ЎЗ РАФИҚАСИНИ ЧУВ ТУШИРГАН ФИРИБГАР
Одатда, фирибгарлар содда, ишонувчан кишиларга ўзларини ўта бечораҳол, хокисор қиёфага солиб кўрсатиб, ғаразли мақсадларига етишни кўзлашади. Аммо бегоналар қолиб, ўз таниши ва қўшниларини, ҳатто умид билан бир ёстиққа бош қўйган рафиқасини ҳам чув туширган устаси фаранг фирибгар ҳақида эшитганмисиз?
Ажабланманг, ана шундай кимса бор экан орамизда.
Бу — Фарғона шаҳрида яшовчи, 32 ёшли Дилмурод Эрматов (исм-шарифлари ўзгартирилган) бўлиб чиқди. Жиноят иши материалларидан аён бўладики, Дилмуроднинг жиноий хатти-ҳаракати, аниқроғи, турмуш ўртоғи Холида Эрматовага нисбатан фирибгарлиги 2018 йилнинг февраль ойидан бошланган. Ўшанда у «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг Фарғона минтақавий филиалидан Х. Эрматова номига 4 050 000 сўм миқдорида кредит олади.
— Кредит фоизлари ва тўловларини банкка ўзим қайтараман, — дейди у хотинини ишонтириш мақсадида.
Д. Эрматов шундай дея кредитнинг 1 476 000 сўмини тўлайди-ю, қолган 2 574 000 сўм миқдоридаги қисмини шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: нега Дилмурод кредит маблағини ўзининг эмас, балки турмуш ўртоғининг номига расмийлаштирган?
Бунга жавобан шуни айтиш мумкинки, у ҳеч қаерда ишламагани боис Фарғона шаҳридаги 32-мактабгача таълим муассасасида фаолият юритувчи аёлининг иш ҳақини кредит таъминоти сифатида расмийлаштирган.
Шу тариқа кейинги гал — 2018 йилнинг июнь ойида рафиқасининг номига «Ҳамкорбанк»нинг Истиқбол филиали томонидан расмийлаштирилган 7 000 000 сўмлик кредит маблағини қўлга киритади.
У хотинини ишонтириш ва тинчлантириш мақсадида қарзнинг 1 204 265 сўмини тўлайди, холос. Қолган 5 795 735 сўм маблағни яна ҳамёнига уради.
Бундан ташқари фирибгар эр рафиқасини «Ишонч» кредит савдо дўкони вакиллари олдида ҳам мулзам қилади. Яъни 2018 йил сентябрь ойида ушбу савдо дўкони ва Холида Эрматова ўртасида 14 279 000 сўмлик маиший техника буюмларни харид қилиш юзасидан шартнома имзоланади. Бироқ кредитни тўлиқ ўзи қайтаришини ваъда қилган куёвтўра бор-йўғи 3 640 000 сўм миқдоридаги тўловни амалга оширади, холос.
Шундан сўнг Д. Эрматов хотинининг ҳамкасбларини — шаҳардаги 32-мактабгача таълим муассасаси ходимларини нишонга олади. Уларни ҳам худди хотини сингари алдаб, кредит тўловларни ўзи тўлашини ваъда қилиб, муассаса ходими Гулбаҳор Каримова номига «Алоқабанк»нинг Фарғона филиалидан 8 000 000 сўм миқдорида кредит ажратилишига эришади. Лекин ушбу қарзнинг ҳам бир қисмини — 1 212 121 сўмини тўлаб, 6 787 879 сўмини ўзининг шахсий манфаатлари йўлида сарфлайди. Кредит фоизи ва асосий қарзни қайтаришни эса, хаёлига ҳам келтирмайди. Г. Каримова эса, бундан фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига жавобгар тариқасида чақиртирилгач, хабар топади. Натижада суднинг 2019 йил 18 сентябрдаги ҳал қилув қарорига асосан ундан кредитнинг асосий қарзи ва фоизлари эвазига банк фойдасига 6 920 356 сўм ҳамда 276 814 сўм давлат божи ундириш белгиланади. Аммо Гулбаҳор Каримова 32-мактабгача таълим муассасасидаги Дилмуроднинг фириб тўрига илинган ягона ходим эмасди. Негаки, «қаҳрамон»имиз хотинининг ҳамкасбларидан яна Зуҳра Баҳриддинова ва Муслима Ҳайдароваларни ҳам чув туширади. Аниқроғи, у 2018 йил ноябрь ойида Зуҳра Баҳриддинова номига «Ишонч» кредит савдо дўконидан 3 794 000 сўмлик маиший техника буюмларини, 2019 йил январь ойида эса, «Капиталбанк»нинг Фарғона филиалидан 6 000 000 сўм миқдорида кредит маблағини олади-да, иккала қарз ҳисобидан, бор-йўғи, 1 563 965 сўм тўловни амалга оширади. Ёки 2019 йил февраль ойида Муслима Ҳайдарова номига «Қишлоққурилишбанк»нинг Марғилон филиали ҳамда «Капиталбанк»нинг Фарғона филиали томонидан расмийлаштирилган жами 17 000 000 сўм миқдоридаги кредит маблағларини қўлга киритади.
Бироқ уларнинг эвазига банкларга атиги 991 678 сўм тўлайдию, қолганини….
Буни қарангки, Д. Эрматов Фарғона шаҳрининг ўзи истиқомат қиладиган Алишер Навоий номидаги маҳалла фуқаролар йиғини котибаси Гулшаной Ўлмасовани ҳам лақиллатади. Пировардида Г. Ўлмасова Дилмурод учун ўз номига «Капиталбанк»нинг Фарғона филиалидан 9 000 000 сўм, «Ипотекабанк»нинг Фарғона вилоят филиалидан 10 000 000 сўм миқдорида, «Гаранд» кредит савдо дўконидан 3 206 000 сўмлик маиший техника буюмларини олиб беради. Аммо фирибгар ушбу маблағларни қайтариш ўрнига 20 660 344 сўмини «ҳазм» қилиб юборади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ака-ука Бобурбек ва Баҳодир Холиқовлар Дилмурод Эрматовнинг қилмишларидан бошқаларга нисбатан кўпроқ жабр кўрди. Чунки Д. Эрматов 2018 йил октябрь ойидан 2019 йил февраль ойига қадар Бобурбек ва Баҳодир Холиқовларнинг ўзи, Бобурбекнинг турмуш ўртоғи ва онаси А. Эргашова номига «Фартуна бизнес» микрокредит ташкилотидан 57 000 000 сўм кредит маблағи ҳамда «Ишонч» ва «Гаранд» кредит савдо дўконларидан 5 145 000 сўмлик маиший техника буюмларини олишга эришади. Бунинг учун Баҳодир шахсий «Кобалт» русумли автомашинасини гаровга қўяди. Бироқ у шунча кредит маблағини ҳеч иккиланмай шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади. Қолаверса, Дилмурод 2019 йил март ойида Баҳодирдан 900 АҚШ доллари миқдорида қарз олиб, қайтариб бермайди.
Мана шу тариқа Д. Эрматов рафиқасидан ташқари фуқаролар Маҳлиё Эргашева, Юлдузхон Ҳакимова, Асадулло Абдураҳмонов, Азизбек Номозов, Равшанжон Абдуллаев, Зарифа Маматова, Абдураҳим Абдунумонов, Элёржон Тешабоев ва Музаффаржон Тўйчиевлар номига тижорат банклари, кредит савдо дўконлари, микрокредит ташкилотларидан пул маблағлари ҳамда маиший техника буюмларини олиб, қарзларини қайтармай, 41 та ҳолатда фирибгарликка қўл уради. Лекин жабрланувчиларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга қилган мурожаатига биноан, кўп ўтмай унинг кирдикорлари фош бўлди. Оқибатда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Аммо шунда ҳам Дилмурод жабрланувчиларга етказилган зарарларни қопламади. Бинобарин, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди уни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б»-банди билан айбдор деб топиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди. Шу билан бирга, судланувчидан «Ўзсаноатқурилишбанк», «Ҳамкорбанк», «Алоқабанк», «Капиталбанк», «Агробанк», «Ипотека банк», «Микрокредитбанк», «Қишлоққурилишбанк» Фарғона филиаллари, «Техномарт» номли савдо дўкони, «Гарант мебеллари», «Фарғона Бест Мебел», «Фарғона Ишонч савдо» масъулияти чекланган жамиятлари, «Фортуна бизнес» микрокредит ташкилоти, «Мунис мебеллари» савдо дўкони, фуқаролар А. Номозов, Э. Тешабоев, М. Тўйчиев, Б. Холиқов ва А. Абдураҳмоновлар фойдасига 239 588 616 сўмлик моддий зарарни ундириш белгиланди.
Ажаб эмас, энди «қаҳрамон»имиз ўзига тегишли хулоса чиқариб, жиноий хатти-ҳаракатларига чек қўйса. Зеро, қонун измидан чиқмай, пешона тери эвазига умргузаронлик қилишга нима етсин?!
Авазбек ИНАМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Фарғона шаҳар судининг судьяси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист