ҲОКИМ ҚАРОРИ НЕГА ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИЛДИ?

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад — фуқароларнинг Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини амалда кафолатли таъминлашдан иборатдир.

Ана шу эзгу мақсад йў­лида судларнинг мустақиллигини амалда таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Судларда ишларни кўришда адолат мезонларига қатъий риоя этилаётгани, очиқлик ва шаффофлик таъминланаётгани фуқароларнинг судларга нисбатан ишончи ортишида муҳим омил бўлмоқда.

Масалан, маъмурий судлар оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар, жумладан, давлат ор­ган­лари ва уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан фуқароларнинг мурожаатларини қо­­нун доирасида кў­риб, ижтимоий адолатни таъминламоқда.

Шу ўринда 2019 йилда Самарқанд ви­лояти­, туман ва шаҳар судларида кўрилган ишлар таҳлилига тўхталадиган бўлсак, ом­мавий-ҳуқуқий муносабатларга оид 1 минг 295 та иш кўрилган. Уларнинг 679 таси қаноатлантирилган. 407 та ариза рад этилган. 160 та ариза иш юритишдан ту­­гатилиб, 49 та ариза кўрмасдан қолдирилган.

Судларда мазмунан кўрилган жами ишларнинг 330 та­си ҳоким қарорларини ҳа­қи­қий эмас, деб топишга тааллуқлидир. Ушбу 330 та ишдан 94 таси судлар томонидан қаноатлантирилган.

Мисол учун Ургут туман маъмурий суди аризачи фермер, деҳқон хўжаликлари ва томор­қа ер эгалари туман кенгаши раиси Ж. Махмашукуровнинг туман ҳокимининг 2016 йил 14 майдаги 2016-Қ-сонли «Мў­мин­обод» агрофирмаси ҳудудидаги захира ер фондидан Тугалов Норқул Умрбоқи ўғ­лига узумчилик йўналишида фермер хўжалиги ташкил этиш учун ер майдони ажратиш тўғ­рисидаги қарорини ҳақи­қий эмас, деб топиш ҳа­қи­даги аризасини қаноатлантирди. Суд қарори билан ҳо­кимнинг 2016 йил 14 майдаги қарори ҳақиқий эмас, деб топилди.

Хўш, суд туман ҳокимининг қарорини нега ҳақиқий эмас, деб топди?

Гап шундаки, «Суюнов Тўхлибой Илҳом Салим» фермер хў­жалигига собиқ «Мўминобод» ширкат хўжалиги контуридаги ер майдонидан туман ҳокимининг 2009 йил 26 декабрдаги 1379-Қ-сонли қарорига асо­сан, 5,9 гектар узумзор, 0,8 гектар йўл ва уввотлар, жами 6,7 гектар қўшимча ер майдони ажратиб берилади. Шундан сўнг фермер хўжалигининг жами ер майдони 18 гектарга етади. Ушбу ер майдони фермер хўжалиги раҳбари Б. Суюновга 47 йил муддатга ижарага берилганди.

2016 йилда эса, «Суюнов Тўх­либой Илҳом Салим» фермер хўжалигидан унга қарашли 677, 657 к, 675, 658, 481, 480, 669, 1371, 660, 661, 1375 ва 1376 рақамли дала контурларидаги 9,9 гектар узумзор, 1,1 гектар йўл ва уввотлар, жами 11 гектар ер майдони туман ҳо­кимлиги захирасига олиб қўйилади. Захирага олинган ер майдони туман ҳокимининг 2016 йил 14 майдаги 2016 К-сонли қарори билан узумчилик йўналишида фермер хўжалиги ташкил этиш учун Норқул­ Тугаловга 42 йил муддатга ижарага берилади.

Юқорида баён этилганлардан кўринадики, «Суюнов Тўх­либой Илҳом Салим» фермер хўжалигига тегишли 11 гектар ер майдони туман ҳокимлиги захирасига олиниб, сўнг Н. Тугаловга фермер хўжалиги ташкил этиш учун берилган. Шу ўринда газетхонда хўш, қандай хатолик ўтди экан, деган ҳақ­ли савол туғилиши мумкин.

Аввало, бу борадаги қонуний асосларга тўхталиш даркор. Чунки «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 31-моддаси бу муаммога тўлиқ ойдинлик киритади. Мазкур моддада фермер хўжалигини қайта ташкил этиш, яъни қў­шиб юбориш, қўшиб олиш, бў­лиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилиши аниқ баён этилган. Унга кўра, кўп тармоқли фермер хўжалигининг ер участ­калари захира ерларга олиб қўйилганда, кўп тармоқли фермер хўжалигининг раҳбари томонидан унинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш орқали қайта ташкил этиш мумкинлиги белгиланган.

Агар фермер хўжалиги ер майдонини ўз ихтиёри билан камайтириш орқали уни мақбуллаштиришни истаса, бу иш фермер хўжалиги раҳбарининг туман ҳокимига ёзган аризаси асосида амалга оширилади. Ёки фермерда ер майдонини кенгайтирган ҳолда ўз ихтиёри билан мақбуллаштириш мақсади туғилса, бундай ҳолда давлат мулки саналган ер майдонларини узоқ муддатли ижарага бериш танловида қатнашиши шарт.

Ушбу қонуний талаблар Вазирлар Маҳкамасининг «Фермер хўжалиги ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 2013 йил 31 январдаги 22-сонли қарорига илова қилинган Низомнинг 4-бандида белгилаб қўйилган.

Мазкур Низом талабига кў­ра, туман ҳокими ариза тушгач, уч кунлик муддатда ҳужжатларни фермер, деҳқон хў­жа­лик­лари ва томорқа ер эгалари туман кенгашига тақдим этади. Ўз навбатида, кенгаш беш кун мобайнида аризаларни кўриб чиқади ва кўриб чиқиш натижалари бўйича хулоса беради. Шундан сўнг фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгаши хулосаси аризалар билан бирга Комиссияга юборилади.

Комиссия Низомнинг 5-бандига кўра, тақдим этилган ҳужжатлар асосида фермер хўжалиги ер майдонини ихтиёрийлик асосида мақбуллаштириш масаласини бир ҳафта муддатда кўриб чиқади.

Натижалар бўйича қарор қабул қилади ва ушбу қарор баённома билан расмийлаштирилади.

Барча ҳужжатлар, шу жумладан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгашининг қарори билан бирга кўриб чиқиш учун халқ депутатлари туман кенгашига юборилади.

Халқ депутатлари туман кенгаши ўз сессиясида Комиссия томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ҳамда тегишли қарор қабул қилади. Қарорни эса, туман ҳокимига юборади.

Ўз навбатида, туман ҳокими кенгаш қарори асосида бир ҳафта муддатда ихтиёрийлик асосида фермер хўжалиги ер майдонини мақбуллаштириш тўғрисида қарор қабул қилади. Шу тариқа бўшаб қолган ер майдони олиб қўйилади ва у келгусида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда талабгорларга танлов асосида берилади.

Энди юқоридаги воқеа тафсилотига қайтадиган бўл­сак, суд мажлисида сў­ралган туман ҳокимлигининг вакили кўрсатма беришича, туман захира ер фондидан Н. Тугаловга узумчилик йўналишида фермер хўжалиги ташкил этиш учун ер майдони ажратиш тўғрисида қа­рор қабул қилинган.

Ушбу қарор билан «Мў­мин­обод» агрофирмаси ҳудудидан жами 11 гектар ер майдони Н. Тугаловга 42 йил муддатга ижарага берилган.

Бироқ у ушбу ер майдони «Суюнов Тўхлибой Илҳом Салим» фермер хўжалиги ҳисобидан туман ер захирасига олингани ҳақида қарор бор-йўқ эканини билмайди. Фермер хўжалиги ташкил қилишда Н. Тугалов томонидан туман ҳо­кими номига ариза берилган-берилмагани, фермер, деҳ­қон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгаши томонидан хулоса ҳам берилган ёки берилмаганидан бехабар эканини айт­ди. Туман ҳокимининг 2016 йил 14 майдаги 2016-Қ-сонли қарор ости ҳужжатлари ўр­ганиб чиқилганида Н. Тугаловнинг фермер хўжалигини ташкил қилиш тўғрисидаги ари­заси мавжуд эмаслиги аниқланди.

Худди шунингдек, иш ҳужжатларида туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимининг 2019 йил 16 апрелдаги 428-рақамли жавоб хати мавжуд. Унда «Суюнов Тўхлибой Илҳом Салим» фермер хў­жалиги ер майдонидан қисман туман ҳокимлиги захира ер майдонига олиш бўйича ҳокимнинг 2016 йилда қарори қабул қилинмагани билдирилган. Шунингдек, Н. Тугаловга фермер хўжалиги юритиш учун ер майдонини ажратиш тўғрисида тумандаги ер майдонларини бериш, яъни реализация қилиш масалаларини кў­риб чиқиш бўйича комиссиянинг 2016 йил 12 майдаги 14/140-сонли йиғилиш баёни, халқ депутатлари туман Кенгашининг 2016 йил 13 майдаги 34/11-сонли ижобий қарорлари нусхалари ҳамда Н. Тугаловнинг танлов ғолиби, деб топилган ҳужжатлардан нусхалар бўлимда сақланмаётгани кўр­сатилган.

Шу ўринда «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддасига тўхталиб ўтишга тўғри келади. Гап шундаки, ушбу модданинг учинчи қисмига кўра, захира ерлардан ёки юридик ва жисмоний шахсларга берилмаган, қишлоқ хўжалигига мўл­жалланган ерлардан ер участкалари ўтказилган танлов якунларига кўра, ер участкалари бериш (реализация қи­лиш) масалаларини кўриб чиқувчи туман комиссияси ҳамда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгашининг хулосасига биноан халқ депутатлари туман Кенгашининг қарори асосида қабул қилинган туман ҳокимининг қарори билан берилиши керак.

Мазкур қонуннинг 13-моддаси талабига асосан, ер участкасининг ўлчами ва чегаралари фақатгина фермер хў­жалиги бошлиғининг розилиги билан ўзгартирилиши мумкин.

Маълум бўляптики, «Суюнов Тўхлибой Илҳом Салим» фермер хўжалиги ер майдонлари мақбуллаштирилишида Б. Суюновнинг розилиги ҳам­да унинг туман ҳокими номига ушбу мазмундаги аризаси олинмаган. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгаши то­монидан ариза кўриб чиқилмаган, натижаси бўйича хулоса берилмаган. Халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида Комиссия томонидан тақдим этилган ҳужжатлар кўриб чиқилмаган ва тегишли қарор қабул қилинмаган.

Бундан ташқари туман ҳо­кими халқ депутатлари туман Кенгашининг ижобий қарори асосида фермер хў­жалиги ер майдонини мақбуллаштириш тўғрисида қа­рор қабул қилмаган ва бўшаб қолган ер майдони келгусида қонунда белгиланган тартибда талабгорларга танлов асосида берилмаган.

Шундай қилиб, суд «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Фермер хўжалиги ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига илова қи­линган Низомнинг бир қатор талаблари қўпол тарзда бузилган, деган тўх­тамга келди.

Ҳоким қабул қилган ҳужжатлар устидан фуқаролар, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар судга шикоят қи­лиши амалдаги «Маҳаллий давлат ҳокимия­ти тўғрисида»ги қо­нуннинг 27-моддасида белгилаб қўйилган. Шу каби Фуқаролик кодексининг 12-моддаси талабига биноан, давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқа­риш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳам­да фуқароларнинг ёки юридик шахс­нинг фуқаролик ҳуқуқ­ларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкин.

Суд туман ҳокимининг «Мў­минобод» агрофирмаси ҳудудидан туман захира ер фондидан Н. Тугаловга узумчилик йўналишида фермер хўжалиги ташкил этиш учун ер майдони ажратиш тўғрисидаги 2016 йил 14 майдаги 2016-Қ-сонли қа­рорини ҳақиқий эмас, деб топди. Суд қарори билан туман ҳокимлиги зиммасига ушбу ҳал қилув қарорининг ижро этилганлиги тўғ­рисида судга ва аризачига мазкур ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир ой ичида хабар қилиш мажбуриятини юклади.

Мухтасар қилиб айтганда, фермер хўжаликлари ер майдонларини мақбуллаштириш, ер ажратиш, ерларни туман ҳокимлиги захирасига олиш, янги фермер хўжаликлари ташкил этишда амалда белгилаб қўйилган қонунлар, шу­нинг­дек, Низом талабларига риоя этиш ғоятда муҳим. Қо­нунга таяниб иш тутиш ҳеч бир муаммога, шу жумладан, ҳоким қарорларининг суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилишига асло йўл қолдирмайди.

Ботирали ДИЁРОВ,

Самарқанд вилояти маъмурий судининг раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: