ИНТЕРНЕТДАГИ МЕССЕНЖЕР ОРҚАЛИ ТОВЛАМАЧИЛИК ҚИЛГАН «ШОВВОЗ»

Бугунги кунда ахборот технологиялари мисли кўрилмаган даражада тараққий этгани, дунёнинг нариги четида содир бўлган воқеадан ўша фурсатда хабардор бўлаётганимиз ҳар биримизни ҳайратга солади. Бу, ўз навбатида, инсоннинг камолотига хизмат қилади. Аммо ана шундай қулайлик ва имкониятлардан ўзининг тор мақсади йўлида фойдаланадиган кимсалар ҳам учраб туради.

Қашқадарё вилояти, Яккабоғ туманида яшовчи (исм-шарифлар ўзгартирилган) эндигина йигирма беш ёшга тўлган Холмурод Усмонов билим юртини тугатгач, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга киришди. Ўша пайт­­­да унинг ишбилармонлиги ва ғайрат-шижоатига кўпчиликнинг ҳаваси келарди.

Бироқ…

Аммо у ўзига тегишли сав­­до дўконида сотувчи бў­­либ ишлайдиган Лобар Парпиеванинг телефон рақами орқали унинг интернетдаги «Teleg­ram» мессенжеридаги профилига кириб, жияни Муҳсин Олимов билан ўзаро мулоқот қи­либ юрганини ўқиб қо­лади ва кўнг­лида ғаразли ният пайдо бўлади.

Аниқроқ айтганда, у «Te­leg­ram» мессенжери ор­қа­ли янги профил очиб, Лобар Парпиева учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни тарқатиб юборишини айтиб, уни қўрқитиб, товламачилик йўли би­лан 500 АҚШ доллари талаб қилади.

Албатта, Л. Парпиева буни эшитиб, қўрқиб кетади ва Х. Усмоновнинг талабига ро­зи бўлади. Охир-оқи­бат эса, товламачи Х. Усмонов ушбу ёзувларни ошкор қилмаслик эвазига 3 500 000 сўм олишга розилик билдиради. Л. Парпи­е­ва ай­ни шу вазиятда қонуний йўл тутади, яъни у Х. Усмоновнинг хатти-ҳаракати юзасидан ҳуқуқ­ни муҳофаза қилувчи идорага хабар беради.

Х. Усмонов эса, билим юртида ўзи билан бирга ўқиган Нозим Валиевни алдаб, уни Л. Парпиевадан келишилган пулни олиб келиш учун юборади. Товламачининг ўзи эса, «Te­legram» мессенжери орқали Лобар Пар­пие­­вага пулни қаерга олиб боришини айтиб туради.

Аммо Х. Усмоновнинг худди ғарб кинофильмларида тасвирлангани каби усталик билан Лобар Парпиевадан пул ундириш жиноий нияти амалга ошмай қол­ди.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан товламачи ушланди.

Ушбу жиноят иши очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди ва Х. Усмонов Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан айбдор деб топилди. Унинг айбига иқ­рор­лиги ва чин кўн­гилдан пушаймонлиги, ёшлиги, иж­тимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиши, жиноят содир қилганидан ке­­йинги хулқ-атвори, жабрланув­чи­дан кечирим сўрагани, жабр­ланув­чининг даъвоси йўқлиги, биринчи марта унча оғир бўл­ма­ган жиноят содир этгани ҳамда яшаш жо­йи­дан ижобий тавсифлангани каби жиноятнинг ижтимоий хавф­лилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳо­латлар эътиборга олинди, инсонпарварлик ва одиллик принципларига риоя қи­линган ҳолда жазо тайинланди.

Хулоса ўрнида айтганда, бу воқеада кишини ўйлантирадиган, ҳатто таажжубга соладиган бир жиҳат бор. Мақоламиз «қаҳра­мон»­и худди ғарб ки­но­ларидаги каби персонажни ҳосил қилади. Де­мак, у шу йўл билан жиноий кирдикорини беиз йў­қотмоқчи бўлган. Йўқса, бундай қалтис «ўйин»га бош қўшмаган бўларди. Ахир, кино бошқа, ҳаёт бошқа. Ҳаётда ҳеч бир қилмиш беиз кетмаслигини, хусусан, ҳар қандай жиноят­ муқаррар жазога етаклашини ёш­ла­ри­миз яхши анг­лаб етиши лозим.

Шаҳзод Бахтиёров,

жиноят ишлари бўйича

Қашқадарё вилояти судининг судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: