ҲАҚИҚАТГА ЗИД ХАБАР ДЕПУТАТГА ҚИММАТГА ТУШДИ
Мана, уч ойдан ўтдики, мамлакатимизда COVID-19 дея аталмиш коронавирус касаллигининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Юртдошларимизнинг жорий қилинган карантин талабларига оғишмай риоя қилишни таъминлаш ҳам шундай тадбирлар сирасига киради.
Айтиш керакки, жорий йил 26 мартда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун ҳам бу борада янада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу қонуннинг 1-моддасига биноан, амалдаги Жиноят кодекси янги 244-5-модда (карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш) билан тўлдирилди. Унга мувофиқ, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки оммавий ахборот воситалари, шунингдек, Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи орқали тарқатиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Буни қарангки, айни қонун қабул қилинганининг эртаси куниёқ халқ депутатлари Қўқон шаҳар кенгаши депутати, шаҳардаги «Imona group» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Нодир Ҳамидов юқоридаги моддада назарда тутилган қилмишни содир этди.
Аниқланишича, 2020 йил 17 март куни Туркия давлатидан хизмат сафаридан қайтган Н. Ҳамидов яшаш манзилида уй карантинида бўлади. Орадан 10 кун ўтгач, 2020 йил 27 март куни кўчада шахсий юмушлари билан юрган пайтда бир таниши шаҳардаги хусусий клиникалардан бирининг раҳбари Ҳафиза Ниёзова (жабрланувчининг исм-шарифлари ўзгартирилган) нинг коронавирус инфекциясини юқтириб олганини айтади. Буни эшитган Нодиржон эса, сўраб-суриштирмай, соат 17:42 да Телеграм ижтимоий тармоғидаги «Иймонли дўстлар» ва «Депутатлар кенгаши» гуруҳлари аъзоларига овозли хабар орқали мурожаат қилади:
«Бугун шаҳримизда иккита касаллик аниқланди, — дейди у ҳар иккала гуруҳ аъзоларига салом бериб, ҳол-аҳвол сўрагач. — Бири УЗИ (УТТ) шифокори Ҳафизахон опа, иккинчиси Туркияда савдо-сотиқ билан шуғулланадиган аёл».
Нодиржон шундай деб икки аёлнинг ён-атрофидаги 30 нафардан яқинлари ва мулоқот қилган инсонлар карантинга олингани, шу боис имкон борича кўчага чиқмаслик ва оила аъзоларини эҳтиёт қилишни, айниқса, ёши улуғ отахону онахонларни эъзозлаш, ижтимоий масофани сақлашни уқтириб, Яратган бу кўзга кўринмас балодан асрашини айтиб, тилак билдиради.
Шундан сўнг унинг овозли хабари яна бошқа тармоқ фойдаланувчилари ўртасида тарқалади. Айниқса, Ҳ. Ниёзова тажрибали ва таниқли шифокор бўлгани боис, бу хабар янада кенгроқ қулоч ёзади. Ҳафиза опанинг ўзи эса, бундан эртаси куни хабар топади. Яъни ҳамкасбларидан бири ўша аудиоёзувни унинг уяли телефонига жўнатади.
Шундан сўнг Ҳафиза Ниёзованинг жиддий равишда тоби қочади.
Бунинг устига Телеграмдаги хабарни эшитган таниш-билишларининг қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўраши, шубҳа-гумон аралаш саволлари унинг баттар хунобини оширади. Шифокор аёл қарасаки, ваҳимали хабар ҳали-бери тинадиган эмас. Бинобарин, у дарҳол Давлат хавфсизлик хизматининг Қўқон шаҳар бўлимига ариза билан мурожаат қилиб, айбдорни аниқлашни ва унга қонуний чора кўришни сўрайди.
Қўқон шаҳар юқумли касалликлар шифохонасининг 2020 йил 29 мартдаги 37-сонли маълумотномасига мувофиқ Ҳафиза Ниёзовада COVID-19 (коронавирус касаллиги) аниқланмаган. Қўқон шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг шу кунги 01-10/417-сонли маълумотномаси эса, шаҳар ҳудудида COVID-19 билан рўйхатга олинган шахслар мавжуд эмаслигини тасдиқлайди. Шунга асосан, ДХХ шаҳар бўлими тезкор ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, Нодир Ҳамидовнинг қилмиши фош этилади. Оқибатда унга нисбатан Жиноят кодексининг янги 244-5-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилади.
Албатта, тергов ҳаракатлари мобайнида Нодиржон Ҳафиза опадан кечирим сўраб, қилмишидан қаттиқ пушаймонлигини билдирди.
Шунинг учун Ҳ. Ниёзова унга нисбатан моддий ва маънавий зарар юзасидан даъвоси йўқ эканини қайд этди. Бинобарин, жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди Н. Ҳамидовни юқоридаги модда билан айбдор деб топиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз баравари — 44 600 000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинлади.
Қолаверса, айбдорнинг «МI-9» русумли уяли телефони хотирасидаги маълумотлар йўқ қилиниб, давлат фойдасига мусодара этилди.
Бундан ташқари тилга олинган жиноятнинг юзага келиш омилларини бартараф қилиш ҳамда бу борада ички ишлар органлари билан ҳамкорликни кучайтиришни таъминлаш мақсадида, хусусий ажрим чиқарилиб, судланувчи яшайдиган «52-Янгиобод» маҳалла фуқаролар йиғинига юборилди.
Нимаям дердик. Ҳаётда кўпчиликка яхшилик улашаман деб, масаланинг иккинчи томонини, яъни ўзганинг ҳамиятига, шахсиятига тегмасликни ўйламаслик ҳолатлари ҳам баъзан учраб қолади. Қонун эса, ҳеч нарсани эътибордан четда қолдирмайди. Шундай экан, ҳар ким ўз ҳуқуқий маданиятини мунтазам шакллантириб ва янги қонунчилик билан яқиндан танишиб бориши — ўзига ҳам, жамиятга ҳам фақат наф келтиришини эсдан чиқармаслик лозим.
Элёрбек ҲАКИМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Қўқон шаҳар судининг судьяси
Фикр қолдириш