ҒАРАЗ МАҚСАД КЎЛАНКАСИ ЁКИ ҲАҚИҚАТНИ ЯШИРИБ БЎЛМАЙДИ

Халқимизда «Кўр кўрни қоронғида топади» деган нақл бор. Ҳар биримиз кундалик ҳаётимизда бунга кўп марта гувоҳ бўлганмиз ва ҳар гал бу ҳикматнинг нақадар топиб айтилганига қайта-қайта ишонч ҳосил қилаверамиз.

Бу тоифадаги кимсаларни асосан ғараз ният, жиноий қилмишлар бирлаштиради. Мисол учун Риштон туманида яшовчи Фаррух Мирзакаримов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ва қўқонлик Муниса Келдиеванинг ҳаёт йўли ўта оғир жиноят туфайли туташди.

Ачинарлиси, ака бўлмиш ўз жиноятига укаси Улуғбекни ҳам шерик қилди. Жиноят иши ҳужжатларидан маълум бўлишича, Фаррух 24 ёшда, Муниса билан Улуғбек эса, эндигина 20 ёшга қадам қўйган, ҳали уйланмаган ва турмушга чиқмаган ёшлардир.

Гап шундаки, 2019 йил 14 июль куни Ф.Мирзакаримов билан М. Келдиева шифокор-гинеколог Ғайратжон Ғуломжоновнинг мулкини бос­қинчилик йўли билан қўл­га киритиш режасини тузишади. Жиноий режага биноан, Муниса ўша куни кечки соат 20:30 ларда Ғайратжон акага қўнғироқ қилади.

— Сиз билан учрашсак бў­ладими, менга ёрдамингиз керак эди? — дея ҳомиладорликдан сақланиш воситаси қў­йиб беришини илтимос қи­лади.

— Майли, ёрдам бераман. Аммо бугун якшанба, эртага шифохонага келинг, — дейди шифокор.

Бироқ М. Келдиева яна бош­қа муҳим гапи борлигини айтиб, Ғ. Ғуломжоновни ўша куннинг ўзида учрашишга кўндиради. Шундан сўнг улар Фарғона шаҳри марказидаги кинотеатр олдида учрашишгач, ўайратжон аканинг хонадонига боришади.

Фаррух эса, иккаласининг орқасидан таксида кузатиб боради. Мезбон билан меҳмон эндигина уйга киришганда эшик тақиллаб қолади.

— Кимдир келди, шекилли. Хотинингиз эмасми, ишқилиб? — деб сўрайди Муниса ўзини хавотирга тушгандек кўрсатиб.

Хонадон соҳиби эса, унинг гапига эътибор бермай эшикни очади.

Шунда Ф. Мирзакаримов важоҳат билан бостириб киради-да, унинг бўйнига пичоқ тирайди.

— Овозингни чиқарма, ғи­ринг десанг сўйиб ташлайман, — дея у таҳдид қилади.

— Ука, ўйлаб иш қи­линг. Бу ишингизнинг оқи­бати яхши эмас, — дейди шифокор уни огоҳ­лантириб.

Лекин босқинчиларга гап кор қилмайди. Яъни Фаррух аввалига унинг уяли телефонини олиб, М. Келдиеванинг рақамини ўчириб ташлайди.

Ке­йин онаси оғир касаллигини айтиб, катта миқдорда пул талаб қилади.

— Менда бунча пул йўқ. Ам­мо онангизни шифохонага ётқизишда ёрдам беришим мумкин, — дейди Ғ. Ғуломжонов.

Бу жавобдан жаҳли чиққан Ф. Мирзакаримов эса, Ғайратжон аканинг бўйнидан бўғиб олади. Натижада шифокор ҳу­шидан кетади.

Чақирилмаган «меҳмон»лар бу вазиятдан «унумли» фойдаланиб, шифокорнинг қўл-оёғини боғлаган ҳолда ҳовлида турган «Ласетти» автомашинаси юкхонасига жойлашади. Сўнг автомашинани Риштон туманига ҳайдаб кетишади.

«Ласетти» йўлда елиб борар экан, айрим жойлардаги ўнқир-чўнқирлар ва тезликнинг юқори эканидан юкхонада тут­қинликда бораётган Ғ. Ғу­ломжонов ўзига келиб, кўзини очади. Автомашина тун ярмидан ўтганда туманнинг Усмонобод кўчасига етиб келади.

Айни шу дамда аллақаёқдан Фаррухнинг укаси Улуғбек ҳам пайдо бўлади. Улуғбек кела солиб, жабрланувчига дағдаға қилади:

— Хотинимни сиз аборт қилганингизда у ўлиб қолди. Энди ўзингизни ҳам унга ўх­шаб кўмиб юборамиз, қабр кавлаб қўйганмиз.

Шунда Ғ. Ғуломжонов жиноятчиларни яна бир марта инсофга чақиради.

— Ўйламай иш қиляпсизлар, бу қилмишларинг учун жавобгарлик бор.

Шунда ҳам жиноий гуруҳ ўзининг «фаолияти»ни тўх­татмайди.

Аксинча, Фаррух шифокорни масхаралаган кўйи «Ласетти» автомашинасининг қайд этиш гувоҳномасини ёқиб юборади. М. Келдиева билан У. Мирзакаримов эса, борди-ю ҳу­қуқни муҳофаза қилувчи идораларга хабар берса, яқинларини ўлдириб юборишни айтиб, уни қўрқитишади.

Сўнг уччовлон Ғ. Ғуломжоновнинг кўзларини боғлаб, «Олтиариқ — Фар­ғона» йўлига олиб боришади. Йўл ҳақи учун 10 000 сўм пул бериб, ўзлари автомашинада кўздан ғойиб бўлишади.

Жабрланувчи эсон-омон уйига етиб келгач, ички ишлар ходимларига хабар беради. ИИБ тезкор ходимларининг саъй-ҳаракати билан «Ласетти» автомашинаси эртаси куни Олти­ариқ тумани ҳудудидан топилди.

Бироқ жиноятчилар тун ярмида автомашина калитини Ғайратжон аканинг хонадони дарвозасига илиб кетишган экан. Автомашина эгасига қайтарилишидан олдин кўз­дан кечирилганда ундан 150 000 сўм олингани аниқланди. Айбдорлар жабрланувчининг «Artel 5X» русумли уяли телефонини ҳам қай­­тариб беришмаганди.

Шу тариқа жиноят фош этилиб, учала айбдорга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Буни қарангки, тергов ва суд жараёнида Фаррух билан ишқий муносабатда бўлиб юрган Барно Сафарова гувоҳлик берди. У 2018 йилда Ф. Мирзакаримовдан ҳомиладор бўлиб қолгани, Ғ. Ғуломжонов икки маротаба ҳомиласини олиб ташлагани, лекин у хизмати эвазига пул олмасдан, жинсий яқинлик таклиф қилгани учун Фаррухнинг жаҳли чиқиб кетгани, шу боис гинеколог-шифокорни қўрқитиб, тартибга чақириб қўймоқчи бўлганини таъкидлади.

Аммо гувоҳнинг айни кўр­сатмалари тергов жараёнида ҳам, судда ҳам ўз тасдиғини топмади. Шундан сўнг жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан  жиноятчиларга қонуний жазо тайинланди.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Тўғри, бу ўринда судланувчиларнинг ота-онаси, жамоатчилик ёки ҳудуд профилактика инспекторининг назоратни сусайтириб юборгани ёхуд эътиборсизлигини жиноят омили сифатида келтириш мумкин.

Аммо эгри йўлдан юрган кимсанинг ўзи инсофга келиб, тавбасига таянмаса, қи­йин экан. Балки улар бу сафар, яъни жазони ўташ асносида ўз қилмишларидан тегишли хулоса чиқариб олишар. Буни энди вақт кўрсатади.

Феруза СИДДИҚОВА,

жиноят ишлари бўйича

Фарғона шаҳар судининг судьяси,

Хуршид СУЛТОНОВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: