ҲАР ИШНИНГ ЎЗ СЎРОВИ БОР

Маълумки, ер ресурсларига нисбатан оқилона муносабатда бўлиш, улардан унумли ва самарали фойдаланиш халқимизнинг фаровон яшашини таъминлайдиган асосий манба саналади. Амалдаги қонун ҳужжатлари, хусусан, Ер кодексининг 16-моддасида ер давлат мулки — умуммиллий бойлик эканлиги, ундан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва у давлат томонидан муҳофаза этилиши қатъий белгилаб қўйилган. Шунингдек, ер давлат мулки бўлгани боис, у айирбошланмайди, ҳадя этилмайди ва гаровга қўйилмайди.

Айниқса, кейинги йилларда юртимизда мавжуд экин майдонлари, томорқа ерлардан самарали фойдаланиш, деҳ­қон-фермер хўжаликлари, то­мор­қа ер эгаларининг қонуний ҳу­қуқ ва манфаатларини таъ­мин­лаш бо­расида тизимли иш­­­лар амалга оширилмоқда. Бу борада бундан бир йил муқаддам қа­бул қилинган «Ер тўғ­ри­си­даги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қў­шимчалар ки­ритиш тўғрисида»ги қонун муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Айтиш керакки, ушбу янги қонун билан амалдаги олтита кодексга тегишли ўзгартиш ва қў­шимчалар киритилди. Хусусан, Фуқаролик кодекси «Ўз­бошимчалик билан иморат қуриш ва унинг оқи­батлари» деб номланган 212-модда билан тўлдирилди.

Шу ўринда ушбу модда моҳиятига тўхталадиган бўлсак, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шу­нинг­дек, иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қу­рилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳи­собланади.

Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга нисбатан мулк ҳуқуқини ололмайди. Демак, бу шахс қурган иморатни тасарруф этиш, яъни сотиш, ҳадя этиш, ижарага бе­­риш ёки иморатга нисбатан бошқа битимларни тузишга умуман ҳақ­ли эмас. Ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан суднинг қарорига кўра, иморатни қурган шахс томонидан ва унинг ҳисобидан бузиб ташланади.

Шу ўринда фикримизни ми­­­соллар асосида далиллайдиган бўлсак, Каттақўрғон туман ҳо­кимлиги судга туманнинг «Алижон» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Рамазон Йўлдошев (исм-шарифлар ўз­гарти­рил­ди) га нисбатан ўз­бо­шим­чалик билан қурилган қурилишларни мажбурий тартибда бузиб ташлаш ва ерни туман ҳокимлиги захира ерлари ҳисобига қайтаришни сў­раб, даъво ариза билан му­рожаат қил­ди.

Мазкур фуқаролик иши туман ҳокимиятининг маъмурий биносида сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди. Жавобгар Р. Йўлдошев номига тегишли тартибда суднинг чақирув ха­ти юборилган бўлса-да, лекин у номаълум сабабларга кў­ра, ишда иштирок этмади. Суд Фу­қаролик процессуал кодексининг 282-моддасига асосан, ишни жавобгарнинг иштирокисиз кў­риб чиқди.

Аниқланишича, фуқаро Р. Йўл­дошев туманнинг «Бўс­тон» массивидаги ер майдо­ни­ни ноқонуний равишда эгаллаб олиб, ўзбошимчалик билан уй-жой қурган ва ундан фойдаланиб келган. Мазкур ҳолат юзасидан туман «Ермулккадастр» давлат корхонаси тегишли мутахассислар иштирокида мониторинг ўтказган. Ўр­ганиш чоғида фуқаро Р. Йўл­дошев ўзбошимчалик билан 16 сотих ер майдонини эгаллаб олгани, ана шу майдоннинг 3 сотихига уй-жой қургани аниқланган ва бу ҳақида далолатнома тузилган.

Даъвогарга жавобгар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда мазкур ер майдони «Янгиқўрғонча» қишлоқ фуқаролар йиғинининг 1999 йил 7 январдаги қарори асосида олинган бўл­са-да, лекин ер майдони ўлчаб берилганлиги далолатномаси мавжуд эмас. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 февралдаги 41-сонли қарорига зид равишда жавобгар аҳо­ли пунктларини комплекс қу­ришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини қатъий ба­жарилиши талаблари­ни­ қў­пол тарзда бузган. Шу са­­баб­дан ҳам, даъвогар Р. Йўлдошев томонидан ўзбошимчалик билан ноқонуний қурилган уй-жойни унинг ҳи­собидан бузишни, эгаллаб олинган ер майдонини туман ҳокимлиги захира ер­­­лари ҳи­­­­собига қайтариб, ер майдонидан жавобгарни мажбурий тарзда чиқаришни сў­раган.

Захира ер майдони масаласига ойдинлик киритадиган бўл­сак, Ер кодексининг 78-моддаси 1-бандига кў­ра, юридик ва жисмоний шахсларга эгалик қилиш, фойдаланиш учун, ижарага ва мулк қилиб берилмаган (реализация қи­линмаган) барча ерлар захира ер ҳисобланади. Мазкур модданинг 2-бандида эса, «Захира ерлар туман, шаҳар давлат ҳокимияти органларининг та­сарру­фи­да бўлади» деб кўрсатилган.

Суд юқорида тилга олинган қонун талаблари ҳамда иш ҳо­латларига асосланди. Даъвогар — Каттақўрғон туман ҳо­ким­лигининг жавобгар — Р. Йўлдошевга нисбатан ўзбошимчалик билан қурилган қурилишларни мажбурий тар­тибда бузиб ташлаш, ер майдонидан чиқариш ва ер майдонини туман ҳо­ким­лиги захира ер­лари ҳисобига қайтариш тўғ­риси­даги даъво талабларини қа­ноат­лантириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди. Жавобгар ҳисобидан давлат фойдасига 172 минг 240 сўм давлат божи ундирилди.

Биринчи босқич судининг ушбу ҳал қилув қарорига нисбатан Р. Йўлдошев томонидан келтирилган кассация шикоя­ти фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди кассация инс­тан­циясининг очиқ сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди. Кассация судлов ҳайъати Р. Йўлдошев ҳеч бир ҳужжатсиз 16 сотих майдонни ўзбошимчалик билан эгаллаб олган ва ноқонуний фойдаланиб келган, деган тўхтамга келди. Биринчи бос­қич­ судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш тўғ­рисида аж­рим чиқарди.

Мажбурий ижро бюроси туман бўлими эса, суднинг ушбу қарори ижросини тўлиқ таъминлади.

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда Конс­титуция ва қо­нунларга асосланган ҳуқуқий-демократик давлат, эркин, адолатли фу­қаролик жамияти барпо этилаётган экан, ҳар бир фуқаро амалдаги қонунларга қатъий риоя этиши талаб қилинади. Чунки қонун ўзбошимчаликни асло кечирмайди.

 

Камол НОМОЗОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Каттақўрғон туманлараро судининг раиси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: