ОЧИҚ-ОШКОРА «САВДО» ТАМАГИРЛАРНИ БАДНОМ ҚИЛДИ

Оқтошлик Нодира Жўрабоева (исм-шарифлар ўзгартирилди) бундан бир неча йил муқаддам ўрта махсус ўқув юртини битириб, «Болалар ошпази ва мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси» мутахассислиги бўйича диплом олганди. Ёш болалари ва уй-рўзғор юмушларидан ортиб, кейинги йилларда у ишлашга имкон тополмаётганди.

Нодира эндиликда иш излашига тўғри келди. Мутахассислиги бўйича бир қатор корхоналарга иш сўраб борди. Аммо кўнглига маъқул тушадиган иш тополмади.

Шу боис яқинда укаси Нуралининг турмуш ўртоғи Бибисора 5-сонли мактабгача таълим ташкилотига (МТТ) тарбиячи вазифасига ишга кирганини эшитиб, жуда қувонди. Келини орқали ишга жойлашишини ўй­лаб, бу ҳақда унга гап очди.

Бибисора қайнопаси анчадан буён ишга кириш мақсадида юрганидан ха­бари бор эди. У мудира билан бу ҳақ­да гаплашишга ваъда берди.

Кўп ўтмай у Н. Жўрабоеванинг уйига келди. ¤зи ишлаётган мактабгача таълим ташкилотида ҳозирча бўш иш ўрни йўқ эканини айтди.

Табиий ҳол, ҳар қандай оилада баъзида харажатлар кўпаяди.

Нодира ои­лавий шароити моддий жиҳатдан бироз оғирлашгани учун тезроқ ишга кириш ва ишлаш ниятида эди. Аммо бўш иш ўрни йўқлигини эшитгач, у мута­хас­сислигидан бошқа иш бўлса-да, ишлашга қарор қилди.

Лекин кунларнинг бирида Бибисора унинг уйига кўнгилда умид учқунларини уйғотувчи бир хабар билан келди. Н. Турсунова мудиралик қилаётган 10-сонли мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи ёр­дамчиси штати бўшаган эмиш. Фақат у ерга Бибисора ишлаётган мактабгача таълим ташкилоти мудираси Ю. Йўлчиеванинг номидан бориши керак. Шунда иш осон ҳал бўлади.

Бу гапдан Нодира қувонади, келини Бибисорага миннатдорчилик билдиради.

— Ҳозир ўқиган, мутахассис кўп, — деди у. — Ҳадеганда иш топилмайди. Раҳбарингиз Юлдуз опанинг тавсияси билан ишли бўлсам, келин, сиз ҳам, у киши ҳам савобга қоласизлар.

Н. Жўрабоева катта умидлар билан 10-сонли мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Н. Турсунованинг ҳузурига борди. Ишга кириш мақсадида келганини айтиб, «Юлдуз опа жўнатди» деди ва дипломини узатди.

Мудира Нигора Турсунова Н. Жўрабоева билан обдон суҳбатлашди, гапларини диқ­қат билан тинглайди. «Бўлди, — деди у шундан сўнг. — Сиз дипломингиз, фуқаролик паспорти нусхаси ва қўл телефонингиз рақамини қолдиринг. Ўзим ёки Юлдуз опа сизга хабар қиламиз».

Орадан бир неча кун ўтиб, шу йилнинг 19 февраль куни эрталаб Н. Жўрабоеванинг қўл телефонига «опа, ишга кириш масаласи 400 АҚШ доллари» деган «СМС» хабар келди. Бу хабарни Бибисора Расулова жў­натганди…

Воқеанинг давомидан азиз газетхонни бироз кейинроқ хабардор қилсак. Ҳозир эса…

Биз истаймизми-йўқми баъзида юқоридаги каби тама ва тамагирлик иллатларига дуч келамиз. Мутахассисларнинг фикрича, тама — очкўзлик. Тамагирлик — бировдан бир нарсани кутиш, унинг илинжида шармандали хатти-ҳаракатдан тийилмасликдир.

Бир донишманддан бу қилмиш ҳақида сўрашганда, у: «Одам ўзидан ўзи уялиши керак», — дея жавоб берган экан.

Ҳақиқатан ҳам, ўзининг беандиша мақсади ва ҳаракатидан уялмаган одамдан ҳар нарсани, жумладан, тамагирликни ҳам кутиш мумкин.

Фикрни давом эттирадиган бўл­сак, очкўзлик, ўзгалар ҳи­собига бойишга ҳирс қў­йиш жиноятни келтириб чиқаради. Бундай қилмиш оғир гуноҳ саналади. Чунки тамагирнинг кўнг­­лида содир этилаётган жиноятдан моддий ёки бошқача мулкий йўсиндаги фойда олиш ёхуд моддий харажатлардан қутулишга интилиш нияти зоҳир бўлади.

Шуниси кундай равшанки, тамагирлик замиридаги порахўрлик жамиятда адолат мезонлари бузилиши, мавжуд қадриятлар ва одоб-ахлоқ нормалари поймол этилишию тараққиётга тўсиқ бўлишга, халқнинг адолатга бўлган ишончига жиддий путур етишига сабаб бўлади.

Энди фуқаро Нодира Жў­ра­бо­е­вани ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, тамагирлик йўлига кирган Нарпай туманидаги 10-сонли мактабгача таълим ташкилоти мудираси Н. Турсунова ва 5-сонли мактабгача таълим ташкилоти мудираси Ю. Йўлчиева масаласига қайтадиган бўлсак, улар мансабдор шахс ҳисобланади. Н. Турсунова ўзининг хизмат мавқеидан фойдаланиб, жабрланувчидан пора олиш мақсадида Ю. Йўлчиева билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктирган.

Ҳақли савол туғилади: хўш, ҳар ик­кала мансабдор тамагирлик, хавфли қилмиш эканини билмаганми? Ёки мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш кенг тус олганидан улар бехабармиди?

Йўқ, албатта. Н. Турсунова билан Ю. Йўлчиева жамиятдан, атрофда юз бераётган янгиликлар-у ўзгаришлардан узилиб қолмаган.

Яна денг, келажагимиз эгалари — жажжи болалар тарбиясига масъул лавозим эгаларининг тамагирлик кўчасига кириши, ҳалолликдан тойишини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Воқеа тафсилотининг давомига тўх­таладиган бўлсак, Нодира Жўрабоева телефонига келган хабардан сўнг қаттиқ ўйга ботади.

Берайин деса, бун­ча пул йўқ, бермайман де­са, ишсиз қолади.

Хуллас, мазкур ноқонуний ҳолатга чек қў­йиш мақсадида у ҳу­қуқни муҳофаза қилувчи идорага йўл олади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора хо­димлари мурожаатдаги важларга ойдинлик киритиш мақсадида, холислар иштирокида Н. Жўрабоевага овоз ёзиб олиш мосламаси — диктофон беришади. У шундан сўнг 5-сонли мактабгача таълим ташкилотига бориб, мудира Ю. Йўлчиеванинг ҳузурига киради ва иш масаласида келганини айтади.

— Синглим, — меҳрибон оҳангда гап бошлайди Ю. Йўлчиева. — Сизни 10-сонли мактабгача таълим ташкилоти мудираси Н. Турсунова орқали тарбиячи ёрдамчиси вазифасига иш­га жойлаштиришим мумкин. Фақатгина хизмат ҳақи учун бизга 400 доллар беришингиз керак.

Нодира Ю. Йўлчиевага ои­лавий шароити моддий жиҳатдан ҳаминқадарлиги, бунча миқдорда пули йўқ­лигини тушунтиради.

Шундан сўнг Ю. Йўлчиева нархни 350 доллар деб айтади. Н. Жўрабоева эса, Ю. Йўл­чиевага 300 доллардан ортиқ беролмаслигини билдиради. Ю. Йўлчиева бу нарх тўғрисида Н. Турсунова билан гаплашиб кў­ришга ваъда беради.

«Пора» сўзи ёзилиб, кимёвий ишлов берилган 300 доллар тамагирларнинг қўлга тушиб қолмайлик, деган хавотир ва ҳадиклари туфайли қўл­дан-қўлга ўтади. Н. Жўрабоева чет эл валютасини келини Б. Расуловага, Б. Расулова эса, пулни олиш учун Н. Турсунованинг топшириғи билан 5-сонли мактабгача таълим ташкилотига келган 10-сонли мактабгача таълим ташкилоти хў­жалик ишлари мудири Г. Олимжоновага тутқазади. У эса, ўз навбатида, мудира Н. Турсуновага долларларни бераётган пайтда, жиноят устида ашёвий далиллар билан ушланади.

Яқинда Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в”, “г” банд­ларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланиб, судга берилган Н. Турсунова ва Ю. Йўлчиевага оид жиноят иши очиқ суд мажлисида мазмунан кўриб чиқилди.

Суд ҳар иккала судланувчини уч йилдан муддатга мактабгача таълим ташкилотларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қил­ди.

Судланувчи Н. Турсуновага тўрт йил олти ой муддатга озодликни чеклаш жазоси та­йинланди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан 2020 йил 21 февралдан 25 июнь кунига қадар қамоқда сақланган бир юз йигирма беш куннинг ҳар бир куни озодликни чеклаш жазосининг бир кунига тенглаштирилиб, тайинланган жазодан чегириб, ўташ учун тўрт йил бир ой йигирма беш кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

Судланувчи Ю. Йўлчиевага суд тўрт йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Начора, қонун олдида ҳам­ма тенг. Жиноят эса, ҳеч қачон жазосиз қолмайди.

Хулоса қилиб айтганда, мам­ла­катимизда «Қонун ва адолат — устувор, жиноятга жазо муқаррар» деган тамойилни қарор топтиришга барча куч ҳамда имкониятлар сафарбар этилмоқда. Ҳар қандай жиноий қилмиш асло изсиз кетмайди.

 

Илёс ДОНИЁРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Оқдарё тумани судининг раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: