махсус тадбир жараёнида Пискент тумани “Саидобод” МФЙ ҳудудида жойлашган умумий овқатланиш жойида шу туманда яшовчилар З. М., Л. М., З. Ғ., К. М., Т. Н., Ж. А., У. Т., Ш. Э., Б. Р., Б. А. ва Д. М. лар карантинли ва инсон ҳаёти учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида жамоат жойида ниқобсиз бўлганлари ҳолда ўзаро йиғилиб ўтиришганини, З. М., Л. М., З. Ғ., К. М., Т. Н. ва Ж. А. лар эса қонунга хилоф равишда пул эвазига қимор ўйини ўйнаётганлари аниқланган.

ИИБ ходимлари аниқланган ҳолат бўйи­ча холислар иштирокида ҳужжат расмийлаштирмоқчи бўлганларида, З. М., Л. М., З. Ғ., К. М., Т. Н., Ж. А., У. Т., Ш. Э., Б. Р., Б. А. ва Д. М. лар ИИБ ходимларини ҳолат юзасидан тушунтириш беришдан иборат қонуний талабларини  бажармасдан, шахсларига оид маълумотларни маълум қилишдан бош тортиб, бақир-чақир қилиб шовқин кўтариб, жамоат тартибини бузишда ифодаланган майда безорилик ҳаракатларини содир этишган.

Ушбу ҳолат юзасидан ИИБ ходимлари томонидан холислар иштирокида далолатнома расмийлаштирилиб, воқеа жойидан ўйин карталари ва 270 000 сўм миқдордаги нақд пул далилий ашё тариқасида ҳужжатлаштириб олинган.

Суд томонидан ушбу шахсларнинг ҳар бирига қилмишидан келиб чиқиб, тегишли жарималар ва маъмурий қамоқ жазолари тайинланди.

2020 йил 18 апрель куни тахминан соат 20:00 ларда Пискент тумани “Навоий” МФЙ яшовчи Ф. С. спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст бўлгани ҳолда отасининг хонадонига бориб, кўчада отаси ва яқин қариндошлари билан жанжаллашиб, бақир-чақир қилиб шовқин кўтариб, уларнинг тинчлигини бузиб майда безорилик ҳаракатларини  содир этган.

Ушбу ҳолат юзасидан туман ИИБга келиб тушган хабар бўйича ИИБ ходимлари воқеа жойига бориб Ф. С. кўчада белгиланган карантин қоидаларини бузиб, ниқобсиз юрганлигини ҳамда майда безорилик ҳаракатларини содир этганлигини аниқлашган. ИИБ ходимлари унинг ушбу ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини тўхтатиш ва уни тинчлантириш мақсадида ИИБ биносига боришини талаб қилишганида, уларнинг қонуний талабларини бажармасдан, жамоат жойида ўзининг майда безорилик ҳаракатларини давом эттирган.

Суд мажлисида ҳуқуқбузар Ф. С. ўз айбига иқрор бўлиб, бошқа бундай ҳолат такрорланмаслигини, оилавий шароитини инобатга олган ҳолда унга нисбатан енгиллик беришни сўради.

С. Ф. Ўзбекистон Республикаси МЖтК 54-моддасининг биринчи  қисми, 183-моддаси ва 194-моддасининг иккинчи  қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида – 1 111 500 сўм жарима жазоси қўлланилиб, ўн беш сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, энг аввало, аҳолимиз карантин қоидалари ва шифокорлар маслаҳатига амал қилган ҳолда, ваҳимага тушмасдан давлатимизга ишониб ёрдам бериши ва қўллаб-қувватлаши керак.

Халқимиз бошига бундай кулфатлар тушган бир пайтда фуқароларимиз бирдамликни қўлдан бермасдан, жипслашиб, карантин қоидаларига қатъий амал қилишса, албатта, ушбу синовли кунлардан муваффақиятли ўтиб оламиз.

 

 

Муроджон АБАБАКИРОВ,

Тошкент вилоят маъмурий суди раиси

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: