ГЎДАКНИНГ БАҲОСИ БЎЛАДИМИ?!

…Нодира (исмлар ўзгартирилди) отасини кўп соғинади, тез-тез тушларида кўради, аммо етиб боролмайди. Отаси онаси билан келишолмай ахийри битта укасини олиб хорижга ишлагани кетиб қолган. Тўғри ота­сининг жаҳли тез, қўрслиги, қўполлиги бўлса-да, лекин қизини алоҳида меҳр билан яхши кўрарди. Афсус, қизининг бўйи етиб, узатиш арафасида турган бўлса ҳам, ҳеч нарса кўзига кўринмай уйдан бош олиб кетди… Узоқ-узоқларга кетди…

Оила боши бўлмаса қийин экан, рўзғор тебратиш анча қийинлашиб қолди. Нодира онасига, укасига қараган сари эзилади. Куч-қувватим бор, бирор иш бошлаб пул топсам бўлади-ку, деб хаёлида ҳар хил режалар тузарди. Лекин бир иш бошлаш учун ҳам оз бўлса-да сармоя керак. Оила эса базўр кун кўряпти. Ҳозир биров учун биров қарз берадиган замонми?! Ахийри иш излаб Бухородан пойтахтга – Тошкентга келишга қарор қилди.

Ҳалол меҳнатнинг айби йўқ, деб ҳеч қандай ишдан қайтмади. Ёзнинг саратон чилласида ҳам, қишнинг қаҳратон совуғида ҳам тинмай ишлади. Ишлаб-ишлаб, топганини йиғиб онасига жўнатарди. Оила ҳар ҳолда ўзини тиклаб олди.

Адашган кўнгил

Нодира кунларнинг бирида қашқадарёлик Комил исмли йигит билан танишиб қолди. Аввалига унга рўйхушлик бермади. Танимаган-билмаган, синашта бўлмаган одамга ишониш-ишонмасликни ҳам билмасди. Лекин кемтик кўнгил ширин сўз гадоси экан, Комилнинг ширин гаплари унинг кўнглини эритди. Муносабатлари кун сайин қалинлашиб, қалбида унга нисбатан меҳр, муҳаббат, ишонч туйғулари уйғонди.

Пинҳона учрашувлар, кўнгилхушликлар ўз натижасини узоқ куттирмади, Нодиранинг юраги остида яна бир жажжи юракча пайдо бўлди. У бу хабарни тезроқ Комилга айтишга ошиқарди. Телефонда эмас, юзма-юз, кўзларига боқиб туриб меҳр-ла айтгиси келарди.

Унинг юз ифодасидаги хурсандчилик ҳолатини ўз кўзлари билан кўришни истарди.

Ва ниҳоят кечки пайт улар яна ўша ижарадаги уйда учрашишди.

Нодира ҳеч бир иккиланишсиз хурсандчилик билан янгиликни ошкор қилди. Вазият бундай тус олишини кутмаган Комилнинг пешонаси тиришиб, ундан кўзларини олиб қочди.

– Нега бундай бўлди ахир, нега? – қўлларини мушт қилиб деворга урди у. – Уйдагиларга нима дейман?!

– Уйланаман дегандингиз-ку, нега жаҳлингиз чиқяпти, Комил ака? – Нодира унинг важоҳатидан чўчиб, ранги бўздек оқарди. – Фарзандимизнинг тақдирини ўйланг, шошмашошарлик қилманг.

– Чинданам, фарзандли бўламиз-ку, а? Балки ота-онам боланинг тирик етим бўлишини исташмас? Уларни шу йўл билан кўндирса бўлар, а? – Комилнинг кўзлари порлаб худди чигал масалани ҳал қилгандек қувониб кетди. – Эртагаёқ қишлоққа, ота-онамнинг олдига бориб ҳаммасини тушунтираман, сениям, боламниям ташлаб кетмайман, ишон, гулим, – деди Комил Нодиранинг юзларини силаб.

Афсус, ўша тун Нодира Комилнинг қайтмас бўлиб кетаётганини билганидами, балки унинг пойига йиқилиб бўлса ҳам ташлаб кетмаслигини ёлвориб сўраган бўлармиди?

Иложсиз қарор

Кунлар кунларни, ойлар ойларни бетиним қувиб ўтар, Нодиранинг ҳомиласи кун сайин катталашиб борарди. Комилдан ҳеч қандай хабар бўлмагач, у алданганини тушунди. Сўраб-суриштирай деса, на манзили, на телефон рақами бор. Кимга нима дейди, қаерга боради – ўзи ҳам билмасди.

Шу ҳолатда қишлоғига борсинми? Онаси номусдан ўлмайдими?

Қариндошлари ёмонотлиқ қилмайдими? Ҳаммасидан ҳам ёмони – бу гапларнинг отасига етиб бориши… Йўқ, йўқ, отаси билиши мумкин эмас, унда у Нодирани ҳам, онасини ҳам тириклайин ерга кўмади-ку!

Адоқсиз ўйлар гирдобида қолган Нодира ҳаётининг издан чиқишига, Комилнинг ташлаб кетишига вужудида яшаётган ҳомиласини сабаб қилар, шу тобда қорнидаги боласидан ҳам наф­ратланиб кетарди.

Бундай пайтда далда бўла оладиган ҳам, тўғри йўл кўрсатадиган ҳам онам, деб йиғлади у ўзича. Бор гапни онасига ётиғи билан тушунтиришга уринди. Она, она-да, уришади, бақиради, йиғлайди, лекин барибир боласини ёлғизлатиб қўймайди, бир ўзи азоб чекишини истамайди.

Чақалоқни олдириб ташлашнинг имкони йўқ. Ҳомила каттаргани сабаб ҳам она, ҳам бола саломатлигини жиддий хавфга қўйиб бўлмайди. Шифокорлар ҳам бунга рози бўлмайди. «Туғиб, балки бирорта фарзандсиз оилага бериб юборарман», деб ўйлади Нодира.

Хиёбонда ўз ўй-хаёллари билан андармон бўлиб кетиб бораркан, кутилмаганда эски таниши Малоҳатни учратиб қолди. Салом-аликдан сўнг бироз суҳбатлашгач бир-бирларининг телефон рақамларини алмашиб хайрлашишди.

Онаси вазиятни қандай ҳал қилишни аллақачон режалаштириб бўлганди. Эшикдан ҳолсиз, тушкун кайфиятда кириб келган қизига:

– Қорнингдаги болани сотамиз, – деди у дабдурустдан. Нодира сал аввал ўзи ҳам боладан воз кечишни ўйлаётган бўлса-да, негадир онасининг гапини кўнглига оғир олди.

Кутилмаган қўнғироқ

Малоҳат дугонаси Зилола билан кафеда овқатланиб ўтиришган пайтда Нодира унга қўнғироқ қилиб қолди.

– Эшитаман, Нодира, аҳволларинг яхшими? – дея ҳол-аҳвол сўради Малоҳат. – Суюнчи сўрамоқчисан шекилли? – деб гўё ҳозир бирон хушхабар эшитадигандек Зилолага қош қоқиб қўйди.

– Йўғ-е, ҳали вақт бор, – деди ҳафсаласиз Нодира. – Ростини айтсам, ўзи шу масалада гаплашгани қўнғироқ қилгандим.

– Нима гап, тинчликми? – ҳозиргина ҳазиллашиб турган Малоҳатнинг кайфияти бирдан тушиб кетди.

– Биласанми, ўша куни айтолмагандим. Нима десам экан? – бироз каловланди Нодира. – Ҳалиги… боланинг отаси ташлаб кетди. Ёлғиз ўзим қўлимда бола билан қишлоғимга қайси юз билан бораман, ким ҳам тушунарди мени. Шунга, ўйлаб-ўйлаб, уни сотишга қарор қилдим.

Малоҳат бу гаплардан бир қалқиб тушди.

– Нималар деяпсан, қорнингда шунча кўтариб юриб сотаман деяпсанми? Ахир нима бўлганда ҳам у сенинг боланг-ку. ўйлаб иш қил, кейин афсусланасан, – деб тутақди у.

– Болани сотаман деяптими? Ахир бу жиноят-ку! – деди Зилола ҳам асабдан бўғилиб. – Менга ўша танишингнинг рақамини бер, ўзим у билан гаплашаман. Жаҳл устида аламзадалик билан нима қилаётганини билмаяпти шекилли.

Малоҳат Нодиранинг рақамини берди. Бу ҳақда Нодирага ҳам айтиб, огоҳлантириб қўйди. Зилола эртаси куни унга қўнғироқ қилиб шу масала юзасидан гаплашиб олмоқчи эканини айтди. Ўзларига маъқул бўлган жойда кўришиб гаплашадиган бўлишди.

Улар учрашишди. Зилола аввалига унга бу иши ҳам гуноҳ, ҳам жиноят эканини тушунтиришга ҳаракат қилди. Аммо на Нодира, на онаси унинг гапини эшитишни истар, масалани тезроқ ҳал қилиш кераклигини қайта-қайта такрорлашарди. Уларнинг бунчалар бемеҳрлиги Зилолани ҳайрон қолдирарди.

– Ҳомилам ўғил, шуни ҳам ҳисобга олиб келишармиз, – деди Нодира. – Тиббий кўрикдан ўтаётганимда шифокорлар ўғил туғасан дейишганди, демак, аниқ ўғил бўлади.

– Ҳа, шундайми? – Зилола қаршисида турган аёллардан қанчалар наф­ратланмасин, ўз ҳиссиётларини жиловлашга, мулойимроқ гапиришга ҳаракат қиларди. – Болани сотиб юбориб, кейин даъво қилмаслигингизга ким кафолат беради?

– Хавотир олмасангиз ҳам бўлади, қизимнинг фуқаролик паспорти йўқ, – деб гапга қўшилди онаси.

– Яхши, мижоз топишим билан айтаман. Хабарлашиб турамиз, – деб хайрлашди Зилола.

Шу кундан Нодиранинг нафсига қурт тушди. Тезроқ қорнидаги болани туғса-ю, ундан қутулса. Тўғрироғи, пулласа… Шу илинжда Зилоладан яхши хабар кутар, аммо ҳадеганда ундан дарак бўлавермасди. Сабр қилолмай ўзи яна унга қўнғироқ қилди.

– Мен болани сотиш учун мижоз топдингизми-йўқми, шуни билмоқчи эдим. Онам боланинг нархини 1 000 АҚШ доллари деб баҳоладилар, шуни айтиб қўяй дегандим, опа.

Фарзандини соғ-саломат дунёга келтирган Нодира Зилолага уни тезроқ сотиб беришини илтимос қилди. Тезроқ харидор топмаса бошқага сотиб юборишини ҳам таъкидлади.

Режадаги «операция»

Нодирага туғуруқхонадан уйга кетишга рухсат бўлган куни Зилолага қўнғироқ қилди.

– Бизга рухсат беришди, холаси. Олиб кетгани келасизми?

– Ҳа, албатта бораман.

Зилола Нодирада ортиқча шубҳа уйғотмаслик учун барчасини одатдагидек, табиий ҳал этмоқчи бўлди. Яъни, бола сотилаётган пайтда Нодирани жиноят устида ушлаш керак эди.

Зилола дарҳол тегишли идора вакилларини ҳам огоҳлантириб, айтилган манзилга шошди.

– Опа, мана, энди сиз билан ишимиз битди. Болани олингда пулларни беринг, – деди кўзларини лўқ қилиб Нодира. Зилола ўзини қўлга олишга ҳарчанд уринмасин, кўзларидан оқаётган шашқатор ёшларини тиёлмасди. Нодиранинг тимсолида дунёдаги энг тошбағир, бемеҳр онанинг сиймосини кўраётгандек бўларди.

– Мана, ишонмасангиз санаб олишингиз мумкин, – деб унга конвертдаги хорижий валюталарни узатди.

– Қани, менга бер-чи. «Ердан олсанг ҳам санаб ол» дейишган деб кўзлари ўйнаб пулларни санашга тушди Нодиранинг онаси.

Бу ҳолатни бир четда кузатиб турган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимлари она ва болани жиноят устида қўлга олишди…

Хулоса ўрнида

Бахтга эришиш инсоннинг ўз қўлида бўлганидек, бахтсизликка юз тутишига ҳам кўпинча унинг ўзи сабабчи бўлади. Юқорида келтирилган воқеа баёни Нодира, Муқаддам сингари хулқида ноқислик бор аёлларимиз, қизларимизга сабоқ бўлса, шояд.

Мусо ЮСУПОВ,

жиноят ишлари бўйича

Олмазор туман суди судьяси,

Адолат ФАЙЗИЕВА,

журналист

(“Оила ва жамият” газетаси,

2020 йил 28 октябрь)

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: