НИГОРА ТАНАБЕРДИЕВАНИНГ ВИДЕОМУРОЖААТИГА ОИД
2020 йил 7 март куни Facebook ижтимоий тармоғида фойдаланувчи Альбина Салимованинг саҳифасида эълон қилинган фуқаро Н. Танабердиеванинг видеомурожаати юзасидан маълумот
Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг иш юритувига 2019 йил 23 сентябрда даъвогар Н. Танабердиеванинг жавобгар Ж. Ҳакимовга нисбатан оталикни белгилаш ва алимент ундириш ҳақидаги даъво аризаси, даъвогар Н. Танабердиеванинг жавобгар Д. Умаровга нисбатан оталикни белгилаш ва алимент ундириш ҳақидаги ва даъвогар Н. Танабердиеванинг жавобгар А. Акрамовга нисбатан оталикни белгилаш ва алимент ундириш ҳақидаги даъво аризалари келиб тушган.
Даъвогар Н. Танабердиеванинг жавобгар А. Акрамовга нисбатан оталикни белгилаш ва алимент ундириш ҳақидаги даъво аризаси юзасидан суднинг 2019 йил 22 октябрь кунги ажрими билан судга оид одам ДНК экспертизаси тайинланган. Тошкент шаҳрига экспертиза марказига 2019 йил 25 октябрь куни тарафлар бориб қон намуналарини топшириб келишган. Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази директори ўринбосарининг хати билан олиб борилган экспертиза тадқиқотлари натижасида тақдим этилган солиштирма намуналарда қўшимча тадқиқотлар олиб бориш зарурати туғилганлиги сабабли мазкур экспертиза ижроси муддатини 30 кундан ошишига рухсат беришлик ва ушбу муддатни белгилаб беришлик сўралган. Суднинг 2019 йил 9 декабрь кунги № 2179-сонли хатига асосан 30 кундан ортиқ муддатда узайтиришга розилик берилган. Экспертиза хулосаси 2020 йил 8 январь куни судга келиб тушган. Экспертиза хулосаси суд мажлисида тарафлар иштирокида очилган ва тарафларга экспертиза хулосаси ўқиб эшиттирилган. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига қарашли Х. Сулаймонова номидаги Республика илмий-тадқиқот криминалистика марказининг одам ДНКси суд биологик экспертизасининг 2020 йил 6 январь кунги № 29/13-(11560)-12.2-Z/77-сонли хулосасида А. Акрамовнинг 2017 йил 15 ноябрда туғилган С. Танабердиевга нисбатан биологик оталиги тасдиқланмаганлиги кўрсатилган. Шу сабабли суднинг 2020 йил 8 январь кунги ҳал қилув қарори билан даъвогар Н. Танабердиеванинг жавобгар А. Акрамовга нисбатан оталикни белгилаш ва алимент ундириш ҳақидаги даъвоси рад қилинган.
Даъвогар Н. Танабердиеванинг жавобгар Д. Умаровга нисбатан оталикни белгилаш ва алимент ундириш ҳақидаги даъвоси юзасидан суднинг 2020 йил 3 март кунги ҳал қилув қарорига асосан ДНК хулосасида Д. Умаровни оталиги тасдиқланганлиги сабабли даъвони қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилган.
Даъвогар Н. Танабердиеванинг жавобгар Ж. Ҳакимовга нисбатан оталикни белгилаш ва алимент ундириш ҳақидаги даъво аризаси бўйича суднинг 2019 йил 28 октябрь кунги сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорига асосан даъвоси қаноатлантирилган.
Ҳозирги кунда фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг ушбу ҳал қилув қарорлари устидан апелляция ёки кассация тартибида тарафлар томонидан шикоят келтирилмаган.
Ушбу суд қарорларидан норози томонлар белгиланган тартибда фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти судига шикоят беришга ҳақли эканлиги маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати