«ҲОЖАТБАРОР» МУЛЛА ҲАМ ҲУҚУҚБУЗАРЛИККА, ҲАМ ЖИНОЯТГА ҚЎЛ УРДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби» мавзуидаги анжуманда пул эвазига яширинча шаръий никоҳ ўқитиш оқибатида қўшхотинлик ҳолати кўпайиб бораётгани, шаръий никоҳдан туғилган фарзандлар давлат қонунлари бўйича кўпгина ҳуқуқлардан маҳрум бўлиб қолиши, хусусан, оталикни белгилаш, туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиш, мерос ҳуқуқи, ўсиб-улғайганидан кейин боғчага, таълим муассасаларига қабул қилиш масалаларида муаммоларга дуч келиши, энг ачинарлиси, бундай болалар руҳан мажруҳ бўлиб, турли маънавий нуқсонлар билан вояга етиши, улар ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси деб ҳис этолмаслигини куюниб гапирганди.

Аммо ҳали-ҳануз жойларда амалдаги қонунлар талабига бўй­сунмай шаръий никоҳ ўқиётган муллалар онда-сонда бўлса-да, учраб туради. Масалан, Фарғона туманида яшовчи Давронбек Саидов (исм-шарифлар ўз­гарти­рил­ган) ҳам таниши Эргашали Ҳакимовнинг илтимосига кў­ра, ҳуқуқбузарликка қўл урди. Гап шундаки, Д. Саи­дов махсус диний маълумотсиз, қо­ла­верса, бирор-бир диний ташкилот аъзоси бўл­маган ҳолда 2020 йил 30 январь ку­ни 66 ёшли Эргашали ака би­­лан 29 ёшли Сабоҳат Нуралиевани шаръий асосда никоҳлаб қўйган. Бироқ кўп ўтмай, бу ҳу­қуқбузарлик ҳудуд профилактика инспектори Илёс Мамажонов томонидан аниқланган. Шу боис инспектор тегишли маъ­мурий баённомани расмийлаштирган. Лекин…

Лекин Давронбек ака ўз айбини тан олиш ўрнига жавобгарликдан қутулиш чорасини излай бошлайди. Бинобарин, у ушбу ҳолат юзасидан қонуний чора кўрмаслик ҳамда тўпланган ҳужжатларни судга тақдим этмаслик эвазига профилактика инспектори И. Мамажоновга 1 миллион сўм миқдорида пора таклиф қилади. Аммо қонун ҳи­моячиси унинг жиноий таклифига рози бўлмайди. Аксинча, Фар­ғо­на вилоят ИИБ раҳбариятига билдирги билан мурожаат қи­лади.

Натижада вилоят ИИБ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда Д. Саидов инспекторнинг хизмат хонасида пора бераётган чоғида далилий ашё билан қўлга олинади. Шу боис Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қувасой шаҳар бўлими томонидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилади. Албатта, «қаҳрамон»имиз энди айни жинояти учун ҳам қо­нун олдида жавоб беради.

Маъмурий жавобгарлик тўғ­рисидаги кодекснинг 201-моддаси 2-қисмида «Диний йиғилишлар, кўча юришлари ва бошқа диний маросимлар ўтказиш қоидала­ри­ни бузиш энг кам иш ҳа­қининг саксон бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қа­моққа олишга сабаб бўлади», кодекснинг 33-моддасида эса, «Суд маъмурий жазо чорасини қўллаётганда жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларни ва ҳуқуқбузарнинг моддий аҳ­волини инобатга олган ҳолда сабаблар ва асосларни албатта, кўрсатиб, ушбу кодекснинг Махсус қисмидаги моддаларнинг санкциясида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам кам­­роқ жазо чорасини қўллаши мумкин» дея қайд этилган.

Бундан ташқари кодекснинг 22-моддасига биноан, маъмурий жа­зо жавобгарликка тортиш чораси бўлиб, у маъмурий ҳуқуқ­бу­зарлик содир этган шахсни қонунларга риоя этиш ва уларни ҳурмат қи­лиш руҳида тар­бия­лаш, шунинг­дек, ана шу ҳу­қуқбу­зар­нинг ўзи томонидан ҳам, бош­қа шахслар томонидан ҳам ян­ги ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади. Шунинг учун юқоридаги маъмурий иш Қу­васой шаҳар маъмурий су­ди томонидан «Ҳувайдо» маҳалла фуқаролар йиғинида бў­либ ўтган сайёр­ суд мажлисида кўриб чиқилди.

— Бир неча йиллар олдин хотиним вафот этганди. Ке­йин­чалик қизларим ҳам турмушга чиқиб, ўзим ёлғиз қийналиб қолдим. Шунинг учун шаръий никоҳ ўқиб қў­йишни мен илтимос қилгандим, — деди Э. Ҳа­кимов суд мажлисидаги кўрсатмасида.

Шу боис суд ҳуқуқбузарга жазо тайинлашда унинг нафақа ёшида эканлиги, қилмишидан пушаймонлиги, оилавий шароити, яшаш жойидан ижобий тавсифланганлигини жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топиб, юқо­ридаги модда санкциясида белгиланганидан ҳам камроқ, яъни базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 (ўн) баравари миқдорида — 2 230 000 сўм жарима жазоси тайинлади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, тилга олингани ка­би ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятлар фуқароларнинг ҳу­қуқий онги ва ҳуқуқий маданияти етишмаслиги, диний қарашларнинг нотўғри сингдирилиши, маҳалла ҳам­да жа­­моат­чиликнинг бе­фарқ­лиги, жойларда маънавий-маърифий ишлар қониқарли даражада амалга оширилмагани, ҳуқуқ­бузарлик ва жи­ноят­чиликнинг олдини олиш борасида тегишли чора-тадбирлар белгиланмагани туфайли юзага келади. Шундай экан, нафақат ҳуқуқни муҳофаза қи­лувчи идора ва ҳокимият­ ходимлари, балки ота-оналар, қў­ни-қўшни, маҳалла-кўй, жамоатчилик вакиллари ҳам оила масаласига янада жиддий масъулият билан ён­дашиши, ўз ҳудудларида назоратни сусайтирмаслиги шарт.

Мақоламиз сўнгида яна бир мулоҳаза: башарти, маҳалла фаоллари Э. Ҳа­кимовнинг хотини вафот этганлигини инобатга олиб, ушбу никоҳни тегишли тартибда расмийлаштирганда бундай нохуш ҳолат юзага келмаган бўларди. Ҳар қандай сабаб ўзига яраша оқибатни келтириб чиқаради. Бинобарин, маҳаллада, қўни-қўш­ни хонадонларида ташкил этилаётган ҳар қандай йиғинни бамаслаҳат ва қонуний асосда ўтказишга жамиятимизда барча ҳуқуқий асослар борлигини эсдан чиқармаслик керак.

Маҳкамжон АБДУБАННАБОВ,

Қувасой шаҳар маъмурий

судининг раиси,

Хуршид СУЛТОНОВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: