ДАЪВОНИ ТАЪМИНЛАШ БЎЙИЧА СУД АМАЛИЁТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ НИЗОЛАРНИНГ БЕЛГИЛАНГАН МУДДАТДА ҚОНУНИЙ ВА АДОЛАТЛИ ҲАЛ ЭТИЛИШИГА ЗАМИН ЯРАТАДИ

Мамлакатимиз ҳаётининг ҳар бир соҳасида бўлгани каби тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, юртимиз инвестициявий жозибадорлигини ошириш, транспорт ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мезонларидир.

Конституциямизнинг 44-моддасига асосан, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қи­лиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳу­қуқи кафолатланади.

Иқтисодий процессуал кодексининг 3-моддаси биринчи қисмига кўра, ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳу­қуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга уш­бу кодексда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақ­ли. Худди шундай ҳуқуқ Фуқаролик процессуал кодексининг 3-моддаси иккинчи қисмида ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.

Иқтисодий процессуал ко­декс­ининг 93-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларига кў­ра, ишда иштирок этувчи шахс­нинг аризаси даъвони таъминлаш чораларини кў­риш учун асос бўлади.

Даъвони таъминлашга, агар шундай чораларни кўр­маслик суд ҳужжатининг ижросини қи­йинлаштириши ёхуд бажариб бўлмайдиган қилиб қўйиши мум­кин бўлса, иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида йўл қўйилади.

Ушбу қоида Фуқаролик процессуал кодекснинг 105-моддасида ҳам ўз ифодасини топган. Даъвони таъминлаш чораларини кўриш суд ҳужжатининг ижросини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Иқтисодий процессуал ко­декс­ининг 93-моддаси учинчи қисмида давлат фойдасига мулкий ундириш билан боғ­лиқ ишлар бўйича суд даъвогарнинг аризасига кў­ра, даъвони таъминлаш чораларини кўриши шартлиги белгиланган.

Худди шундай норма Фуқаролик процессуал кодексининг 105-моддаси учинчи қисмида ҳам кўзда тутилган.

Иқтисодий процессуал ко­декс­ининг 94-моддасига асосан қуйидагилар, яъни:

жавобгарга тегишли мол-мулкни ёки пул маблағларини хатлаб қўйиш;

жавобгарга муайян ҳаракатларни бажаришни тақиқлаш;

бошқа шахсларга низо предметига алоқадор бўлган муайян ҳаракатларни бажаришни тақиқлаш;

даъвогар низолашаётган, ундириш сўзсиз тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжати ёки бошқа ҳужжат бўйича ун­диришни тўхтатиб туриш;

мол-мулкни хатлашдан озод қилиш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилган тақдирда, мол-мулкни реализация қи­лишни тўхтатиб туриш;

низоли мол-мулк бузилиши, ҳолати ёмонлашишининг олдини олиш мақсадида, жавобгарнинг зиммасига муайян ҳа­ракатларни бажариш мажбуриятини юклатиш;

низоли мол-мулкни учинчи шахсга, демакки, сақловчига ўтказиш мумкин.

Даъвони таъминлаш тўғ­рисидаги ариза судга даъво аризаси билан бир вақтда ёки ишни юритиш жараёнида берилади. Шунингдек, даъвони таъминлаш тўғрисидаги илтимоснома даъво аризасида ҳам баён этилиши мумкин.

Иқтисодий процессуал ко­декс­ининг 96-моддаси биринчи қисмига асосан, даъво аризаси билан бирга берилган даъвони таъминлаш тўғ­риси­даги ариза даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қи­лиш билан бир вақтда, ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилмасдан суд томонидан кўриб чиқилади.

Бу ҳақда Олий хўжалик суди Пленумининг 2015 йил 19 июнда қабул қилинган «Иқтисодий судлар томонидан процессуал муддатларга оид қонун нормаларини қўл­лашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарори 18-бандида тушунтириш берилган.

Судлар томонидан даъвони таъминлаш чораларини кўриш низони биринчи суд муҳокамасида кўрилгунга қадар бартараф этишга катта ёрдам беради. Шу ўринда суд амалиётига мурожаат қилсак.

Даъвогар — масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) жавобгар — акциядорлик жамия­тига (АЖ) нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, ундан маҳсулот етказиб бериш шартномасига асосан, 33 000 000 сўм асосий қарзни ундиришни сўраган.

Шунингдек, даъво аризасида даъвони таъминлаш мақсадида жавобгарга тегишли бўл­ган пул маблағларини хатлаш чораларини кўриш сўралган.

Суд ажрими билан даъвони таъминлаш чораси кўрилиб, жавобгарга тегишли пул маблағларининг 33 000 000 сўм миқдорига тенг чиқим қисми, яъни бюджетга ва бюджетдан таш­қари фондларга ҳамда иш ҳа­қини тўлаш билан боғлиқ тўловлардан ташқари қисми иш мазмунан кўриб чиқилиб, ҳал қилингунга қадар хатлаб қўйилган.

Ажрим нусхаси жавобгарга хизмат кўрсатувчи банкка иж­ро учун юборилган.

Суднинг ажрими банк томонидан ижро қилиниб, биринчи суд муҳокамасида жавобгар томонидан даъвогарнинг ҳисобига 33 000 000 сўм тўланганлиги ҳамда низо бартараф этилганлиги аниқланган.

Шу сабабли, суд томонидан даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори ҳамда даъвони таъминлаш чорасини бекор қи­лиш тўғрисида ажрим қабул қилинди.

Кези келганда яна шуни ай­тиш керакки, Иқтисодий процессуал кодекс­ининг 97-моддасига кўра, даъвони таъминлашнинг бир турини бошқаси билан алмаштиришга йўл қўйилади. Даъвони таъминлаш чорасини алмаштириш ишни кў­раётган суд томонидан ишда иштирок этувчи шахснинг илтимосномасига кўра, амалга оширилиши мумкин.

Даъвони таъминлаш чорасини алмаштириш тўғрисидаги масала суд мажлисида ҳал этилади. Бу масалани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.

Даъвони таъминлаш чорасини алмаштириш ёки алмаштиришни рад этиш тўғ­рисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши, протест келтирилиши мумкин. Аммо шикоят­ ё протест берилиши ажримнинг ижросини тўхтатиб қўй­майди.

Шу билан бирга, процессуал қонунчиликда даъвони таъминлаш чорасини бекор қи­лиш тартиби ҳам белгилаб қўйилган. Жумладан, даъвони таъминлаш чоралари ишни кўраётган суд томонидан ишда иштирок этувчи шахснинг илтимосномасига кўра, бекор қилиниши мумкин.

Даъвони қаноатлантириш рад этилган, даъво кўр­масдан қолдирилган, иш юритиш тугатилган ҳолларда, даъвони таъминлаш чоралари тегишли суд ҳужжати қонуний кучга киргунига қадар ўз кучини йў­қотмайди.

Бироқ суд кўрсатилган суд ҳужжатларини қабул қилиш билан бир вақтда ёки улар қабул қилинганидан кейин даъвони таъминлаш чораларини бекор қилиш ҳақида ажрим чиқариши мумкин.

Шу ўринда судлар томонидан даъвони таъминлаш чораларини қўллаш бўйича ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида, Олий суд Пленумининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Бу, ўз навбатида, судлар томонидан даъвони таъминлаш чораларини кўришда суд амлиётини бирхиллаштиришга, низоларнинг белгиланган муддатда қонуний ва адолатли ҳал этилишига замин яратади.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, даъвони таъминлаш чораларини кў­риш тадбиркорлик субъектлари, жисмоний ва юридик шахс­ларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади.

Мақсудбек Саидов,

Бухоро вилояти иқтисодий судининг раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: