ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ ЙИГИРМА ТЎРТИНЧИ ЯЛПИ МАЖЛИСИ ТЎҒРИСИДА АХБОРОТ
2019 йил 30 ноябрь куни Тошкент шаҳридаЎзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси иш бошлади. Ялпи мажлисда ҳукумат аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Ялпи мажлис кун тартиби тасдиқлангач, сенаторларкўриб чиқиладиган масалалар муҳокамасига киришдилар.
Сенаторлар ишни “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилишдан бошладилар.
Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 22 августдаги қарорига мувофиқ бюджет маблағлари шаклланиши ва сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг янги тартиби белгилаб олинди.
Жумладан, мамлакатимизнинг асосий молиявий ҳужжати илк бор қонун шаклида қабул қилинмоқда. Қонунда “биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи”, “иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи”, “умумий фискал баланс”, “ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчи” тушунчалари очиб берилмоқда. 2020 йилда бюджет жараёни иштирокчилари ўртасида бюджет ваколатларини тақсимлашнинг ўзига хос хусусиятлари, биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга республика бюджетидан ажратиладиган маблағлардан фойдаланиш ва уларни қайта кўриб чиқиш тартиби, иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган бюджет маблағлари, ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган бюджет маблағлари белгиланмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети параметрлари белгиланмоқда, улар қуйидагиларни ўз ичига олади: Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети даромадлари ва харажатлари, 2020 йил учун давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг даромадлари прогнози ва харажатлари, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетини, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, айрим солиқлар ва тўлов ставкаларини тасдиқлаш, Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг, Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармаларини шакллантириш, 2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг бюджет тизими барқарорлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси кафолати остида ва Ўзбекистон Республикаси номидан олинадиган ташқи қарзнинг чекланган ҳажмларни белгилаш, ташқи қарз ҳисобига амалга ошириладиган харажатлар.
Ушбу Қонуннинг муҳим жиҳатларидан бири шуки, унда Ўзбекистон Республикаси консолидациялашган бюджети ижросининг шаффофлигини таъминлаш чоралари белгиланмоқда, бу барча даражалардаги давлат бошқаруви сектори жавобгарлигини оширишга, бюджет интизомини мустаҳкамлашга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаатлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари роли ҳамда жавобгарлигини янада кучайтиришга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
2020 йилда ЯИМнинг 5,5 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг 6,5 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг 4 фоизга, капитал қуйилмалар ҳажмининг камида 10 фоизга, чакана савдо айланмасининг 5,6 фоизга, хизмат кўрсатиш ҳажмининг 5,7 фоизга ўсиши прогноз қилинди.
2020 йилда ижтимоий соҳани молиялаштириш кучайтирилади. Бу йилги кўрсаткичларга нисбатан соғлиқни сақлаш тизимига сарфланадиган харажатлар 18 фоизга, таълимга сарфланадиган харажатлар 10 фоизга, илм-фанни ривожлантиришга сарфланадиган харажатлар 47 фоизга ошади.
Таълим, тиббиёт, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш ва бошқа йўналишлар бўйича қарийб 100 та мақсадли дастурни амалга ошириш режалаштирилган.
Инфляция ўсиши прогноз қилинган, ҳукуматда Ўзбекистон иқтисодиётини янада ривожлантиришга доир аниқ стратегия ва модел мавжуд.
Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси Давлат бюджети маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланишда иштирок этади. Давлат бюджети маблағларини шакллантиришда солиқ тўловчи сифатида, улардан фойдаланишда давлат томонидан тақдим этиладиган қулайликлар ва хизматларнинг истеъмолчиси сифатида иштирок этади.
2019 йилдан бошлаб фуқаролар туманлар (шаҳарлар) бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобига молиялаштириладиган тадбирларни белгилашда иштирок этиши мумкин. Бу мақсадларга туман ёки шаҳар бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 10 фоизи йўналтирилади.
Шундан сўнг парламент аъзолари“Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.
Қонуннинг мақсади бюджет маълумотлари очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш, бюджет маблағлари шаклланиши ва сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтиришдир. Қонун Ўзбекистон Республикасининг 3 та қонуни ва 1 та кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.Бунда парламент томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари тўғрисидаги Қонунни қабул қилиш тартиби, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунни кўриб чиқиш ва қабул қилишда Олий Мажлиснинг бюджетга доир ваколатлари назарда тутилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини тасдиқлаш тартиби жорий этилиши муносабати билан Қонунда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига кейинги йилга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш ҳамда унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тартиби ва муддатларини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Бюджет кодекси янги тушунчалар билан тўлдирилмоқда,унга Вазирлар Маҳкамаси, Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги бюджет ваколатларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилмоқда.
Бундан ташқари, “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган ўзгартишга кўра Давлат бюджети тўғрисидаги қонунни ижро этиш жараёнини кўриб чиқиш парламент назоратининг шаклларидан бири ҳисобланади.
Мажлисда таъкидланганидек, Қонун Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг парламент томонидан сифатли кўриб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминлашга кўмаклашади, бу эса халқаро стандартларга тўлиқ мувофиқ келади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра Сенат аъзолари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурининг 2019 йил учинчи чорагидаги ижроси юзасидан ҳисоботи тўғрисидаги масалани муҳокама қилдилар.
Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида 2019 йилнинг 9 ойи давомида ялпи ички маҳсулот ўтган йилнинг шундай даврига нисбатан 5,7 фоизга ўсди. Бу даврда жалб қилинган инвестициялар ҳажми 46,0 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 19,3 фоизга ошди. Ўзлаштирилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 3,6 млрд. АҚШ долларини ташкил этди.
Амалга оширилган ишлар билан бирга ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар, фойдаланилмаган имкониятлар ва мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган айрим муаммолар мавжуд. Жумладан, Давлат дастурида белгиланган ва жорий йилнинг учинчи чорагида бажарилиши назарда тутилган 11 та топшириқ ҳануз бажарилмаган. Мажлисда мамлакат ривожланиши учун муҳим бўлган ва аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган тадбирлар, жумладан, мажбурий тиббий суғурта механизмларини жорий этиш, уй-жой фондининг иситиш тизимларини яхшилаш билан боғлиқ масалалар бажарилмаганлиги афсус билан қайд этилди.
Бизнес субъектларини ривожлантириш йўлидаги сунъий тўсиқлар узил-кесил бартараф этилмаган, лицензиялашнинг мураккаб тизими сақланиб қолмоқда, бу эсатўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишга салбий таъсир кўрсатмоқда. Товарлар ва капитал бозорларида фаолият кўрсатадиган корхоналарнинг устав капиталида давлат улушини камайтириш бўйича ишлар кўнгилдагидек эмас. Натижада бизнес юритиш соҳасида рақобат муҳитини янада яхшилаш борасида муайян тўсиқлар сақланиб қолмоқда. Иқтисодий, ҳуқуқий ва ижтимоий соҳаларда йўл қўйилаётган камчиликлар мамлакатда коррупция даражасини камайтиришга қаратилган ишларга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган ахборотни маълумот ун қабул қилиб, Сенат ҳукуматнинг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурининг 2019 йил учинчи чорагидаги ижроси бўйича фаолиятини қониқарли деб топди. Муҳокама қилинган масала юзасиданОлий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан кейин “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама этилди.
Қайд этилганидек, ҳозирги вақтда Вазирлар Маҳкамаси фаолияти “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги 1993 йил 6 майдаги Қонун билан тартибга солинади. Бироқ бу Қонун Вазирлар Маҳкамасига тааллуқли ваколатлар ва масалаларни, Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини тайинлаш тартибини, шунингдек уларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси олдида ҳисобдорлигини тўлиқ акс эттирмайди. Шу муносабат билан бу Қонунни янги таҳрирда қабул қилиш зарурати юзага келди.Қонунда Вазирлар Маҳкамаси мақомини, Вазирлар Маҳкамасига тааллукқли масалалар, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг турли соҳалардаги асосий ваколатлари назарда тутилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи, Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини режалаштириш ва баҳолаш, Вазирлар Маҳкамасига масалалар киритиш ва кўриб чиқиш тартиби, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида кўриб чиқиладиган умумий масалалар, бу масалаларда қарорлар қабул қилиш, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари турлари мустаҳкамланмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг Президент ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, суд ҳокимияти органлари билан ўзаро муносабатларига аниқлик киритилмоқда. Сўзга чиққанлар Қонун Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини янада такомиллаштиришга, шунингдек ўз ваколатларини амалга ошириш жараёнида жавобарликни оширишга кўмаклашади.Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра юқори палата аъзолари “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Қайд этилганидек, Қонунда волонтёрлик фаолияти соҳасида юзага келадиган ижтимоий муносабатлар тизимини белгилаш, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш, мамлакатда фуқаролик жамиятини ривожлантиришни давом эттириш, шунингдек ҳозирги замон шароитларида волонтёрлик фаолияти самарали амалга оширилиши ва ривожланишини таъминлайдиган қонунчилик асосларини такомиллаштириш назарда тутилган.
Сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, мамлакатимизда олиб борилаётган улкан ишлар туфайли ННТ ва фуқаролик жамиятинингбошқа институтлари ҳамда фуқароларнинг ижтимоий аҳамиятга эга масалаларни ҳал этишдаги иштироки кучайди, жумладан, хайрия тадбирлари, акциялар, ҳашарларда қатнашиш, йирик халқаро конференциялар ва форумлар, спорт мусобақалари ва бошқа тадбирларни ўтказишда кўмаклашиш орқали уларнинг иштироки фаоллашди. Ушбу тадбирларни тайёрлашдаги волонтёрларнинг аҳамияти йўқ эмас. Таҳлил шуни кўрсатдики, Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш жараёнида волонтёрлик институтидан фойдаланиш мумкин.
Мамлакатимиз амалиётини ўрганиш шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда волонтёрлик ҳаракати фаол ривожланаётганлигига қарамай, тегишли таянч тушунчаларга эга бўлган ва унинг фаолиятини тартибга соладиган мустаҳкам қонунчилик базасиҳали ҳам мавжуд эмас. Янги Қонун мазкур масалалар ечимини топишга ва волонтёрлик ҳаракати янада фаоллашишини рағбатлантиришга, шунингдек волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча кафолатлар яратишга қаратилган. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин парламент аъзолари “Банкротлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунни кўриб чиқдилар. Таъкидланганидек, Қонун Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг кўрсаткичларини яхшилашга йўналтирилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Хусусан, Қонун билан банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги атамаларни умумқабул қилинган станлартларга мувофиқлаштиришни, шунингдек банкротлик тартиб-таомиллари ҳар бир босқичи ўтиши муддатларини мақбуллаштиришни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда. Таянч тушунчалар кенгайтирилмоқда, жумладан, “бир турдаги кредиторлар” ва “тўлов қобилиятини тиклаш таомили” каби тушунчалар киритилмоқда.Шу билан бирга, Қонун қарздорнинг банкротлик аломатлари тушунчасини кенг ёритиб бериш, жумладан, мажбуриятларни бажариш муддатларини ва шаҳарни ташкил этувчи корхонага ҳамда унга тенглаштирилган корхонага қўйилган талаблар миқдорини, шунингдек қарздор якка тартибдаги тадбиркорга ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсга нисбатан талаблар миқдорини белгилашни назарда тутувчи нормалар билан тўлдирилмоқда.
Шунингдек, суд бошқарувчиларининг профессионал бирлашмасига суд бошқарувчиси номзодини иқтисодий судга таклиф қилиш ҳуқуқини бериш, қарздорнинг молиявий аҳволи ва (ёки) ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни кредиторнинг талабига кўра ўн кунлик муддатда тақдим этиш бўйича вақтинчалик, санация қилувчи, ташқи ва тугатувчи бошқарувчининг мажбурияти ва бошқалар назарда тутилган.
Таъкидланеганидек, Қонун мамлакатимиз қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга ҳамда Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга хизмат қилади. Қонун Сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра сенаторлар“Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Қайд этилганидек, ҳозирги вақтда касаба уюшмалари фаолияти Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлда қабул қилинган “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинади. Бироқ амалдаги Қонун нормалари анча эскирган ва Меҳнат кодекси, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонунлар нормаларини концептуал жиҳатдан акс эттирмайди.
Шу муносабат билан ушбу соҳани тартибга соладиган янги Қонун ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурати юзага келди.
Қонунда касаба уюшмалари фаолиятининг қуйидаги асосий принциплари белгилаб берилмоқда: қонунийлик, ихтиёрийлик, камситишга йўл қўймаслик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш, тенг ҳуқуқлилик, ошкоралик ва очиқлик. Шу билан бирга касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг ҳуқуқларига риоя этилиши кафолатлари белгиланмоқда. Жумладан, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, иш берувчилар касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлайди.Касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг фаолиятига аралашишга, шу жумладан уларнинг фаолияти тўғрисида бирор-бир ҳужжат тақдим этишни талаб қилишга, касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг фаолиятини давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, иш берувчилар ташаббусига кўра тугатишга йўл қўйилмайди.
Бундан ташқари, касаба уюшмалари фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, касаба уюшмаларининг мулк ҳуқуқи кафолатлари, касаба уюшмалари органларига сайланган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилмаган ходимлар учун кафолатлар, касаба уюшмалари органларига сайланган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилган ходимлар учун кафолатлар, касаба уюшмалари органларига сайланган ходимлар учун меҳнатга оид қўшимча кафолатлар назарда тутилмоқда.
Қайд этилганидек, Қонун ходимлар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишда касаба уюшмалари учун қулай шарт-шароит ва кафолатлар яратишга, касаба уюшмаларининг иш берувчилар, давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлиги механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин парламент аъзолари “Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартиби такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилдилар.
Қайд этилганидек, Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” 2019 йил 21 майдаги Фармонидан келиб чиқиб, шунингдек қонун ҳужжатларини мувофиқлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилди.Қонун Ўзбекистон Республикасининг 25 та қонуни, 12 та кодекси, шунингдек қонунлар билан тасдиқланган 17 та низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади. Жумладан, “иш ҳақининг энг кам миқдори” термини “меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори”, “базавий ҳисоблаш миқдори” ва “пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори” терминларига ўзгартирилди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Навбатдаги муҳокама мавзуси “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни бўлди.
Қонуннинг мақсади болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича фаолиятни таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришдан иборат. Қонун Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга ва Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритишни назарда тутади.
Жумладан, суд иши юритуви ва суд текширувининг барча босқичларида вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қўшимча кафолатларини таъминлаш мақсадида Қонун билан Жиноят-процессуал кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Масалан, янги нормаларда вояга етмаганлар, соқовлар, карлар, кўрлар ва ўзининг жисмоний нуқсонлари ёки руҳий бузилишлари туфайли ҳимояланиш учун ҳуқуқлардан фойдаланишда қийинчилик ҳис қилаётган бошқа шахслар бўйича ҳимоячини рад этишга йўл қўймаслик назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, вояга етмаганнинг истаги бўйича унинг катта ёшдаги яқин қариндошларидан бири ёки ўзи ишонадиган бошқа шахснинг қонуний вакил сифатида иштирок этиш имкониятиназарда тутилмоқда.
Ўзгартиш ва қўшимчаларда вояга етмаган шахс қонуний вакилининг ўзи вакиллик қилаётган шахсга нисбатан ўтказиладиган процессуал ҳаракатларда албатта иштирок этиши, вояга етмаган гувоҳнинг ёки жабрланувчининг розилиги билан унинг қонуний вакили ёки катта ёшдаги яқин қариндоши, педадог ёки жабрланувчи вакили иштирокида сўров ўтказишбелгиланмоқда.
“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартишларга кўра давлат болани ҳуқуқбузарликлар ва ғайриижтимоий ҳаракатлар содир этишга жалб этилишидан, эксплуатация ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилинишини амалга оширади, шунингдек уларнинг содир этилишига имкон берган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлайди ҳамда бартараф этади.
Бундан ташқари, Қонун жиноят жараёни иштирокчиси бўлган боланинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини белгиловчи норма билан тўлдирилмоқда. Жумладан, болага ҳар қандай руҳий ёки жисмоний таъсир ўтказиш, уни кўрсатмалар беришга ёки айбини тан олишга мажбурлаш, судга қадар иш юритиш ва суд муҳокамаси жараёнида болаларга нисбатан улар қонуний вакилларининг иштирокисиз амалга ошириладиган процессуал ҳаракатларни бажариш тақиқланади, шунингдек вояга етмаган шахснинг жиноятлари тўғрисидаги ишлар бўйича судга қадар иш юритишнинг ва суд муҳокамасининг барча босқичларида ҳимоячининг иштирок этиши шартлиги назарда тутилмоқда.Қонун қабул қилиниши боланинг, шу жумладан жиноят жараёни иштирокчиси ҳисобланган боланинг ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга, жиноят жараёнининг барча босқичларида вояга етмаганлар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга хизмат қилади.Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг Сенат аъзолари “Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.
Таъкидланганидек, Қонуннинг мақсади тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартибини соддалаштириш, шаффофликни ошириш орқали коррупция омилларининг олдини олишдир. Қонун Ўзбекистон Республикасининг 5 та қонуни ва 2 та кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади. Жумладан, Фуқаролик кодексига фаолият рухсатномасиз (лицензиясиз) амалга оширилган ёки қонунда тақиқланган фаолият амалга оширилган тақдирда, суднинг қарорига кўра юридик шахсни тугатиш имкониятини назарда тутувчи ўзгартиш киритилмоқда.
Бундан ташқари, тугатувчи юридик шахснинг тугатилиши ҳақида оммавий ахборот воситаларида эълон бериши,юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектини ихтиёрий равишда тугатиш тўғрисидаги эълон рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан унинг расмий веб-сайтига жойлаштирилиши Қонун билан мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Юридик шахснинг тугатилиши ҳақидаги эълонда унинг кредиторлари талабларини билдириш тартиби ва муддатлари кўрсатилади. Бу муддат тугатиш тўғрисидаги эълон чиққан пайтдан эътиборан икки ойдан кам бўлмаслиги керак.
“Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонунга фермер хўжалигини юритиш учун ер участкаси бериш бўйича очиқ танловда фермер хўжалиги бошлиғи томонидан кўрсатиб ўтилган мол-мулк, техника ва пул маблағлари устав фондига киритилмаганда фермер хўжалиги тугатилишини назарда тутувчи ўзгартиш киритилмоқда.“Хусусий корхона тўғрисида”ги Қонунга хусусий корхона унинг мулкдорининг ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суднинг қарорига кўра қайта ташкил этилиши, шунингдек хусусий корхона унинг мулкдорининг ёки суднинг ёхуд рўйхатдан ўтказувчи органнинг қарорига кўра тугатилиши мумкинлигини белгиловчи ўзгартиш киритилмоқда.
Фуқаролик кодексига ва “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонунларганорма киритилмоқда. Унга кўра рўйхатдан ўтказувчи органнинг қарорига кўра жамиятни тугатиш ушбу жамият молия-хўжалик фаолияти амалга оширилмаганлиги сабабли белгиланган тартибда ҳаракатсиз ҳолатга ўтказилган пайтдан эътиборан уч йил ичида унинг фаолияти тикланмаган тақдирда амалга оширилади.
Солиқ кодексига қўшилаётган нормага кўра тадбиркорлик субъекти ихтиёрий равишда тугатилаётганда молия-хўжалик фаолияти текшируви солиқ тўловчи фаолиятининг бевосита текширув ўтказилаётган йилдан олдинги кўпи билан уч календарь йилни қамраб олиши мумкин. Қонун қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартибини соддалаштиришга ва шаффофлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Сенаторлар “1993 йил 22 январдаги Фуқаролик, оилавий ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам ҳамда ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Конвенцияга доир Баённомани (Москва, 1997 йил 28 март) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини маъқулладилар.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати 2019 йил 24 август куни “Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги конвенцияга (Кишинев, 2002 йил 7 октябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги Қонунни маъқуллади. Бу Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Арманистон, Украина, Тожикистон, Грузия ва Молдова ваколатли органлари бир-бири билан ўзларининг марказий, ҳудудий ва бошқа органлари орқали ҳамкорлик қилиши учун ҳуқуқий асослар яратишга кўмаклашади. Бироқ ушбу Қонуннинг талаблариЎзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги муносабатларга татбиқ этилмайди, чунки Россия Федерацияси 2002 йил 7 октябрда Кишиневда имзоланган Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги конвенциянинг иштирокчиси ҳисобланмайди.
Шу билан бирга, Минск конвенцияси доирасида кўриб чиқиладиган ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги сўровларнинг кўпчилиги Россия Федерацияси улушига тўғи келади. Сенаторлар Қонун Минск конвенцияси иштирокчи мамлакатлари ваколатли органларининг ўзаро муносабатларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Олий Мажлис Сенати аъзолари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2019 йилги харажатларига ўзгартиш киритиш тўғрисидаги масалани муҳокама қилдилар.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини ижро этиш жараёнида айрим соҳалар бўйича харажатлар кўпайди, шу муносабат билан қўшимча маблағлар йўналтирилди. Бу йўналишлардаги харажатлар 10 фоиздан ортиққа ошиши, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини сақлаб туриш учун харажатлар 12,3 фоизга камайиши кутилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг белгиланган тартибда Сенат кўриб чиқиши учун киритилган тақдимномасига мувофиқ тегишли йўналишлар бўйича 2019 йил учун тасдиқланган Давлат бюджети параметрларини 11676,3 млрд. сўмга ошириш ва 95,2 млрд. сўмга камайтириш тўғрисида сўровнома баён этилган. Масала парламент аъзолари томонидан маъқулланди, Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан кейин парламент аъзолари Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳри ва Самарқанд тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисида, Сурхондарё вилояти таркибида Бандихон туманини ташкил этиш ҳамда Қизириқ, Бойсун ва Қумқўрғон туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.
Сўнгра сенаторлар Давлат божхона хизмати органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати ва Тошкент вилоятидаги чегара божхона постлари фаолиятини ўрганиш натижаси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар. Давлат божхона хизмати органларида қонун ҳужжатлари ижроси ҳолатини ўрганишда қатор муаммоли масалалар аниқланганлиги, шу туфайли мазкур парламент сўровини юбориш зарурати юзага келганлиги таъкидланди. Бу масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Сенаторлар арзон уйлар жойлар қуриш жараёнидаги муаммолар, шунингдек, аҳолини табиий газ ва электр энергияси билан таъминлаш жараёнидаги муаммолар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юборилишини маъқулладилар.
Олий Мажлис Сенати аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масалани ҳам кўриб чиқдилар. Ялпи мажлисда парламент юқори палатасининг ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Барча муҳокама этилган масалалар юзасидан Сенатнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида 19 та масала, шу жумладан 10 та қонун кўриб чиқилди. Сенаторлар томонидан маъқулланган Ўзбекистон Республикаси қонунлари давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада мустаҳкамлашга, шунингдек халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилганлиги таъкидланди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
ахборот хизмати