ҲАР ИШНИНГ ЎЗ СЎРОВИ БОР
Маълумки, ер ресурсларига нисбатан оқилона муносабатда бўлиш, улардан унумли ва самарали фойдаланиш халқимизнинг фаровон яшашини таъминлайдиган асосий манба саналади. Амалдаги қонун ҳужжатлари, хусусан, Ер кодексининг 16-моддасида ер давлат мулки — умуммиллий бойлик эканлиги, ундан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва у давлат томонидан муҳофаза этилиши қатъий белгилаб қўйилган. Шунингдек, ер давлат мулки бўлгани боис, у айирбошланмайди, ҳадя этилмайди ва гаровга қўйилмайди.
Айниқса, кейинги йилларда юртимизда мавжуд экин майдонлари, томорқа ерлардан самарали фойдаланиш, деҳқон-фермер хўжаликлари, томорқа ер эгаларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада бундан бир йил муқаддам қабул қилинган «Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Айтиш керакки, ушбу янги қонун билан амалдаги олтита кодексга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, Фуқаролик кодекси «Ўзбошимчалик билан иморат қуриш ва унинг оқибатлари» деб номланган 212-модда билан тўлдирилди.
Шу ўринда ушбу модда моҳиятига тўхталадиган бўлсак, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек, иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.
Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга нисбатан мулк ҳуқуқини ололмайди. Демак, бу шахс қурган иморатни тасарруф этиш, яъни сотиш, ҳадя этиш, ижарага бериш ёки иморатга нисбатан бошқа битимларни тузишга умуман ҳақли эмас. Ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан суднинг қарорига кўра, иморатни қурган шахс томонидан ва унинг ҳисобидан бузиб ташланади.
Шу ўринда фикримизни мисоллар асосида далиллайдиган бўлсак, Каттақўрғон туман ҳокимлиги судга туманнинг «Алижон» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Рамазон Йўлдошев (исм-шарифлар ўзгартирилди) га нисбатан ўзбошимчалик билан қурилган қурилишларни мажбурий тартибда бузиб ташлаш ва ерни туман ҳокимлиги захира ерлари ҳисобига қайтаришни сўраб, даъво ариза билан мурожаат қилди.
Мазкур фуқаролик иши туман ҳокимиятининг маъмурий биносида сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди. Жавобгар Р. Йўлдошев номига тегишли тартибда суднинг чақирув хати юборилган бўлса-да, лекин у номаълум сабабларга кўра, ишда иштирок этмади. Суд Фуқаролик процессуал кодексининг 282-моддасига асосан, ишни жавобгарнинг иштирокисиз кўриб чиқди.
Аниқланишича, фуқаро Р. Йўлдошев туманнинг «Бўстон» массивидаги ер майдонини ноқонуний равишда эгаллаб олиб, ўзбошимчалик билан уй-жой қурган ва ундан фойдаланиб келган. Мазкур ҳолат юзасидан туман «Ермулккадастр» давлат корхонаси тегишли мутахассислар иштирокида мониторинг ўтказган. Ўрганиш чоғида фуқаро Р. Йўлдошев ўзбошимчалик билан 16 сотих ер майдонини эгаллаб олгани, ана шу майдоннинг 3 сотихига уй-жой қургани аниқланган ва бу ҳақида далолатнома тузилган.
Даъвогарга жавобгар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда мазкур ер майдони «Янгиқўрғонча» қишлоқ фуқаролар йиғинининг 1999 йил 7 январдаги қарори асосида олинган бўлса-да, лекин ер майдони ўлчаб берилганлиги далолатномаси мавжуд эмас. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 февралдаги 41-сонли қарорига зид равишда жавобгар аҳоли пунктларини комплекс қуришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини қатъий бажарилиши талабларини қўпол тарзда бузган. Шу сабабдан ҳам, даъвогар Р. Йўлдошев томонидан ўзбошимчалик билан ноқонуний қурилган уй-жойни унинг ҳисобидан бузишни, эгаллаб олинган ер майдонини туман ҳокимлиги захира ерлари ҳисобига қайтариб, ер майдонидан жавобгарни мажбурий тарзда чиқаришни сўраган.
Захира ер майдони масаласига ойдинлик киритадиган бўлсак, Ер кодексининг 78-моддаси 1-бандига кўра, юридик ва жисмоний шахсларга эгалик қилиш, фойдаланиш учун, ижарага ва мулк қилиб берилмаган (реализация қилинмаган) барча ерлар захира ер ҳисобланади. Мазкур модданинг 2-бандида эса, «Захира ерлар туман, шаҳар давлат ҳокимияти органларининг тасарруфида бўлади» деб кўрсатилган.
Суд юқорида тилга олинган қонун талаблари ҳамда иш ҳолатларига асосланди. Даъвогар — Каттақўрғон туман ҳокимлигининг жавобгар — Р. Йўлдошевга нисбатан ўзбошимчалик билан қурилган қурилишларни мажбурий тартибда бузиб ташлаш, ер майдонидан чиқариш ва ер майдонини туман ҳокимлиги захира ерлари ҳисобига қайтариш тўғрисидаги даъво талабларини қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди. Жавобгар ҳисобидан давлат фойдасига 172 минг 240 сўм давлат божи ундирилди.
Биринчи босқич судининг ушбу ҳал қилув қарорига нисбатан Р. Йўлдошев томонидан келтирилган кассация шикояти фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди кассация инстанциясининг очиқ сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди. Кассация судлов ҳайъати Р. Йўлдошев ҳеч бир ҳужжатсиз 16 сотих майдонни ўзбошимчалик билан эгаллаб олган ва ноқонуний фойдаланиб келган, деган тўхтамга келди. Биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида ажрим чиқарди.
Мажбурий ижро бюроси туман бўлими эса, суднинг ушбу қарори ижросини тўлиқ таъминлади.
Хулоса қилиб айтганда, юртимизда Конституция ва қонунларга асосланган ҳуқуқий-демократик давлат, эркин, адолатли фуқаролик жамияти барпо этилаётган экан, ҳар бир фуқаро амалдаги қонунларга қатъий риоя этиши талаб қилинади. Чунки қонун ўзбошимчаликни асло кечирмайди.
Камол НОМОЗОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Каттақўрғон туманлараро судининг раиси