СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИ НАЗОРАТ ТАРТИБИДА ҚАЙТА КЎРИШ УЧУН АСОСЛАР МАВЖУД ЭМАС
“Адолат кўзгуси” газетасининг 2020 йил 23 январдаги 3-сонида эълон қилинган “Фермернинг фиғони ёхуд адолат излаб топа олмаётган М. Азимовдан арзнома”сига оид
2019 йил 16 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси Д. Бобоноров томонидан даъвогар “Мўйдин Азимов” фермер хўжалиги раҳбари М. Азимовнинг жавобгарлар Олтиариқ туман ҳокимлиги ва бошқаларга нисбатан савдо баённомалари ва кўчмас мулкни олди-сотди шартномаларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво аризаси юзасидан қабул қилинган фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция инстанциясининг 2019 йил
16 июлдаги ажрими устидан М. Азимовни назорат тартибида берган шикояти ўрганиб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 430, 431-моддаларига амал қилиб, судья Д. Бобоноров даъвогар М. Азимовнинг шикояти бўйича суд ҳужжатларини назорат тартибида қайта кўриш учун асослар мавжуд эмас деб топиш ҳақида ажрим чиқарган.
Шунда ушбу ажримни бекор қилиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ёки унинг ўринбосари номига суд ҳужжати устидан назорат тартибида шикоят қилиш учун белгиланган муддат доирасида ариза берилиши мумкинлиги тушунтирилган.
М. Азимовнинг суд қарорларидан норози бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Олий судига топширган қайта шикояти такроран ўрганиб чиқилди.
Шикоятда фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 16 июлдаги ажрими билан Риштон туманлараро судининг 2019 йил 18 апрелдаги ҳал қилув қарори бекор қилиниб, М. Азимовнинг даъво талаблари қаноатлантиришдан рад қилиш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилинганлигидан норози бўлиб, ушбу суд ҳужжатини бекор қилиш сўралган.
М. Азимов келтирган важлар муқаддам Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2019 йил 16 октябрдаги 12-2567-19-сонли ажримида батафсил муҳокама қилинган бўлиб, суд ҳужжатини назорат тартибида қайта кўриш учун асослар мавжуд эмас деб топилган.
М. Азимовнинг навбатдаги шикоятида келтирилган важлар ҳам ушбу суд ҳужжатларини назорат тартибида қайта кўриш учун асос бўла олмаслиги сабабли, шикоят қаноатлантирилмасдан қолдирилганлиги ҳақида 2019 йил 18 декабрдаги 12-2567-19 рақамли жавоб хати билан маълум қилинган.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати