МУРОСАЮ МАДОРА – ИЖОБИЙ ЧОРА
Маълумки, халқимизга хос бағрикенглик ва инсонпарварлик тамойиллари амалдаги қонунчилигимизда ўзининг ёрқин ифодасини топган. Бугунги кунда мамлакатимизда инсон ҳаёти, соғлиғи, мулки-бойлиги — бебаҳо неъмат, ҳақ-ҳуқуқлари мўътабар ва дахлсиз қадрият саналади.
Тааассуфки, Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида яшовчи Сардор Саъдуллаев қонунларимизда ўз аксини топган мазкур тартиб-тамойилларни билса-да, уни очиқчасига топташ йўлига ўтди, бу борадаги бурч ва мажбуриятини унутди. У Бердибой Нуровга қарашли «Каптива» русумли автомашинани рухсат берувчи ҳужжатларсиз ўзбошимчалик билан бошқарди.
Бошқача айтганда, маъмурий қоидабузарлик ҳолатини содир этди. Қани энди, унинг қуюшқондан чиққан ҳаракати шу билан тугай қолса?
Йўқ, бундай бўлмади. Оддийгина маъмурий қоидабузарликдан бошланган ножўя ҳаракат пировардида жиноий қилмиш билан якун топди. Ўзганинг автомашинасини қоидага хилоф тарзда туман марказидаги катта кўча бўйлаб, ҳушёрлик ва огоҳликни унутганча бошқариш оқибати фалокатли кечди. У бошқараётган автомашина катта йўлни кесиб ўтаётган ўспирин Валибек Жуманиёзовни сал бўлмаса босиб кетаёзди.
Автомашинаниниг қаттиқ турткисига дуч келган ўспирин, хайриятки, омон қолди. Аммо анча муддат шифохонада даволанишга мажбур бўлди.
Бошқа бир фуқаро: мазкур туманнинг Бунёдкор маҳалласида яшовчи Зокир Рейимбоев ҳам айнан шунга ўхшаш жиноятни содир этди.
Онаси Зевар Сафоевага тегишли «Нексия» автомашинасини йўл ҳаракати қоидаларига мутлақо хилоф тарзда бошқарди. Биласиз, кўча ва йўлларда транспорт ҳаракати қоидасини менсимасликнинг оқибати хайрли тугамайди ва бу З. Рейимбоевнинг қуюшқондан чиққан бежо ҳаракати асносида яққол намоён бўлди. Бир йўла уч фуқаро, жумладан, ҳайдовчи З. Рейимбоевнинг ўзи ҳам ушбу қоидабузарликнинг жабрини тортди. Зафарбек онаси тасарруфидаги автомашинани катта йўл бўйлаб бошқарар экан, ҳайдовчининг оддийгина хатоси ҳам кези келса, машъум фалокатга сабаб бўлишини буткул унутди. Юзага келган хавфнинг олдини олиш имкони ана шу тариқа бой берилди. Зафарбек ҳеч кутилмаганида пайдо бўлган ушбу вазият олдида тамомила довдираб қолди.
Бошқарувни йўқотиб, автомашинани беихтиёр йўлнинг беқатнов қисми томон буриб юборди. Автомашинанинг зарбасига дуч келган йўловчи Дилмурод Худойберганов, Нодирабегим Ўрозбоева ҳамда ҳайдовчининг ўзи жиддий тан жароҳати олишди. Зудлик билан кўрсатилган тиббий ёрдам уларнинг ҳаётини сақлаб қолди.
Ўз мулкининг оқибатини ўйламаган ҳолда ўзгага бемалол инониб топшириш боис юз берган фалокатнинг жабрини Элликқалъа туманида яшовчи Эгамберган Абдуллаев ҳам тортди. Ўз тасарруфидаги «Нексия» автомашинасини ўғли Мансурбек Абдуллаевга махсус ишончнома орқали ишониб топширди. Ўғил эса, автомашинани бошқарганча катта кўча сари отланаётиб, ўзини йўлнинг ягона хўжайинига йўйди. Ўз бошқарувидаги автоуловдан олдинда ҳаракатланаётган юк машинаси махсус ёритиш чироғи орқали йўлнинг сўл тарафи томон бурилиш ишорасини бераётганига парво қилмади. Бунинг оқибатида юз берган тўқнашув, табиийки, хайрли кечмади. Фалокат боис ушбу йўл бўйлаб ҳаракаталанаётган уч киши: А. Қақабоев, Т. ва И. Абдуллаевлар турли даражада тан жароҳати олишди.
Берунийлик бошқа бир фуқаро Алтин Латипованинг тан жароҳатига эса, эслатаётганимиз: транспорт воситаси эмас, балки хонадонда рўй берган оддий можаро сабаб бўлди. Жанжал аслида туманнинг «Шоббоз» овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи эр-хотин Давронбек Маткаримов ҳамда Назокат Эшмуродовалар ўртасида келиб чиқди. Бироқ унинг хунук оқибати тамомила беайб А. Латипованинг гарданига ёғилди. Даставвал эр турмуш ўртоғига қўл кўтарди.
Аёли ҳам қараб турмади. Жаҳл келса, ақл қочади, дейишганидек, алам устида қўлига илинган сопол чойнакни эри томон қулочкашлаб отди. Давронбек унга чап берди. Натижада чойнак орадаги жанжални тинчитиш учун шу томон шошилиб келаётган қайнона Алтин опанинг бошига келиб урилди. Оғир зарба ўз кучини кўрсатди. Шифокорлар Назокатнинг қайнонаси ҳаёти учун хавфли даражада тан жароҳати олганини қайд этдилар.
Меъёрдан, қуюшқондан чиққан бежо ҳаракат кишини нафақат маломат, балки жазога ҳам рўбарў этади. Туман марказидаги Нодира кўчасида яшовчи Ҳамза Қаррибоев айнан шундай қилмиш — ўғирликка қўл урди. Куппа-кундуз куни катта кўча бўйида Ғ. Худойберганов томонидан вақтинча қаровсиз қолдириб кетилган бозор нархи 2,5 миллион сўмлик велосипедни ўғирлади. Қилмиш қидирмишга сабаб бўлди. Тезда қўлга тушиб, суд олдида ўзи содир этган қинғирликнинг ҳисобини берди.
Ўз қилмишларининг жавобию ҳисобини, шунингдек, номи мақоламиз аввалида зикр этилган С. Саъдуллаев, З. Рейимбоев, М. Абдуллаев, Н. Эшмуродовалар ҳам беришди. Лекин қонуннинг карами кенг, муруввати кўп ва, ҳали уқдирилганидек, ўзбекона бағрикенглик, кечиримлилик, дарёдилликнинг ибратли намуналари унда тўла мужассам. Шу боис жиноий қилмишга қўл уриб, беайб инсонлар ҳаёти ва соғлиғини хавф остида қолдирган ушбу шахсларнинг ҳеч бири жазога тортилмади.
Амалдаги қонун ва қонуности ҳужжатлари аслида адолат, одиллик ва холислик тимсоли. Ибрат ва эътиборга молик жиҳатлар эса, анчагина. Жиноят кодексининг биргина 66-1-моддасида ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилишни назарда тутувчи меъёрлар ўз ифодасини топган. Унга биноан, ушбу кодекснинг ўнларча моддасида назарда тутилган жиноий ҳаракатларни содир қилган шахслар суд ва тергов жараёнида муросага келиб, ўзаро ярашув аҳдига эришса, муқаррар жазо ҳамда жавобгарликдан озод этилади. Аммо бу тамойилни қўллашнинг ўзига хос шарти, талабу тақозолари бор ва унга тўлиқ риоя этиш даркор. Аввалига қонунни менсимай жиноий жавобгарликка етакловчи қилмишга қўл урган шахслар пировардида эс-ҳушини йиғиб олганча ушбу таомилнинг амалдаги ижобати йўлини тутишди. Ўзаро ярашув билан боғлиқ тартиб-қоидаларга риоя қилган ҳолда айбига сидқидилдан иқрорлик билдирдилар ва жабрланувчилардан астойдил кечирим сўраб, етказилган зарарни бартараф этишди. Орадаги ярашув аҳди ана шу тариқа юзага келди.
Инсонийлик ва қонунийликнинг бундай ибратли таомилини жабрланувчилар ҳам адо этдилар. Жабрдийдалар томонидан кечирилган айб, баён этилган ҳолатларга мувофиқ қонун тарафидан ҳам кечирилди. Бу — суднинг рўй берган қонунбузарликлар юзасидан қўзғатилган жиноят ишларини охиригача ҳал этмасдан туриб, барвақт тугатиш бўйича чиқарган ажримларида тўла намоён бўлди.
Содир этилган жиноий қилмишнинг қонун тарафидан ҳам, жабдийдалар томонидан ҳам кечирилгани, бунинг устига ярашув аҳди тантана қилгани, томонлар ўртасида муросаю мадора муҳити қарор топгани — айни муддао.
Жамиятимиз ана шу истиқболли йўлдан бормоқда ва ушбу олижаноб мақсаднинг мазмун-моҳияти юртимизнинг ҳар бир фуқароси қалби тўридан мустаҳкам жой олмоғи ва амалий ишларда ўз ифодаси, ижобатини топмоғи даркор.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар инсонпарварлик, бағрикенглик тамойилларига асосланган. Бироқ ҳуқуқбузарлик содир қилиб, ҳам ўзига, ҳам ўзгаларга зиён-заҳмат етказгандан кўра, қонун талабидан четга чиқмаслик одам боласига кўпроқ наф келтиради.
Зафарбек ЁҚубов,
жиноят ишлари бўйича
Беруний тумани судининг раиси