ТОПТАЛГАН ҒУРУР САРХУШ ОИЛА БОШЛИҒИНИ ҚАБИҲЛИККА УНДАДИ
Ёдгора Насибуллаева (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2019 йил декабрь ойининг бошларида ўзи кўнгил қўйган йигитга унаштирилгач, бу ҳаётда ундан бахтиёр одам йўқ эди. Ўша оқшом Ёдгора тўйдан сўнг қайнона-қайнотасининг дуосини олишни, шириндан-шакар фарзандлар кўриб, бахтли оила бекаси бўлишни дилига тукканча мижжа қоқмай чиқди. Аммо…
Аммо тўю тантана ҳам, келинлик бахти ҳам Ё. Насибуллаевага насиб этмади.
Албатта, фарзандини унаштиргач, ота-она тўй ташвишида тиним билмай қолади. Шу маънода айтганда, 2019 йил 15 декабрь куни Ўғилой Абдураззоқова ҳам қизи Ёдгора билан бирга Андижон шаҳрига, халқ тилида «Жаҳон бозори» дея аталувчи савдо мажмуасига йўл олишди.
Негаки, Ўғилой опа қизининг — бўлажак келиннинг сепига кийим-кечак сотиб олиш ниятида эди. Табиийки, тўй олдидан ҳовли-жойни бир карра таъмирлаш, ободонлаштириш ҳам анъанага айланган.
Бинобарин, она-бола бозорга кетгач, оила бошлиғи Исмоил Абдураззоқов таъмирлаш ишларига тушиб кетди. Кун пешинга яқинлашганида шахсий «Дамас» автомашинасида Асака автошоҳбекатига бориб, бозордан қайтган хотини ва қизини уйга олиб келди. Сўнгра келини Шарифахон тушлик тайёрлади.
Тушликдан сўнг қайнона-келин ва қизлар одатдаги уй юмушлари билан андармон бўлишди, Исмоил ака эса, эрталаб бошлаган ишларини давом эттирди. Шунингдек, ҳашарга келган укаси Диёрбек Абдураззоқов билан бирга кўмир ташиди. Бироқ қиш куни эмасми, хаш-паш дегунча кеч кириб, қоронғу тушди. Ана шу маҳал юз-қўлини ювиб артинаркан, И. Абдураззоқов иштаҳасини очиш учун ичкари хонада турган ароқдан 200 граммини «отиб олди». Сўнг кечки овқатга ўтирмай туриб, дарвозани қулфлаб қўймоқчи бўлди-ю, аммо калитини тополмади.
— Дарвоза калити қаерда, нега тайинли жойга қўймайсизлар?, — деди Исмоил ака жаҳл аралаш.
— Қаранг, бирон жойга тушгандир. Осмонга учиб кетмаган, — деди хотини писанда қилган кўйи.
Хотинининг бу кесатиғини эшитиб, Исмоил ака баттар асабийлашди, оқибатда эр-хотин бироз ғижиллашиб олишди. Аслида шунақа пайтда аёл киши бир поғона паст тушиб, битта гапдан қолса, нур устига аъло нур бўлади. Лекин Ўғилой опа яна тилига эрк берди.
— Доим шу зормандани ичиб олиб, жанжал қўзғайсан, — деди аёл хўжайинини сенсираб баттар иззат-нафсига тегиб.
Қайнонасининг қайнотасига қилган бундай ҳурматсизлигини кўриб, келини Шарифа лабини тишлади. Аммо кошки эди шу билан уларнинг ғиди-бидиси тугаса. Йўқ, аксинча, тортишув яна янги мавзу устида давом этди. Яъни оила бошлиғи қизи Ёдгоранинг тўйини ёз фаслида ўтказишни, унгача кам-кўстларни бартараф этиб, тайёргарлик қилиб боришни таъкидласа, Ўғилой опа «Тўйни баҳорда ўтказамиз», деб туриб олди. Аксига олиб, Ёдгора ҳам онасини ҳимоя қилиб, отасини жеркиб ташлади.
Буни қарангки, айни жанжалдан сўнг орадан кўп вақт ўтмай Исмоил Абдураззоқов спиртли ичимлик таъсирида ухлаб қолди. Бироқ у тун ярмида уйғониб кетдию, қайтиб ухлолмади. Хотинининг ўжарлиги, калондимоғлиги, боя келинининг олдида ғурурини топтагани сира хаёлидан нари кетмасди. Унинг асаблари қақшаб, юраги алам ва ғазабга тўлиб борарди. Бир чоғ, сира алами босилавермагач, у хўжалик пичоғини қўлига олди-да, тош қотиб ухлаётган хотининг чап кўкрагига 3 марта, сўнг биқинига 2 марта санчди. У пичоқ санчаётганда, хотинининг оғзини чап қўли билан беркитиб турди.
Оқибатда бояқиш аёл тўлғаниб-тўлғаниб жон таслим қилади.
Шундан сўнг кўзи қонга тўлиб, баттар қутуриб кетган эр бояги жанжалда онасининг ёнини олган қизидан ҳам аламини олишни кўзлайди. Шу қабиҳ ниятда у нариги хонада келинойиси билан ётган Ёдгорани чақирди.
— Онанг жуда чарчабди, шекилли, уйғотмадим. Сен жавондан ювилган кийимларни олиб бергин, — деди у, Ёдгора бирон-бир ёмонликни хаёлига келтирмай уйқусираган кўйи жавонни титкилаётганда эса, эс-ҳушини йўқотган ота унинг ортидан бориб, устма-уст пичоқ санчади. Аниқроқ айтганда, қотил ота 18 марта пичоқ санчиб, Ёдгорани тириклик неъматидан маҳрум қилди. Сўнг иккала мурданинг устига кўрпа ташлаб қўйди-да, Россия Федерацияда ишлаётган ўғлига қўнғироқ қилди.
— Онангни ўлдириб қўйдим, тезда етиб кел!, — дедию, бирдан телефонни ўчирди. Келини ҳам уйқудан уйғониб, Ёдгорани сўраганди, онаси билан бирга ухлаётганини айтиб, тинчлантирди.
Аммо орадан бир соат ўтар-ўтмас укаси Қудратилло ҳовлиққан кўйи кириб келди.
— Тинчликми, янгамга нима бўлди? Тўлқинжон Россиядан телефон қилди, — деб сўради.
— Тинчлик, ҳеч гап бўлгани йўқ. Сен уйингга боравер!
И. Абдураззоқов шундай дея укасини ортига қайтариб юборди. Кейин унинг ўзи туман ИИБга бориб, қотилликка қўл урганига иқрор бўлди.
Пировардида унга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «а», «в», «ж»-бандлари билан жиноят иши қўзғатилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, тергов жараёнида стационар тартибда суд-психиатрия экспертизаси ўтказилди. Унга кўра, И. Абдураззоқов жиноят содир этган вақтда ақли расо бўлгани, тиббий йўсиндаги даволанишга муҳтож эмаслиги аниқланди.
Суд мажлисида кўрсатма берган судланувчининг катта қизи Гулсора Абдураззоқова, келини Шарифа Абдураззоқова ва қайноғаси Собитали Ҳожиматов оиладаги ҳаёт рисоладагидек кечгани, қўни-қўшни, қариндош-уруғ ва ён-атрофдагилар илгари бу хонадонда жанжалга гувоҳ бўлмаганини тасдиқлашди.
Жиноят кодексининг 8-моддасида жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсга нисбатан қўлланиладиган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси одилона бўлиши, яъни жиноятнинг оғир-енгиллигига, айбнинг ва шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши, 54-моддасида эса, суд жазо тайинлашда содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, қилмишнинг сабабини, етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдорини, айбдорнинг шахсини ҳамда жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олиши лозимлиги қайд этилган.
Бинобарин, жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди Исмоил Абдураззоқовни узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарди.
Албатта, бу мудҳиш қотиллик ҳақида фикр юритганда, қўнгилда турли хил фикр-мулоҳазалар пайдо бўлади. Бу ўта оғир жиноят нега содир бўлди? Бунинг сабаблари нима билан изоҳланади?
Бу саволларга дафъатан аниқ жавоб топиш мушкул. Аммо шуниси аниқки, оилада эр-хотин ўртасида ўзаро ҳурмат-иззат, меҳр-оқибат ва аҳилликнинг йўқолгани, аёлнинг оилада ўз ўрнини билмаслиги, эрнинг спиртли ичимлик истеъмол қилиши бу мудҳиш воқеанинг келиб чиқишига сабаб бўлмаганми?
Адҳамжон МИРЗАЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Андижон вилояти суди
раисининг ўринбосари,
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист