СУДЛАРНИНГ ЧИНАКАМ МУСТАҚИЛЛИГИ ЙЎЛИДАГИ МУҲИМ ҚАДАМ

Бу суд қарорларини прокуратура томонидан чақириб олиб ўрганиш амалиётини чеклаш, фақат иш юзасидан шикоят келиб тушган ҳолдагина прокурор суд қарорини олиб ўрганиши мумкинлиги қонунчиликда акс этиши билан боғлиқ.

Бош қомусимизда эътироф этилганидек, судья­лар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судьяларнинг дахлсизлиги қонун билан кафолатланади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев айнан шу масалага эътибор қаратар экан, суд бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик шарт, деб таъкидлаган эди. Шу сабабли суд ишларига аралашгани ёки судга босим ўтказгани учун жавобгарликни кучайтириш лозимлигига эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида дастлабки терговда давом этиб келаётган қонун бузилиш ҳолатларини фақат ва фақат судларнинг ҳа­қиқий мустақиллигига эришиш орқали бартараф этиш мумкинлиги яна бир бор таъкидланди. Эски тузумдан қолган ва ҳануз давом этаётган суд қарорларини прокуратура томонидан чақириб олиб, ўрганиш амалиётини чеклаш лозимлиги, энди фақат иш юзасидан шикоят келиб тушган ҳолдагина прокурор суд қарорини олиб ўрганиши мумкинлиги ҳақида ҳаққоний фикрлар билдирилди.

Шу фикрлардан келиб чиқиб, Ҳаракатлар стратегиясини «Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга доир Давлат дастурининг «Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари» деб номланган 2-йўналиши 52-бандида судлар фаолиятида прокурор иштирокини такомиллаштириш назарда тутилган.

Унда прокурор томонидан қонуний кучга кирган ҳукмлар, ҳал қилув қарорлари, ажримлар ёки қарорлар бўйича ишларни иш юзасидан тарафлар мурожаати (прокурордан таш­қари) бўлган ҳолдагина суддан ўрганиш учун олиш тартибини белгилаш назарда тутилган.

Бунда прокурор ишни суддан ўрганиш учун олиш тўғрисидаги илтимосномасида иш қайси тарафнинг қандай важига баҳо бериш учун олинаётганлигини кўрсатган ва тарафнинг ёзма мурожаатини илова қилган ҳолда ишни суддан сўраб олиши мумкинлигига, бу қоидага риоя қилмаслик суд томонидан прокурорнинг иш­ни ўрганиш учун олиш тўғрисидаги илтимосномасини рад қилишга асос бўлиши белгиланиши лозим.

Бундан ташқари амалдаги Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Маъмурий суд ишларни юритиш тўғрисидаги кодекслардаги суд қа­рорла­рининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишда берилган шикоят ёки билдирилган протест­ни кўриб чиқишда фарқ мавжуд.

Суд қарорлари устидан назорат тартибида шикоят бериш ҳуқуқига эга бўлган шахс­лар томонидан шикоят берилса, шикоятни ўрганиб чиқиш натижалари бўйича Олий суднинг судьяси ўз ажрими билан суд қарорларини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш учун асослар мавжуд эмаслиги тўғрисида ёки шикоятни иш билан бирга кўриб чиқиш учун Олий суднинг тегишли судлов ҳайъатига ўт­казиш тўғрисидаги қарорларидан бирини қабул қилади.

Прокурор томонидан суд қарорига нисбатан берилган протест киритилганда эса, суд қарорларини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш учун асослар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги масала муҳокама қилинмасдан протест иш билан бирга кўриб чиқиш учун тўғридан-тўғри Олий суднинг тегишли судлов ҳайъатига ўтказилади.

Бу эса, қонунлардаги тарафларнинг тенглиги ва суд ишларини юритишдаги тортишув принципига мувофиқ келмайди.

Шу сабабли амалдаги қо­нунлардаги прокурорларнинг суд қарорларига нисбатан протест келтириш ҳуқу­қини тақдимнома киритиш, деб белгилаш мақсадга мувофиқ.

Чунки «протест» истилоҳи юридик луғатларда бирон нарсага қатъий норозиликни билдирувчи расмий эътироз, амрнома, хоҳишига зид нарсани билдириш, деб тушунилади ва қонун мазмуни бўйича кўриб чиқилиш шарт бўл­ган ҳужжат ҳисобланади.

«Тақдимнома» истилоҳи эса, бирон-бир маълумотни илтимоснома тарзидаги ифодалайдиган расмий ҳужжат бўлиб, қонунда қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида қабул қилинадиган ҳужжатни ифодалайди.

Тарафларнинг тенглигини таъминлаш мақсадида «Прокуратура тўғрисида»ги қонуннинг 34, 35-моддаларига тегишли ўзгартиш киритиб, унда прокурор ишни фақатгина моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаси бузилган ҳолатига баҳо бериш мақсадида суднинг қарорига тақдимнома киритиш учун олиши мумкинлиги назарда тутилиши керак.

Суднинг қарорига тақдимнома киритиш учун асослар мавжуд бўлмаганда, ишни текширган прокурор асослантирилган хулоса тузиб, хулоса тақдимнома келтириш ваколатига эга бўлган шахс томонидан тасдиқланиб, ишга қўшиб қўйилиши ҳамда бу ҳақда илтимосномасига кўра, иш ўрганиш учун олинган шахс­га, корхона, муассаса ёки ташкилотга хабар берилиши, иш эса, судга қайтарилиши кўрсатилиши лозим бўлади.

Шунингдек, суднинг қарорига тақдимнома киритиш учун асослар мавжуд эмаслиги ҳақидаги фақат бир марта хулоса тузилиши, бу хулоса юзасидан норози тараф томонидан юқори турувчи прокурорга ёки суд қарорига нисбатан шикоят қилиниши мумкинлиги, ишни ўрганиш учун олишнинг рад этилиши устидан эса, юқори турувчи прокурорга шикоят қилиниши мумкинлиги белгиланиши лозим.

Бундай мазмундаги нормани процессуал кодексларга, жумладан, Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғ­рисидаги ва Маъмурий суд ишларни юритиш тўғрисидаги кодексларга киритиш мақсадга мувофиқ бўлиб, амалдаги «Прокуратура тўғрисида»ги қонуннинг 34 ва 35-моддаларини қуйидаги янги таҳрирда бериш таклиф қилинади:

34-модда. Ишларни суддан чақириб олиш тартиби

Прокурор фақат шикоят бериш ҳуқуқига эга бўлган шахс­ларнинг ёзма мурожаати асосида суднинг ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ва қарори қонуний кучга кирган ишни суддан ўрганиш учун олиши мумкин.

Бунда прокурор ишни суддан ўрганиш учун олиш тўғрисидаги илтимосномасида иш қайси тарафнинг қандай важига баҳо бериш учун олинаётганлигини кўрсатган ҳолда тарафнинг ёзма мурожаатини илова қилган ҳолда ишни суддан сўраб олиши мумкин.

Бу қои­дага риоя қилмаслик суд томонидан прокурорнинг ишни ўрганиш учун олиш тўғрисидаги илтимосномасини рад қи­лишга асос бўлади.

Бунда прокурор ишни фақатгина моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаси бузилган ҳолатига баҳо бериш мақсадида суднинг қарорига тақдимнома киритиш учун олиши мумкин бўлади.

Суднинг қарорига тақдимнома киритиш учун асослар мавжуд бўлмаганда ишни текширган прокурор асослантирилган хулоса тузади, хулоса тақдимнома киритиш ваколатига эга бўлган шахс томонидан тасдиқланиб, ишга қўшиб қўйилади. Бу ҳақда илтимосномасига кўра, иш ўрганиш учун олинган шахсга, корхона, муассаса ёки ташкилотга хабар берилади, иш эса, судга қайтарилади.

Суднинг қарорига тақдимнома киритиш учун асослар мавжуд эмаслиги ҳақида фақат бир марта хулоса тузилади, бу хулоса юзасидан норози тараф томонидан юқо­ри турувчи прокурорга ёки суд қарорига нисбатан шикоят қилиниши мумкин.

Ишни ўрганиш учун олишнинг рад этилиши устидан юқори турувчи прокурорга шикоят қилиниши мумкин.

Айблов хулосасини, айблов далолатномасини, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги қарорни тасдиқлаган прокурор ёки юқори турувчи прокурор жиноят иши судда кўриш учун тайинлангунига қадар ишни суддан чақириб олиш ҳуқуқига эга».

35-модда. Суд қарорларига тақдимнома киритиш

Прокурор процессуал қо­нунда белгиланган тартибда ўз ваколатлари доирасида суднинг ҳукми, ҳал қилув қа­рори, ажрими ва қарорига тақдимнома киритишга ҳақли.

Тақдимнома киритиш прокурорнинг ваколат доирасидан четга чиқиб кетадиган ҳолларда у тақдимнома киритиш тўғ­рисидаги таклиф билан юқо­ри турувчи прокурорга мурожаат этади».

Зеро, давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида таъкидланганларидек, суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак.

Хулоса қилиб айтганда, таклиф этилаётган ўзгартишлар амалда ўз ифодасини топса, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш билан бир қаторда тарафларнинг тенг­лиги ҳам­да суднинг чинакам мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.

 

Шерзод АБДУҚОДИРОВ,

юридик фанлари доктори, доцент

 

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: