ОЛИЙ СУД МАТБУОТ ХИЗМАТИНИНГ РАСМИЙ БАЁНОТИ

Жорий йил 7 февраль куни Sevimli” телеканали орқали фуқаро Ж. Ҳамроқулов ишига оид суд жараёни бошлангани хақида кўрсатув намойиш этилди. Кўрсатувда муаллиф, “Sevimli” телеканалининг Андижон вилояти бўйича мухбири Г. Рустамова томонидан журналистларнинг суд залига қўйилмаганлиги таъкидланди.

Хўш, Г. Рустамованинг эътирози ҳақиқатга қанчалик мос?

Маълумки, бир қатор оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳрида яшовчи фуқаро Ж. Ҳамроқуловнинг ички ишлар профилактика инспектори томонидан калтаклангани ҳақидаги материаллар эълон қилинган эди. Ана шу материаллар, қолаверса, Ж. Ҳамроқуловнинг ички ишлар инспекторининг қонуний талабига бўйсунмай, қаршилик кўрсатгани, жамоат жойида ҳеч бир сабабсиз, ўзига нотаниш бўлган фуқароларнинг тинчлигини бузиб, фуқаро О. Болтабоевага юзига мушти билан уриб, жароҳат етказиб, безорилик жиноятини содир этганлик ҳолати юзасидан унга нисбатан жиноят иш қўзғатилган. Андижон шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисми, 277-моддаси 2-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган Жасурбек Ҳамроқуловга оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Марҳамат туман судининг иш юритувига 2020 йил 23 январь куни келиб тушган. Суднинг 2020 йил 29 январдаги қарори билан жиноят ишини суд мажлисида кўриб чиқиш 2020 йил 7 февраль куни соат 14.00 га тайинланиб, судланувчи, жабрланувчилар ва тарафларга маълум қилинган. Суд мажлиси судланувчининг суд мажлисига кечикиб, чақирилган пайтдан икки соат ўтиб, соат 16.00 ларда етиб келгани боис, ишни кўриш 2020 йил 7 февраль куни соат 16.05 лар атрофида бошланган. Судланувчи, жабрланувчилар ва тарафларда ОАВ вакилларини жалб қилиш ҳақида илтимоснома келиб тушмагани ҳамда раислик қилувчини хабари бўлмагани учун судда судланувчи, жабрланувчилардан О. Болтабоева сўроқ қилиниб, иш вақти тугагани учун ишни кўриш бошқа кунга қолдирилиб, танаффус эълон қилинган.

“Sevimli” телеканали орқали намойиш этилган телелавҳада таъкидланганидек, 7 февраль куни бўлиб ўтган биринчи суд мажлисига журналистларнинг киритилмагани масаласи ўрганилганида, суд раисига суд жараёнини тасвирга олиш, журналистларнинг иштирок этиши бўйича ёзма мурожаат ёки илтимоснома келиб тушмаган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддасида “…суд залида овозларни ёзиб олиш, фотосуратга, видеоёзувга ва кинотасвирга олишга фақат суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан йўл қўйилади, бу ҳақда тегишли ажрим чиқарилади” деб белгиланган. Шунингдек, ушбу кодекснинг 438-моддаси тартибида ОАВ вакилларини суд мажлисини ёритиб бориш ҳақида илтимослар киритилмагани, шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунининг 5-моддасида “…оммавий ахборот воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ ахборотни излаш, олиш, тадқиқ қилиш, тарқатиш, ундан фойдаланиш, уни сақлаш ҳуқуқига эга ҳамда тарқатилаётган ахборотнинг холислиги ва ишончлиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади”, 6-моддасида эса, “…оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш, шахсий ҳаётига аралашиш таъқиқланади, прокурор, терговчи ёки суруштирувчининг ёзма рухсатисиз ёки дастлабки тергов материалларини эълон қилиш, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб, ёки суднинг қарори қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини, тахмин қилиш, ёхуд судга бошқача йўл билан таъсир кўрсатиш таъқиқланади” деб аниқ белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 69-моддасида “Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги, муайян ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона кўришга тўсқинлик қилиш ёки ғайриқонуний суд қарори чиқарилишига эришиш мақсадида судьяларга қандай бўлмасин бирон-бир тарзда таъсир этиш қонунга мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши, судьядан кўрилган ёки иш юритишидаги ишлар моҳияти бўйича бирон-бир тушунтиришлар беришни, шунингдек, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари кимга бўлмасин, танишиб чиқиш учун ишларни тақдим этишни талаб қилиш тақиқланиши, оммавий ахборот воситалари ўз хабарларида муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан ўзича ҳал қилиб қўйишга ёки судга бошқача тарзда таъсир этишга ҳақли эмаслиги кўрсатилган.

Мухбир эса, ўз лавҳасида “…илтимоснома талаб қилинмоқда ва биз тушунмадик?” дея таажубга тушгани нимани англатади?! Бу қонун талабини билмасликми ёки мавжуд қонунларни писанд қилмаслик-ми…

Ўрни келганда яна шуни эслатиб қўймоқчимиз: суд жараёнини ёритиш учун оммавий ахборот воситалари вакиллари ариза ёки илтимоснома билан суд раисига ёзма мурожаат қилиши, уларнинг суд ишини тасвирга олиш масаласи суд раиси томонидан мустақил ҳал этилади.

Таъкидлаш жоизки, қонун талабидан келиб чиқиб, қилинган мурожаат ҳеч қачон эътиборсиз қолмайди. Зотан, ҳуқуқий-демократик жамиятда яшаётган эканмиз, барча, хусусан, судья ҳам, журналистлар ҳам қонун талабига риоя этиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: