ДУБАЙГА БОРГАН ЗУБАЙДА ОДАМ САВДОСИ ҚУРБОНИГА АЙЛАНДИ

Бухоролик Зубайда Ғуломова (исм-шарифлар ўзгартирилган) бундан 3 йил аввал — 2017 йилнинг август ойида Бухоро шаҳридаги «Дархан» қаҳвахонасида хизмат қилувчи Сурайё Сафоқулова билан танишган пайтида вақти келиб, шу қиз ўзининг одам савдоси қурбонига айланишига сабабчи бўлишини хаёлига ҳам келтирмаганди. Эртага нима бўлишини,келажакда ўзини қандай савдолар кутаётганини ҳеч ким билмас экан-да.

Гап шундаки, З. Ғуломова С. Сафоқулова билан танишгач, уларнинг ўзаро муносабати қуюқлашиб кетади. Натижада Зубайда Сурайёнинг уйига меҳмонга бориб юрган кезларида телефон ва телеграм ижтимоий тармоғи орқали унинг эгизак опаси Муҳайё билан ҳам танишади. Шунда у М. Сафоқулованинг Бирлашган араб амирликларининг Шаржа шаҳрида ишлаб, яхши пул топаётганидан хабар топади.

Шу ўринда Муҳайё ҳақи­да икки оғиз сўз. Болалигидан бироз эркароқ улғайган М. Сафоқулова турмуш ёшига етгунча анчагина «тантиқ» қизга айланади. Бу эса, кейинчалик ўз «меваси»ни беради, албатта.

Яъни Муҳайё 23 ёшида — 2017 йил 21 июнь куни амалдаги қонун-қоидаларга риоя қилмай, белгиланган чет элга чиқиш тартибини бузган ҳолда Тош­кент­дан Украина пойтахти Киевга, у ердан эса, Бирлашган араб амирликларига боради. Сўнгра Шаржа шаҳрида тубан иш билан шуғуллана бошлайди.

— Агар сиз ҳам келсангиз, ишингиз юришиб кетади, — дея З. Ғуломовани ўз ёнига чорлайди М. Сафоқулова танишувдан ке­йинги суҳбатларнинг бирида.

— Майлику-я, лекин ҳо­зир фарзандимни боқишга ҳам қийналяпман. Сизнинг олдингизга боришга эса, умуман пулим йўқ, — дейди Зубайда но­либ.

Бу жавоб эса, Му­ҳайё­га жуда қўл келади.

— Келишингизга ўзим ёр­дам бераман. Кейин ишлаб, қарзингизни узаверасиз.

У шундай деб телеграм ижтимоий тармоғи орқали З. Ғуломованинг фуқаролик паспорти нусхасини олиб, 350 АҚШ доллари миқдорида пул юборади. Қолаверса, бўлажак «ўл­жа»сига айланма йўллар орқали етиб келишни ҳам тушунтиради.

Шундан сўнг Сурайё 2018 йил 31 январь куни Зубайдани Тошкентдан Киевга кузатиб қўяди. «Киев-Дубай» йўналишидаги авиарейсда учиб келган З. Ғуломовани Дубай аэропортида Муҳайё кутиб олади.

— Бугун яхшилаб дам олинг. Эртадан ишга тушаверасиз, — дейди у «меҳмон»ни Абу-Даби шаҳридаги ўзи яшаётган хонадонга олиб бориб жойлаштиргач.

Эртаси куни М. Сафоқулова Зубайдага ўзининг эркаклар эътиборини тортадиган кўй­лакларини бериб, кийинтиради. Шу­нинг­дек, қош-кўз­ларини бўяб, унга оро беради. Кейин Абу-Даби шаҳридаги меҳмонхона ва тунги клубга олиб бориб, тубан иш билан шуғулланишга мажбурлайди. Қолаверса, унинг етиб келиши учун 2 500 доллар сарфлаганини билдириб, шунча пул топишини айтади.

— Нега бунча ишлашим керак? Ахир, йўл кира харажатларига шун­­­­ча пул кетмади-ку? — деб сўрайди З. Ғуломова ҳайрон бў­либ.

— Ишлаб беришга мажбурсиз. Йўқ десангиз, полицияга топшириб юбораман, — дея уни қўр­қитади Муҳайё.

Шу тариқа М. Сафоқулова тунги клублардан Зубайдага мижоз қидириб топиб, пулларини ўзи ола бошлайди. Лекин бу ҳолатдан қанчалик ғашланмасин, З. Ғуломова чидашга мажбур эди.

Аммо орадан, тахминан, бир ой ўтгач, аниқроғи, 2018 йил 23 февраль куни Муҳайё уйда йўқ эканидан фойдаланиб, қочишга муваффақ бўлади. Сўнг «Шаржа-Тошкент» йўналишидаги авиарейсга чипта олиб, юртимизга қайтиб келади.

Тошкент халқаро аэ­ропортида чегара назоратидан ўтаётган вақтида унинг мамлакатимиздан ноқонуний равишда хорижга чиққани аниқланади. Чегара назорати ходимлари томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилади.

Шундан сўнг З. Ғуломова М. Сафоқуловага қонуний чора кўришларини сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ариза билан мурожаат қилади.

Оқи­батда айбдорга нисбатан жиноят иши қўз­­ға­тилиб, қидирув эъ­лон қилинади.

Албатта, қидирув жараёнида ИИБ тезкор ходимлари бир неча маротаба уни суриштириб уйи­га боришади. Шу боис Муҳайё яқинларининг чақирувига биноан, 2020 йил 12 март куни «Дубай-Тошкент» йўналишидаги авиарейсда республикамизга қайтади. Натижада пойтахт аэ­ропортида қўлга олинади.

Жиноят ишлари бў­йича Сирғали туман суди М. Сафоқуловани Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми «з»-банди, 223-моддаси 2-қисми «б», «в»-бандлари билан айбдор деб топиб, 5 йилу 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм этди.

Бироқ судланувчининг аёл киши эканлиги, муқаддам судланмаганлиги, қарамоғида бир нафар вояга етмаган фарзанди борлиги ҳамда Қоракўл тумани «Бандбоши» маҳалла фуқаролар йиғини раисининг кафолат хати инобатга олиниб, Жиноят­ кодексининг 72-моддасига биноан, шартли ҳукм қилган ҳолда, 2 йил синов муддати белгиланди.

Ажабмаски, «қаҳра­мон»­имиз энди қилмишидан ўзига тўғри хулоса чиқарса.

Зеро, қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан сўнг ҳам чиқишини ва жиноятга албатта, жазо муқаррарлигини унутмаслик керак.

Баҳодир ЮСУПОВ,

жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани судининг судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: