ГЕНДЕР ТЕНГЛИК СУДЬЯЛАР ОРАСИДА ҲАМ ТАЪМИНЛАНИШИ ЧОРАЛАРИ КЎРИЛМОҚДА
Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини изчил ислоҳ этиш орқали кўплаб амалий натижаларга эришилди. Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган фармон ва қарорлар, парламентга тақдим этилган Мурожаатномалар ҳамда2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси бугунги кунда Ўзбекистонда одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқишида асосий дастуриламал бўлди.
Жорий йил 30 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борада эришилган ютуқлар таҳлил қилиниб, суд-ҳуқуқ соҳасида мавжуд айрим камчиликлар очиқ-ошкора кўрсатиб ўтилди.
Шу билан бирга, соҳада амалга оширилиши зарур бўлган ислоҳотларнинг устувор йўналишлари атрофлича муҳокама қилинди.
Президентимиз томонидан судьялар орасида гендер тенгликни таъминловчи механизмларни жорий этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Судьялар олий кенгашига аниқ вазифа берилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Гендер тенглик, яъни эркаклар ва хотин-қизлар тенглиги — инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Сўнгги тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, бу омил энг юқори даражадаги иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий тараққиётнинг ҳам негизидир.
Мутахассисларнинг фикрича, фақат эркаклардан иборат жамоага нисбатан 50/50 фоиз эркак ва аёллардан иборат меҳнат жамоалари, айниқса, агар улар ақлий меҳнат билан банд бўлса, бир неча баробар юқори натижа кўрсатар экан.
Қолаверса, гендер тенглик — бу мамлакатнинг демократик тараққиёт даражасини кўрсатувчи индикатор. Гендер тенглик — бу нафақат инсоннинг асосий ҳуқуқларининг ифодаси, балки тинчлик, фаровонлик ва барқарор ривожланишга эришишнинг зарур асоси ҳамдир.
Бугунги кунда мамлакатимизда аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ролини ошириш, аёлларни турли масъулиятли лавозимларга тайинлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада аёлларимиз депутат, сенатор, ҳоким, элчи, прокурор, судья, солиқчи каби фахрли лавозимларда меҳнат қилмоқдалар.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда турли даражадаги давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида, шу жумладан, вазирлик ва идораларда, маҳаллий ижроия ҳокимияти органларида 1 минг 500 нафардан ортиқ хотин-қиз раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда. Давлат бошқарувида хотин-қизлар иштирокини ошириш мақсадида, 6 мингдан зиёд фаол хотин-қизлардан иборат кадрлар захираси шакллантирилди.
Ҳозирги вақтда уларни турли раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш бўйича тизимли ўқувлар ташкил этилмоқда. Ички ишлар вазирлиги тизимида 16 нафар аёл раҳбарлик ишига тайинланган бўлса, яна 6 нафар аёл ҳокимлик лавозимини эгаллади.
Турли даражадаги давлат мукофоти совриндорлари бўлган хотин-қизлар сони 2 минг 224 нафарга етди. Бугунги кунга қадар 577 нафар аёл «Мўътабар аёл» кўкрак нишони билан тақдирланган.
Ўзбекистон тарихида биринчи марта миллий парламентда хотин-қизлар сони Бирлашган миллатлар ташкилоти томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди. Мамлакатимиз парламенти хотин-қизлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламент ўртасида 37-ўринга кўтарилди.
Юртимизда тадбиркор ва фермер хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш борасида қўшимча кафолатлар берилди.
Катта компаниялар ва нодавлат ташкилотлар ходимларининг умумий сонидаги хотин-қизлар улушида гендер тенглик деярли тўлиқ таъминланган. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг 20 фоиздан ортиғига хотин-қизлар раҳбарлик қилмоқда.
БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида, мамлакатимизда «Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалари» қабул қилинган. Ушбу соҳадаги 5-мақсад — гендер тенгликни таъминлаш ҳамда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришдан иборатдир.
Бу, ўз навбатида, иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий ва бошқа чораларни қамраб олади. Мазкур вазифаларни бажариш учун барча давлат органлари ва ташкилотлари, муассасалари, шунингдек, давлат аҳамиятидаги жамоат ташкилотлари масъулдирлар.
Шу билан бирга, хотин-қизларнинг давлат ва жамият қурилишидаги иштирокини кенгайтириш, ижтимоий-иқтисодий, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа ижтимоий-иқтисодий соҳаларда эътиборни кучайтириш талаб этилади. Жумладан, хотин-қизларнинг эркаклар билан тенг даражада давлат ва жамият бошқарувига оид долзарб масалалар юзасидан қарорлар қабул қилишда иштирокини кенгайтиришни таъминлаш лозим.
Зеро, улар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир ишларга етарли даражада жалб этилмаяпти. Давлат органлари ва ташкилотларида хотин-қизлар ва эркаклар ишининг сифатини баҳолаш, лавозимда кўтарилиш масалалари бўйича тенг имкониятларни яратишга қаратилган гендер тенгликни таъминлаш мезонлари мавжуд эмас.
Хотин-қизларнинг давлат ҳокимияти ва бошқарувидаги фаолияти тўғрисида жамиятда мавжуд айрим салбий қарашлар эса, уларнинг сиёсий жараёнларда ўз ғояларини илгари суришига тўсқинлик қилмоқда.
БМТнинг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян 2019 йил Ўзбекистонга ташрифи асносида мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш юзасидан қабул қилинган қонун ва ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларга ижобий баҳо берган. Шу билан бирга, у Ўзбекистонда аёллар судьяликка кўпроқ жалб этилса, бу борада бошланган ижобий ислоҳотлар янада кўпроқ натижа беришини таъкидлаганди.
Ҳақиқатан ҳам, юртимизнинг яқин тарихида Ўзбекистоннинг суд-ҳуқуқ соҳасида ҳуқуқшунос аёллар алоҳида ўрин тутгани билан боғлиқ воқелик БМТ Махсус маърузачисининг бу фикрини тасдиқлайди.
Хусусан, узоқ йиллар мобайнида Ўзбекистон Олий суди раиси бўлган, Марказий Осиёда жиноят ҳуқуқи фани асосчиси, юриспруденция бўйича илмий мақом олган биринчи ўзбек аёли — академик Хадича Сулаймонова, Ўзбекистон Адлия вазири бўлган ҳуқуқшунос олима, профессор Мамлакат Восиқова, Ўзбекистон Олий суди раиси бўлган профессор Ҳалима Муҳитдинова ва бошқа ҳуқуқшунос аёлларимиз Ўзбекистонда ҳуқуқшунослик нуфузини оширишга катта ҳисса қўшган.
Таҳлилларга кўра, ҳозирги кунда мамлакатимизда жами ишлаб турган 1 минг 206 нафар судьядан 1 минг 50 нафари эркаклар бўлиб, аёл судьялар атиги 156 нафар, яъни 12,9 фоизни ташкил қилади.
Шундан:
фуқаролик ишлари бўйича судларда — 88 нафар;
жиноят ишлари бўйича судларда — 27 нафар;
иқтисодий ишлар бўйича судларда — 23 нафар;
маъмурий ишлар бўйича судларда эса, 8 нафар аёл судьялар ишлайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий судида фаолият олиб бораётган жами 62 нафар судьядан 15 нафари аёл судьялардир. Бу рақам 24,2 фоизни ташкил этади.
Хорижий мамлакатларда ушбу кўрсаткичлар нисбатан юқори эканини таъкидлаш лозим. Хусусан, БМТ Европа иқтисодий комиссияси маълумотларига кўра, қуйидаги мамлакатлар аёл судьялар сони бўйича энг юқори кўрсаткичларга эга:
Латвия — суд тизимида ишловчи барча судьяларнинг 78,6 фоизи аёл судьялардан иборат;
Словенияда бу кўрсаткич — 78,4 фоизга тенг;
Руминия — 72,8 фоиз;
Хорватия — 70,6 фоиз;
Сербия — 70,5 фоиз.
Ўз навбатида, бу соҳада энг паст кўрсаткичларга эга мамлакатлар ҳам аниқланган. Буюк Британия суд тизимида ишловчи барча судьяларнинг 28,4 фоизи аёл судьялардан иборат бўлса, бу кўрсаткич Арманистонда — 26,1 фоизни, Канадада — 23,5 фоизни, Лихтенштейнда — 23,1 фоизни, Озарбайжонда эса, 11,9 фоизни ташкил этади.
Турли давлатлар амалиётида мазкур кўрсаткичнинг бир-биридан кескин фарқ қилиши, шубҳасиз, ушбу мамлакатларнинг ўзига хос тарихи, миллий менталитети, урф-одатлари, ривожланиш босқичи каби кўплаб омилларга боғлиқ, албатта.
Хорижий давлатлар суд-ҳуқуқ соҳасида гендер тенгликни таъминлаш учун турли чора-тадбирларни амалга оширган. Мисол учун Бельгия, Италия, Ироқ, Иордания каби мамлакатларда судьялик лавозимига аёл номзодлар учун алоҳида гендерлик квоталари ажратилган.
Лекин Буюк Британия, Испания ва Франция давлатлари бундай гендерлик квоталарини жорий этишга қарши чиққан. Бунинг ўрнига улар олий юридик таълимга аёлларни кўпроқ жалб этиш, аёл судьялар учун турли шарт-шароитлар яратиш орқали гендер тенгликни таъминлаш маъқул деган хулосага келган.
Россия суд тизимида фаолият олиб борувчи судьяларнинг 66 фоизини аёл судьялар ташкил этади. Мутахассислар фикрича, бундай ҳолатнинг асосий сабаби — судьяликка номзодлар асосан суд аппаратида меҳнат фаолияти олиб борган судья ёрдамчилари ва котибларидан шаклланиши деб кўрсатилади. Чунки йиллар давомида судлар аппаратида ишлаган ушбу ходимлар суд тизими ва ҳужжатлар билан ишлаш жараёнини яхши билиб олишади.
Гап шундаки, Россияда судьяларнинг ёрдамчилари ва котиблари лавозимларида асосан аёллар ишлайди. Ушбу лавозимлардаги ходимларга кам ҳақ тўланади, иш ҳажми эса, кўп. Шу сабабли, оиланинг асосий боқувчиси ҳисобланган эркаклар ушбу лавозимларга интилмайдилар.
Хорижий мамлакатларнинг бу борадаги тажрибасини ўрганиш яна шуни кўрсатдики, кўплаб давлатлар суд тизимида аёл судьяларга гендер квоталари жорий этилишини қўллаб-қувватламайди. Бунинг асосий сабаби юриспруденция соҳасида аёл кадрларнинг етишмаслиги билан изоҳланади.
Шунга қарамай, бир қатор давлатлар судьяларни танлаш ва тайинлаш бўйича масъул органлар аъзоларини танлаш учун гендер квоталари тизимини жорий этишни маъқуллаган.
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши шундай орган ҳисобланади. Судьялар олий кенгаши таркибида, жорий йил 1 январь ҳолатига кўра, 12 нафар эркак ва атиги 1 нафар аёл судья фаолият кўрсатмоқда.
Гендер тенгликни таъминлаш бўйича яна бир чора бу — судьяликка номзодларни тайёрлайдиган таълим муассасасига тингловчиларни қабул қилишда гендер тенгликни таъминловчи механизмларни жорий этишдир. Юртимизда бундай муассаса Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабидир.
2021 йил 1 январидан бошлаб, судьялик лавозимига номзодлар фақат ушбу мактаб тингловчилари орасидан тавсия этилиши кўзда тутилган. Бундай муҳим чоралар, албатта, мамлакат суд тизимида аёллар сонини оширишга сезиларли даражада таъсир кўрсатиши мумкин.
Давлатимиз раҳбарининг суд-ҳуқуқ соҳасида гендер тенгликни таъминлаш бўйича механизмларни жорий этиш борасида берган топшириқларини бажариш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Гендер қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Судьялар олий кенгаши томонидан алоҳида дастур қабул қилинди. Дастур мамлакатимизда аёлларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мавқеини ошириш, хусусан, аёл судьяларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Дастурда бу борада, жумладан, қуйидаги вазифалар белгиланган:
суд тизимида гендер тенглик таъминланганлиги ҳолатини доимий мониторинг қилиб бориш;
жойларда ҳуқуқшунос аёлларда судьялик касбига қизиқиш уйғотиш бўйича давра суҳбатлари ўтказиш;
олий юридик маълумотга эга хотин-қизларни суд органларига кенг жалб қилиш;
муқаддам судья бўлиб ишлаган аёлларнинг ҳужжатларини ўрганиб, мақсадга мувофиқ деб топилган номзодларни судьялик лавозимларига тавсия этиш;
Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодексида гендер масаласига оид қоидаларни белгилаш;
судларда иш ҳажмини камайтириш ва судьялар ўртасида иш ҳажмини адолатли тақсимлаш чораларини кўриш;
аёл судьялар учун қулай меҳнат шароити яратиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш. Бу ўринда, жумладан, ёш боласи бор аёл судьяларга енгиллаштирилган меҳнат шароитлари, узайтирилган дам олиш вақти, қисқартирилган иш вақти белгилаш, аёллар учун қатъий бўлмаган иш вақтини белгилаш, тиббий таъминотини кучайтириш каби имтиёзлар назарда тутилган;
суд тизимида фаолият кўрсатаётган хотин-қизларга нисбатан иш жойларида тазйиқ ўтказиш ҳолатларининг олдини олиш ва хотин-қизлар билан ўзаро муносабат маданиятини юксалтириш бўйича профилактика тадбирларини ўтказиб бориш.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасида гендер тенгликка эришиш, ўз навбатида, хотин-қизларимизнинг қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлайди.
Шу билан бир қаторда, бу йўналишдаги муҳим қадамлар соҳани жаҳон стандартларига мослаштириш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.
Робахон Маҳмудова,
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
раисининг биринчи ўринбосари
Фикр қолдириш