ТИЛЛА ТАНГАЛАРНИ 45 МИНГ ДОЛЛАРГА ПУЛЛАМОҚЧИ БЎЛИШДИ

Фарғонада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбир билан чет эл қадимий тилла тангаларини ноқонуний равишда сотилишининг олди олинди.

Маълум бўлишича, ҳуқуқбузар С. А., Р. Д. ва М. К. лар олдиндан тил бириктириб, махсус харидор М. С. га 2 дона чет эл қадимий тилла тангаларини 45 минг АҚШ долларига сотган вақтларида ушланди.

Улардан 2 дона умумий соф вазни 6,82 грамм баҳоси 8 миллион сўм бўлган қимматбаҳо металл, яъни олтин қотишмасидан ясалган чет эл тангалари ҳамда кимёвий ишлов берилган 45 минг АҚШ доллари ашёвий далил тариқасида олинди.

Фарғона шаҳар маъмурий суди томонидан ҳуқуқбузарларга нисбатан тўпланган маъмурий иш ҳужжати мазмунан кўриб чиқилди. Суд қарори билан ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли маъмурий қамоқ билан боғлиқ жазо тайинланди. Олинган ашёвий далиллар Фарғона вилоят тарихи ва маданият давлат музейи фондига топширилиши белгиланди.

– Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонунига асосан қонунга хилоф равишда валюта қимматликларини олиш ёки ўтказиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва жиноий ҳаракатлар учун жавобгарлик оғирлаштирилди ва жиноят таркиби ўзгартирилди, – дейди Фарғона шаҳар маъмурий суди раиси С. Қурбонов. – Валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ва ўтказиш мамлакатимизнинг валюта якка ҳукмронлигига путур етказади, улар кўпинча талон-тарож қилиш, порахўрлик, божхона қонунчилигини бузиш каби жиноятлар билан боғлиқ бўлади. Қадимий тангаларни ноқонуний сотмоқчи бўлган мазкур фуқаролар ҳам суд жараёнида қилмишларини тушуниб етди.

ЎзА

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: