ҲАМ ФИРИБГАР, ҲАМ ТАЛОНЧИ ОЛТИ ОЙДА 14 КИШИГА ЖАБР ЕТКАЗГАН
Халқимизда «Синалмаган отнинг сиртидан ўтма» деган пурмаъно нақл бор. Бу ўзинг аввалдан танимаган-билмаган инсонга ишонма, дегани ҳамдир. Аммо айрим юртдошларимиз ўта ишонувчанлиги ва соддалиги туфайли баъзан фирибгарлардан азият чекмоқдалар. Муқаддам ўғирлик ва талончилик жиноятларини содир этиб, икки маротаба судланган пскентлик ўуломжон Амиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам ўзининг фирибгарлиги ҳамда талончилиги билан 6 ой муддатда 14 нафар кишига жабр етказишга «улгурган».
Ғ. Амировнинг фириб тўрига дастлаб Келес шаҳрида яшовчи Жамшид Валиев илинди. Ғ. Амиров Ж. Валиевнинг хонадонида оила аъзолари билан вақтинча ижарада яшаб юрарди. ¤шанда у хонадон соҳибининг янги дарвоза ва дераза панжаралари ўрнатмоқчи эканлигидан хабар топади.
— Қўли гул уста танишларим бор. Дарвоза ва панжараларни сиз ўйлагандан ҳам аъло даражада қилиб ясаб беришади, — дейди ижарачи оғиз кўпиртириб. — Фақат пулини тўлиқ олдиндан беришингиз керак.
Албатта, Жамшид ҳаётда бировни алдамагани боис унга ҳам ўзига ишонгандек инонади. Шунинг учун 5 700 000 сўмни Ғ. Амировнинг қўлига тутқазади. Бироқ Ғуломжон берган ваъдасини бажармай, пулларни шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади.
Шундан сўнг «қаҳрамон»имиз тадбиркор Мадина Эркаевани нишонга олади.
У тез орада М. Эркаева билан Ангрен шаҳрида жойлашган умумий овқатланиш қаҳвахонасини ижарага олиш юзасидан оғзаки келишувга эришиб, ўша куниёқ қаҳвахонанинг калитини қўлга киритади.
Пировардида бино ичида турган музлатгич, микротўлқинли печ, музқаймоқ музлатгичи ва 6 тўплам стол-стуллардан иборат 16 000 000 сўмлик буюмларни олиб кетади. Сўнг қайтиб қорасини кўрсатмайди.
Орадан бир ой ўтгач эса, фирибгар йигит яна ўлжа излаб «ов»га чиқади.
Оқибатда Зангиота туманида киракашлик билан шуғулланувчи Мирайимжон Каримов навбатдаги жабрланувчига айланади.
— Укам авария бўлиб, Хонободдаги касалхонага тушиб қолди. Олиб бориб келинг, илтимос, — дейди Ғ. Амиров ҳайдовчига.
У йўл ҳақини 130 000 сўмга келишади. Шифохонага етиб боргандан кейин Мирайим аканинг «Samsung G7» русумли, баҳоси 6 000 000 сўмлик уяли телефонини қўнғироқ қилиш важи билан сўраб олади.
Сўнгра тезда чиқишини айтиб ичкарига кириб кетади-ю, қайтиб чиқмайди. М. Каримов эса, кута-кута тоқати тоқ бўлгач, алданганини англаб етади.
Буни қарангки, «қаҳрамон»имиз «Дамас» русумли, давлат белгиси «10 Z 835 AA» бўлган автомашина соҳиби Самад Ашировга нисбатан очиқдан-очиқ талончилик қилади. Аввалига у С. Ашировни Бектемир туманида тўхтатади.
— Бўкага, касалхонага олиб боринг, илтимос. Бориб-келишга юз минг сўм бераман, — дейди ўзини «Бахтиёр» деб таништиргач.
Кейин аввалдан режалаштирган ишини амалга ошириш учун қулай пайт пойлаб бораверади. Бўка туман марказий шифохонасига етиб боргач, Самаджоннинг нархи 1 000 000 сўмлик «Samsung Glaxy Grand J-530» русумли уяли телефонини тортиб олади.
С. Аширов телефонини қайтариб олиш мақсадида машинасини тўхтатади.
Лекин Ғ. Амиров дарҳол «Дамас»дан тушиб, бошқа машинага ўтириб кетиб қолади.
Хуллас, Ғ. Амиров гоҳ у, гоҳ бу усулда 6 ой муддатда яна 11 нафар фуқарони 14 570 000 сўмга чув туширади. Ҳатто бир гал Зангиота тумани Хонобод қишлоғи ҳудудидаги 39-сонли шифохонанинг «Дамас» ҳайдовчиси Азизбек Абдурайимовни алдаб кетмоқчи бўлганида ИИБ ходимлари томонидан ушланади ҳам.
Яъни А. Абдурайимовни Чирчиқ деҳқон бозори олдида тўхтатиб, Хонобод шифохонасига олиб бориб келишини сўраб, 80 000 сўм йўл ҳақи беришини айтади. Манзилга етиб, йўл ҳақини бермай шифохона ҳовлисига яширинмоқчи бўлганида эса, ИИБ ходимлари унинг фирибгарлигига чек қўйишади.
Лекин фирибгар ва талончи йигитнинг шунда ҳам кўзи очилмайди. У, аксинча, жиноий хатти-ҳаракатини давом эттираверади.
Албатта, ҳаётда заррача қилинган яхшилик ҳам, заррача қинғир иш ёки ёмонлик ҳам жавобсиз қолган эмас. Шу маънода, Ғ. Амировнинг қилмишлари ҳам беиз кетмади.
Жабрланувчиларнинг мурожаатига асосан, охир-оқибат Ғ. Амиров ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинади ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.
Жиноят ишлари бўйича Зангиота туман суди судланувчи Ғ. Амировни Жиноят кодексининг 166-моддаси 3-қисми «а»-банди, 168-моддаси 3-қисми «б»-банди, 25,168-моддаси 3-қисми «б»-банди билан айбдор деб топиб, озодликдкан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди.
Кези келганда шуни қайд этиш керакки, Жиноят кодексининг 50-моддасига биноан, озодликдан маҳрум қилиш маҳкумни жамиятдан ажратиб, жазони ижро этиш колонияси ёки турмага жойлаштиришдан иборатдир. Илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаб чиқиб ёки ўтаётган чоғида, қасддан янги содир этган жинояти учун ҳукм қилинаётган шахслар жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташи шарт.
Шу боис, Ғ. Амиров тайинланган жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташи белгиланди. Қолаверса, суд ҳукмида жабрланувчиларга етказилган зарарларни айбдордан ундириш ҳам ўз аксини топди.
Алқисса, ҳаётда юз берадиган ҳар бир воқеа-ҳодисадан биз ўзимизга тегишли хулоса чиқаришимиз зарур. Тилга олинган воқеалар тафсилотлари ҳам бошқаларга сабоқ бўлади, деган умиддамиз. Зеро, фирибгарлик ҳамиша аянчли якун топган.
Зафар ШАРОПОВ,
жиноят ишлари бўйича
Зангиота тумани судининг судьяси
Фикр қолдириш