ЭГИЛГАН ҲАҚИҚАТ ҚАДДИНИ ТИКЛАДИ
Риштонлик Рустамжон Тожибоев болалигидан отаси Усмонжон Тожибоев сингари ички ишлар ходими бўлиш ва эл-юрт осойишталиги йўлида хизмат қилишни орзу қиларди. Яхши ният ёрти мол, деганларидек, у 24 ёшида — 2008 йил 5 сентябрда Фарғона вилоят ИИБ патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси қошидаги аниқ яшаш жойи ҳамда машғулот турига эга бўлмаган шахсларни реаблитация этиш марказига ишга қабул қилинди.
Шундан сўнг Рустамжон тизимда сидқидилдан хизмат қилди. Аммо орадан икки ярим йил вақт ўтгач, 2011 йил февраль ойида унинг бошига жиддий ташвиш тушиб, турли иғво, туҳмат ва тазйиқлар қурбонига айланди.
Аниқроғи, унга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2011 йил 6 майдаги ҳукмида қайд этилишича, Рустамжон марказнинг милиционер-сафдор ходими лавозимида ишлаб келгани ҳолда мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, 2010 йил ноябрь-декабрь ойларида ўзига ишониб топширилган 24 дона жами 238 543 сўмлик чўян панжараларни фуқаро С. Маматовга 100 000 сўмга сотиб юборган.
Шунингдек, 2011 йил 3 февраль куни унинг моддий жавобгарлигида бўлган товар-моддий бойликлар йўқламадан ўтказилганда 10 дона 160 000 сўмлик кастрюлка, 2 дона 24 000 сўмлик катта тоғора, 7 дона 140 000 сўмлик кўрпача, 17 дона 340 000 сўмлик матрас, 50 дона 60 000 сўмлик тоғора, 3 дона 48 000 сўмлик челак, 1 дона 5 000 сўмлик чўмич ва 1 дона 624 000 сўмлик электр иситгич, жами 839 400 сўмлик камомад мавжудлиги аниқланиб, ўзига ишониб топширилган шунча миқдордаги мулкларни ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилган. Бинобарин, суд Р. Тожибоевни юқоридаги модда билан айбдор деб топиб, унга 1 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамда иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлаган. Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция инстанциясининг 2011 йил 7 июндаги ажримига мувофиқ ҳукм ўзгаришсиз қолдирилади.
— Мен айблов хулосаси ва суд ҳукмида эълон қилинган жиноятни содир этмаганман. Шунинг учун тегишли далилларни тақдим этган ҳолда ҳимоячим ёрдами билан Ўзбекистон Республикаси Олий судига мурожаат қилдим. Натижада Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати 2020 йил 2 март куни апелляция инстанциясининг 2011 йил 7 июндаги ажримини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун шу инстанцияга юборди, — дейди Рустамжон Тожибоев.
Дарҳақиқат, ушбу жиноят ишини кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг апелляция суди мажлисида Р. Тожибоев ноҳақ судланганлиги аён бўлди. Гап шундаки, марказнинг моддий жавобгар инспектори ўайратжон Умаров бошқа ишга ўтаётганда Р. Тожибоев марказ ихтиёрида бўлган товар-моддий бойликларини 2010 йил 14 июлдаги топшириш-қабул қилиш далолатномасига асосан қабул қилиб олган. 2011 йил февраль ойида марказнинг асосий воситалар рўйхатида бўлмаган 24 дона панжаралар қўшни ҳовлида яшовчи фуқаро Собиржон Маматов хонадонидан ашёвий далил тариқасида олинганда эса, юқоридаги далолатнома асосида қабул қилиб олинган товар-моддий бойликлар йўқламадан ўтказилган. Оқибатда суд ҳукмида баён этилган камомад аниқланиб, жиноят иши қўзғатилган.
Буни қарангки, гарчи Р. Тожибоев марказ ихтиёридаги товар-моддий бойликларни қабул қилиб олган бўлса-да, лекин бошқарма томонидан унга моддий жавобгарликни юклаш ҳақида буйруқ чиқарилмаган ва шартнома тузилмаган. Яъни у тилга олинган асосий воситалар учун моддий жавобгар бўлмаган.
Олий суд Пленумининг 2004 йил 21 майдаги «Жазоларни либераллаштириш тўғрисидаги қонунни иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларга нисбатан қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарори 2-бандида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 61-моддасига мувофиқ корхона, муассаса, ташкилотларнинг мулкини ўғирлаш, ўзлаштириш, растрата қилиш, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш ёки фирибгарлик йўли билан энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз бараваригача миқдорда талон-торож қилиш маъмурий ҳуқуқбузарлик таркибини ташкил этиши, бундай ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганда ҳам, агар талон-торож миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз бараваридан ошмаса, маъмурий жавобгарлик келиб чиқиши, талон-торож миқдори ҳуқуқбузарлик содир этилган кунда амалда бўлган энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб белгиланиши ҳақида тушунтириш берилган.
Аммо Р. Тожибоев талон-торож қилгани таъкидланган 1 077 943 сўм энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз бараварига етмайди. Негаки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 15 ноябрдаги Фармонига кўра, 2010 йил 1 декабридан бошлаб энг кам ойлик иш ҳақи миқдори 49 735 сўм этиб белгиланганини назарда тутсак, 2010 йил декабрь ва 2011 йил февраль ойида энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз баравари 1 492 050 сўмни ташкил этган.
Жиноят кодексининг 9-моддаси (айб учун жавобгарлик принципи) да шахс қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмишлари учунгина жавобгар бўлиши, Жиноят-процессуал кодексининг 463-моддаси (айблов ҳукми чиқариш асослари) да эса, айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмаслиги ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбдор эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилиши, айблов ҳукмига жиноят содир этилишининг иш бўйича барча мумкин бўлган ҳолатларини текшириш, иш материалларида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршиликларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши лозимлиги белгиланган. Ана шу асосларга таянган жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция инстанцияси ўзининг 2020 йил 2 июндаги ажрими билан Рустамжон Тожибоевни айбсиз деб топиб, оқлади.
Шу тариқа 9 йилдан сўнг адолат қарор топиб, ноҳақ судланган Р. Тожибоевнининг юзи ёруғ бўлди. Бу ҳам бўлса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида кечаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ёрқин ифодасидир.
Турғунали МИРЗАЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Фарғона вилояти судининг судьяси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист
Фикр қолдириш