ТОВЛАМАЧИ ТАЛАБАЛАР ЖИНОЯТ УСТИДА ҚЎЛГА ОЛИНДИ
Ҳеч кимга сир эмас, ҳаётда қинғир иш кишига фақат ташвиш келтиради. Бунга ҳаётий мисоллар кўз ўнгимизда ҳар қанча намоён бўлмасин, баъзи юртдошларимиз боши деворга тегмагунча кўзи очилмайди.
Эндигина йигирма икки ёшга тўлган шаҳрихонлик Латифжон Сотимов ҳамда Олтиариқ туманида яшовчи Абдумухтор Валижонов Тошкентдаги институтга ўқишга киришганда ота-она ва қариндош-уруғлари нақадар хурсанд бўлишганди. Аммо улар яқинларининг ишончини оқлашмади.
Гап шундаки, 2017 йил баҳор ойларида Л. Сотимов отаси Салоҳиддин Сотимовнинг топшириғига биноан, Тошкент шаҳрида Эркинжон Ниёзов билан учрашиб, у берган 1 000 АҚШ долларини уйига жўнатиб юборганди. Ўшанда Латифжон Э. Ниёзовнинг валюта айрибошлаш билан шуғулланишидан хабар топганди. Шунинг учун орадан 2 йил ўтгач, Латифжон ундан катта миқдорда пул ундирмоқчи бўлади. Уддабуронликни қарангки, Л. Сотимов ўзини ошкор қилмаслик мақсадида, бу жиноий режасини курсдоши Абдумухтор орқали амалга оширишни кўзлайди.
Аввалига у таниши Адҳам Тоштемиров ёрдамида фуқаро Наима Диёрова номига расмийлаштирилган +998 94 ХХ-00-Х0 рақамини қўлга киритади. Кейин пойтахтимиздаги «Малика» савдо мажмуасидан «Нокия-1112» русумли уяли телефон сотиб олади.
Сўнгра А. Валижонов билан бирга жиноий режани обдан «пишитишади». 2019 йил 20 июнь куни тушлик маҳали эса, Латифжон Эркинжон Ниёзовга қўнғироқ қилади.
— Мен Ички ишлар вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш бошқармаси ходими Бахтиёр Мелиевман, — дея у гап бошлайди. — Бизга ноқонуний валюта олди-сотдиси билан шуғулланаётганингиз ҳақида ариза тушди.
— Йўғ-ей, бўлиши мумкин эмас. Ким билан олди-берди қилибман?, — дея сўради Э. Ниёзов буткул довдираган кўйи.
— Буни ўзингиз яхши биласиз. Агар аризани раҳбариятга олиб кирсам, қамалиб кетишингиз тайин. Шунинг учун ҳаракатингизни қилинг…
Л. Сотимов шундай дея Э. Ниёзовдан ярим соат ичида 10 000 АҚШ доллари олиб келишини талаб қилди.
— Мен яқин орада кимгадир доллар сотганимни сира эслолмаяпман. Қолаверса, ҳозир менда бунча пул йўқ. Бир-икки соат вақт берсангиз, таниш-билишларимдан сўраб оламан, — дейди Э. Ниёзов.
Шунга кўра, нақ икки соат деганда товламачи яна унга сим қоқади.
— Нима бўлди, пул топдингизми? Ҳар ҳолда фарзандларингиз тақдирига бефарқ бўлмасангиз керак, — дея у яна дағдаға қилади.
Бу гапни эшитиб, Э. Ниёзов баттар ваҳимага тушади. Бироқ яқин орада ноқонуний валюта айрибошлаганини эслолмади. Шунингдек, Латифжон учрашишни рад этгани ҳам Э. Ниёзовнинг кўнглида шубҳа уйғотди. Шу боис у юз берган ҳолат бўйича Ички ишлар вазирлигига ариза билан мурожаат қилди. Шундан сўнг тезкор ходимлар томонидан унга кимёвий ишлов берилган 9 000 АҚШ доллари тақдим этилди. Сўнг соат, тахминан, 18.00 ларда жиноятчи «Бахтиёр Мелиев»га қўнғироқ қилди.
— Сўраганингизни тайёрлаб қўйдим, қаерда учрашамиз?, — деб сўради у.
— Алгоритмга келинг! Оқ кўйлак, қора шим кийган, қора кўзойнак таққан йигитимиз сизни кутиб туради. Исми Ботиржон, — деб тушунтирди «ходим».
Дарҳақиқат, Э. Ниёзов «Изза» мавзесига етиб борганида А. Валижонов уни кутиб олди.
— Машинага ўтирайлик, — деди Э. Ниёзов «Ботиржон»га. Кейин ўзи билан олиб келган хорижий валютани унинг қўлига тутқазиб, автомашина ён ойнасидан тезкор ходимларга ишора қилди.
Натижада Абдумухтор пулни чарм сумкасига солиб қўяётган пайтда ушланди. Дастлабки суриштирув жараёнида у дўстининг илтимосига мувофиқ пулни қабул қилиб олганини билдирди. Шу боис тезкор тадбир давом эттирилди.
— Иш битди, — деди А. Валижонов Латифжонга қўнғироқ қилиб.
Оқибатда Л. Сотимов ҳам Чилонзор туманидаги «Илонли ота» масжиди ёнида дўстидан «омонат»ни олаётган пайтда қўлга олинди.
Шундан сўнг товламачи талабаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Буни қарангки, тергов-суриштирув жараёнида Латифжоннинг яна бир жинояти фош бўлди. Яъни у отаси Салоҳиддин Сотимов номига фуқаро Дилмурод Тўражонов томонидан «Orlando» русумли автомашинани текин фойдаланиш шартномаси асосида бошқариш учун берилган ва Қашқадарё вилояти Косон туман 1-сонли давлат нотариал идорасида 2018 йил 21 ноябрда тасдиқланган ишончномани, қолаверса, 2018 йил 23 ноябрда «Кафолат» суғурта компаниясида расмийлаштирилган суғурта полисини қалбакилаштириб, автомашинани Тошкент шаҳри ҳамда Андижон вилоятларида бошқариб юрган. Ички ишлар вазирлигининг 2019 йил 23 августдаги 1255-сонли эспертиза хулосасига кўра, чиндан ҳам, юқоридаги ишончнома ва суғурта полисидаги ёзувлар компьютер ёрдамида сохталаштирилгани аён бўлди.
Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судида кўриб чиқилди. Суд тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан берилган кафолат хатлари ҳамда курсдошларининг илтимосномасини инобатга олган ҳолда айбдорларга қонуний жазо тайинлади.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳаётда ҳеч бир инсон хато ва камчиликлардан холи эмас. Аммо хатолар ўз вақтида тузатилмаса, бетамиз одатга айланади. Кейин эса, ўз соҳибини жиноятга етаклаши тайин. Тилга олинган жиноят иши ҳам бунинг яққол далилидир.
Шерзод ЮЛДАШЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Сирғали тумани судининг судьяси