ИЛМ ҚАЛЛОБЛИКНИ КЕЧИРМАЙДИ

Мана, гарчи ҳар йилгидан ўзгача тарзда бўлса-да, яна бир ўқув йили якунига етди. Энди умумтаълим мактаблари, академик лицей ва коллеж битирувчилари учун янада жиддий синовли дамлар бошланмоқда. Яъни саноқли кунлардан сўнг улар олий ўқув юртларида тест синовларини топширишади.

Ҳеч кимга сир эмас, ана шундай кезларда ўзини қўли узун инсон сифатида кўрсатиб, ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилувчи айрим фирибгар кимсалар ҳам ғимирлаб қолишади. Айниқса, ўзининг билимига ишонмаган ёки ўқишга киришнинг осон йўлини қидирувчи айрим ёш­лар бундай «ҳожатбарор»ларнинг тузоғига осон илинишади.

Бинобарин, қуйидаги жиноят иши мисолида абитуриентлар, уларнинг ота-оналари ва яқинларини ана шундай кимсаларнинг фириб тўридан огоҳлантиришни лозим топдик.

Энг афсусланарли жиҳати шундаки, бугунги «қаҳра­мон»­имиз саводсиз ёхуд қилмишининг оқибатини тушунмайдиган кимса эмасди. Чунки у Фар­ғона вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази «Амалий фанлар ва мактабдан таш­қари таълим методикаси» кафедраси мудири Набижон Самадов (исм-шарифлар ўз­гартирилган) бўлиб, нафақат зиёли инсон, балки устозларнинг устози саналарди.

Тергов ва суд жараёнида аён бўлишича, Н. Самадов марказдаги ишидан ташқари чизмачилик фанидан репетиторлик билан шуғулланиб, абиту­риент­ларни олийгоҳларга ўқишга киришга тайёрлаш билан ҳам шуғулланган. Шу боис 2019 йилда Фар­ғона давлат университетининг «Тасвирий санъат ва му­­ҳандислик графикаси» йўналишига ўқишга кириш ниятида юрган Вазира Шокиржонова ҳам унинг репетиторлик гуруҳида таҳсил олаётганди.

Бундан ташқари Фар­ғона давлат университети ўқитувчиси Эгамназар Жўраев В. Шокиржоновага тасвирий санъат фанидан репетиторлик қилаётганди.

Маълумки, Вазира танлаган йўналишда абитуриентлар тест синовлари билан бирга ижодий имтиҳон ҳам топширишади. Бироқ аввалдан таниш бўлган Набижон Самадов ва Эгамназар Жўраев шогирд­ларининг билим даражаси ҳақида суҳбатлашишганда В. Шокиржонованинг чизиш қобилияти талабга тўлиқ жавоб бермаслигини тилга олишади. Шунинг учун улар қиз­га янада кўпроқ машқ қи­лиш шартлигини, аксинча, амалий имтиҳонда юқори бал ололмаслигини тушунтиришади. Лекин Вазира бундан тушкунликка тушиб, уйига йиғлаб боради. Бинобарин, унинг отаси Дилмурод Лутфиддинов ҳам маслаҳат, ҳам қизининг ўқишидан хабар олиш мақсадида Н. Самадовга учрашади. Шунда устоз бўлмиш юмшоқлик билан гап бошлайди:

— Эгамназар домла билан ҳам гаплашдим, ўзим ҳам кузатиб боряпман, қизимизнинг чиза олиш даражаси ун­чалик яхши эмас, — дейди у.

— Шунинг учун олдингизга маслаҳат сўраб келгандим, — дейди Дилмурод ака унга саволомуз қараб.

— Жуда вақтида келибсиз, албатта, сизга ёрдам бераман, — дея аввалига Д. Лутфиддиновнинг кўнглини кў­тарган бўлди домла. Сўнг асл мақсадга ўтди. — Хўп десангиз, университетдаги танишларим билан гаплашаман. Хоҳласангиз грантга, хоҳласангиз контрактга ўқишга киритиб қўйишади.

— Майли, қанча бўларкин? — деб сўради Дилмурод ака.

— Грантга икки минг, контракт бўлса, минг доллар берасиз. Фақат олдиндан беш юз ёки олти юзини бериш ке­­рак, — дейди «ҳожатбарор» устоз.

Тўғриси, Дилмурод Лутфиддинов бундай жавобни кутмаганди. Шу боис у бирдан ҳафсаласи пир бўлгандек, бўшашиб қолди. Негаки, уни «Қизимни ҳамма фанлардан тайёрловга бердим, репетиторлар шунга яраша пул оляпти. Яна нима учун шунча маблағ сарфлашим керак? Қолаверса, бунча пулни қаердан топаман?» — деган савол ўйлантириб қўйганди. Бинобарин, Д. Лутфиддинов ўй­лай-ўйлай, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга муро­жаат­ қилди. Оқибатда мазкур ҳолат юзасидан тезкор тадбир ўтказилди. Яъни 2019 йил 23 июль куни Н. Самадов ўз хонасида ундан 600 АҚШ долларини олиб, стол тортмасига солиб қўяди. Бироздан сўнг эса, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ДХХ Фарғона вилоят бошқармалари ходимлари томонидан ушланади. Пировардида Набижон Самадовга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми, 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўз­ғатилади. Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди эса, айбдорга қонуний жазо тайинлади. Шунингдек, унга 1 йил муддатга халқ таълими соҳасида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларида ишлаш ҳуқуқи­дан маҳрум қилишдан иборат қў­шимча жазо ҳам тайинлади.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан юксак эътибор қаратилаётган соҳалардан бири бу — олий таълим тизимидир. Хусусан, ёшларнинг олий таълим билан қамраб олишга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар бир мутахассислик бў­йича қабул режаси йил сайин ортиб бормоқда.

Айниқса, жабр­ланувчи В. Шокиржонова танлаган педагогика йўналишидаги мутахассисликларни эгаллаш борасида кенг имкониятлар яратилмоқда. Судланувчи Н. Самадов эса, буни абитуриентга ва ота-онасига тўғри тушунтириб, уларга қонуний йўл кўрсатиш ўрнига вазиятдан «унумли» фойдаланиб қолмоқчи бўлди.

Мана оқибати — ўзининг мисқоллаб йиққан об­рўсини бир зумда тўкиб, маҳалла-кўй, қариндош-уруғ ва яқинлар ўртасида шаънига доғ туширди.

Феруза СИДДИҚОВА,

жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: