ДАЪВОГАРНИНГ ДАЪВОСИ РАД ЭТИЛДИ

29 май 2019

Ғузор нефт-газ саноат касб-ҳунар коллежи биносида фуқаролик ишлари бўйича Ғузор туманлараро судининг очиқ сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди.

Унда даъвогар Акбар Саидов (исм-шарифлар ўзгартирилган) судга даъво ариза билан мурожаат этиб, жавобгар “Шўртаннефтгаз” масъулияти чекланган жамиятининг 2019 йил 17 январдаги буйруғини ғайриқонуний деб топиб бекор қилишни ва ўз вазифасига ишга ишга тиклашни, етказилган маънавий зарар учун 5 млн. сўм товон пули ҳамда суд харажатини ундиришни сўраган.

Суд ушбу ишни қонун доирасида ўрганиб чиқди.

 

Маълум бўлишича, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг топшириқ хати билан “Шўртаннефтгаз” МЧЖ директорига жамият штат жадвали бўйича ишчи-ходимларнинг штат бирликларини қайта кўриб чиқиш ва ходимларнинг иш ўринларини оптималлаштириш юзасидан кўрсатма берилган.

Жамиятнинг 2018 йил 6 мартдаги хати билан “Ўзнефтгазқазибчиқариш” АЖдан нефть, газ ва газконденсат маҳсулотларининг талон-торож этилишининг олдини олиш мақсадида “Тезкор” тармоқ ўрнига жамиятга тегишли бўлган нефть, газ ва газконденсати ўтказиш қувурларини назорат қилиш, муҳим объектларни қўриқлаш ва уларнинг дахлсизлигини таъминлашни “Шартнома” асосида Қашқадарё вилоят ИИБнинг қўриқлаш хизматига ўтказишга амалий ёрдам бериш сўралган.

Фуқаролик иши ҳужжатларига кўра, даъвогар А.Саидов ва “Шўртаннефтгаз” масъулияти чекланган жамияти ўртасида тузилган меҳнат шартномаси жамият директорининг 2019 йил 17 январдаги буйруғига билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси, 2-қисми, 1-бандига асосан бекор қилинган.

Аниқланишича, даъвогар билан тузилган меҳнат шартномасининг бекор қилинишга ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги иш хусусиятларининг ўзгаришлари асос бўлган.

Суд мажлисида жавобгар “Шўртаннефтгаз” масъулияти чекланган жамияти ва жамият директори ишончли вакили даъвогарнинг даъво талабларини тан олмади.

 “Шўртаннефтгаз” МЧЖ ўта муҳим объектлардан бири бўлиб, тезкор тармоқ ходимларининг асосий вазифаси жамият конларидан қазиб чиқариладиган нефть, газ ва газконденсатини қайта ишлаш заводига етказиб бериш қувурларини қўриқлашдан иборат бўлса-да, бироқ кейинги пайтда айрим шахслар томонидан қувурлар тешилиб, давлат бойлигини талон-торож этилиш ҳолатлари учраган. Ташкилот давлат мулкининг талон-торож этилишига барҳам бериш ҳамда қўриқлаш ва хавфсизликни кучайтириш учун муҳим объект ҳисобланган нефть, газ ва газконденсати қувурларини назорат қилишни Қашқадарё вилоят ИИБнинг Қўриқлаш бўлимига топшириш таклифи билан чиққан. Таклиф мақуллангач, 2018 йил 1 ноябрдан бошлаб қувурлар назорати Қашқадарё вилоят ИИБнинг қўриқлаш хизматига ўтказилганлиги натижасида жамиятнинг нефть-газ қувурлари ва муҳим объектларини қўриқлаш бўйича фаолият юритиб келаётган ходимларнинг иш ўрни қисқариб,улар билан тузилган меҳнат шартномалари амалдаги қонунчилик бўйича бекор қилинган.

Ўзбекистон Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги “Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида”ги 12-сонли Қарорининг 23-банди, агар корхонанинг алоҳида бўлмаган тармоғининг (хизматлар, бўлимлар, участкалар, цехлар ва б.) фаолияти тугатилаётганда корхона ўз фаолиятини тўлиқ давом эттираётган бўлса, кўрсатилган тармоқда ишловчи ходим билан меҳнат шартномасининг бекор қилинишига фақат ходимлар сони (штати) ёки иш хусусияти ўзгариши асослари бўйича йўл қўйилиши мумкинлигини назарда тутиш лозимлиги судларга тушунтирилган.

Шунингдек, 24-бандида, судлар ходимлар сони (штати) ёки иш хусусияти ўзгарганлигининг ҳақиқийлигини аниқлаганда бу асосда меҳнат шартномасининг бекор қилиниши: технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришларнинг ишлар ҳажмининг қисқариши билан боғлиқ бўлиши мумкинлигига судлар эътибор қилишлари керак. Қайд этилган ушбу сабаблар мавжуд бўлгандагина суд ҳақиқатда ходимлар сони (штати) ёки ишлар ҳажмининг ўзгариши содир бўлган деб топади. Бунда шуни ҳисобга олиш лозимки, агар фақат технологиядаги, меҳнатни ва ишлаб чиқаришни ташкил этишдаги ўзгаришлар, иш ҳажмининг қисқариши, объектив сабабларга кўра ходим томонидан меҳнат шартномасида белгиланган аввалги ишни бажаришни давом эттиришга тўсқинлик қилсагина, бундай асосларда меҳнат шартномасининг бекор қилиниши асосли деб топилиши мумкин.

Меҳнат шартномасининг МК 100-моддаси 2-қисми 1-банди бўйича бекор қилинишига меҳнат шартномасида белгиланган ишларни бажаришни давом эттиришга имкон бермасликка олиб келган технология, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар ёки иш хусусияти ўзгаришининг ҳақиқий сабаби бўлганини аниқлаб, суд бундай ўзгаришларни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги ишлаб чиқаришга оид масалага баҳо беришга ҳақли эмас.

Жамиятнинг тегишли буйруқларига биноан нефть-газ қувурлари ва муҳим объектларни қўриқлаш бўйича “Тезкор” тармоғи тугатилган. Объектларни қўриқлаш “Шартнома” асосида 2018 йил 1 ноябрдан бошлаб Қашқадарё вилоят ИИБнинг қўриқлаш хизматига ўтказилган.  “Шўртаннефтгаз”МЧЖ директори томонидан 2019 йил 4 январда янги штатлар жадвали тасдиқланган. Штатлар жадвалидан нефть-газ қувурлари ва муҳим объектларни қўриқлаш бўйича “Тезкор” тармоғи қўриқчиси штат бирликлари чиқарилган ва натижада жамиятда ишлаб келаётган 324 та “Тезкор” тармоқ ходимлари билан ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги иш хусусиятларининг ўзгаришлари оқибатида меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 102-моддаси
1-қисмининг 1-бандига кўра, меҳнат шартномаси технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан бекор қилинганда, иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходимни камида икки ой олдин ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши шарт.

Жавобгар “Шўртаннефтгаз”МЧЖ директори томонидан даъвогар А.Саидовга ходимлар сони (штати)нинг ўзгариши муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги огоҳлантириш хати 09.11.2018 йилда почта алоқа бўлими орқали юборилган.

Ўзбекистон Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги “Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида”ги 12-сонли Қарорининг 17-банди, 4-хатбошида, ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида фақат меҳнат муносабатларини бекор қилиш ҳуқуқига эга мансабдор шахсгина огоҳлантирилиши мумкинлигидан келиб чиқиб, судлар огоҳлантириш тегишли мансабдор шахс томонидан имзоланганини аниқлаши керак. Огоҳлантиришда ходимнинг имзоси бўлмаган тақдирда ҳам иш берувчи ходимнинг белгиланган муддатда огоҳлантириш билан таништирилгани, лекин ходим имзо қўйишдан бош тортгани ҳақида ишонарли далиллар келтирса, суд ходимни ўз вақтида меҳнат шартномасининг бекор қилиниши бўйича огоҳлантирилган деб топиши мумкин.

Ушбу далиллар даъвогар А. Саидовнинг меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар ва бунинг оқибатида меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши ҳақида ўз вақтида огоҳлантирилганлигини кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 101-моддасида “башарти жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, шартномани бундай розиликни олмай туриб бекор қилишга йўл қўйилмаслиги” белгиланган.

Суд, юқоридаги ҳолатлар ва қонун талабларидан келиб чиқиб, даъвогар А.Саидов билан жавобгар “Шўртаннефтгаз” масъулияти чекланган жамияти ўртасида тузилган меҳнат шартномасининг бекор қилинишида даъвогарнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилмаганлигини инобатга олиб, даъвогарнинг даъво талабини рад этишни лозим топди.

Суд, даъвогарнинг маънавий зарар учун 5 млн.сўм товон пули ҳамда суд харажатини ундириш ҳақидаги талаблари биргаликда муҳокама қилиб, асосий, яъни буйруқни ғайриқонуний деб топиб бекор қилиш ва ишга тиклаш ҳақидаги талаблари рад этилганлиги муносабати билан маънавий зарар учун товон пули ва суд харажатини ундириш ҳақидаги талабларини ҳам асоссиз ҳисоблаб рад этишни лозим топди.

Олий суд Матбуот хизмати

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: