ИШ ЮРИТИШНИ ТУГАТИШНИНГ АЙРИМ ЖИҲАТЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг (МЖтК) 2-моддасида маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг вазифалари белгиланган. Унга кўра, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжат­лари инсон ва жамият фаровонлиги йўлида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, мулкни, давлат ва жамоат тартибини, табиий муҳитни муҳофаза қилишни, ижтимоий адолат ва қонунийликни таъминлашни, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларнинг ўз вақтида ва объектив кўриб чиқилишини, шунингдек бундай ҳуқуқ­бузарликларнинг олдини олишни, фуқароларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига риоя этиш руҳида тарбиялашни ўз олдига вазифа қилиб қўяди.

Бу вазифаларни амалга ошириш учун ушбу Кодексда қандай ҳаракат ёки ҳаракатсизлик маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланишини, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахсга нисбатан қайси орган (мансабдор шахс) томонидан қай тартибда қанақа маъмурий жазо қўлланилиши ва ижро этилиши белгилаб қўйилган.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик деганда, қонун ҳужжатларига биноан маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган, шахсга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, мулкчиликка, давлат ва жамоат тартибига, табиий муҳитга тажовуз қилувчи ғайриҳуқуқий, айбли (қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида) содир этилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик тушунилади.

МЖтКда назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарлик, башарти бу ҳуқуқбузарлик ўз хусусиятига кўра жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлмаган тақдирда, амалга оширилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни истисно этувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда  маъмурий ҳуқуқ­бузарлик тўғрисидаги иш юритилмайди.

Жумладан, МЖтК 271-моддасининг 7-бандида маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб, давом этаётган ҳуқуқбузарлик эса, ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан бошлаб бир йилдан кечиктириб қўлланилиши мумкин эмаслиги, акс ҳолда маъмурий иш тугатилиши кераклиги назарда тутилган.

Амалиётда судлар маъмурий ҳуқуқ­бузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш жараёнида МЖтКнинг 36-моддасида белгиланган муддатлар ўтиб кетган ҳолатни ишни юритишни истисно этувчи ҳолат сифатида баҳолаб, маъмурий ишни аксарият ҳолларда ҳуқуқбузарнинг иштирокисиз тугатмоқда. Аммо, бундай қарор қабул қилиниши натижасида айрим ҳолатларда содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликдан фуқаровий жавобгарлик ҳолати юзага келиши кузатилмоқда.

Маълумки, жиноят-процессуал қонунчиликка мувофиқ айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб, жиноят ишини айрим ҳолларда шахснинг розилиги мавжуд бўлгандагина тугатиши мумкин. Жумладан, айбланувчи, судланувчи ёки вафот этган айбланувчининг, судланувчининг яқин қариндошлари талаб қилса, ишни юритиш умумий тартибда давом эттирилиб, ҳукм қилиш учун асослар мавжуд бўлса, айблов ҳукми жазо тайинланмасдан чиқарилиши белгиланган. Чунки, айблов ҳукми жиноят оқибатида етказилган зарарни ундиришга асос бўлади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчилик, хусусан МЖтКнинг 271-моддаси айрим бандлари асосида ҳуқуқбузар ёки унинг яқин қариндошларининг розилигисиз ишни тугатиш тартиби содир этилган ҳуқуқбузарлик оқибатида етказилган зарарни ундириш жараёнида муаммони юзага келтирмоқда. Шу сабабли, маъмурий ишни кўришда судья шахснинг ҳуқуқбузарликни содир этган-этмаганлигини чуқур текшириб чиқиши зарур.

МЖтКнинг 305-моддасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишнинг умумий муддати белгиланган (15 кун).

Шу билан бирга, МЖтК 271-моддасининг 11-бандида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги иш маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ва ишнинг бошқа материаллари ишни кўриб чиқишга ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан олинган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда кўриб чиқилиши кўрсатилган.

Амалиётда тадбиркорлик фаолияти билан давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият кўрсатиб, ҳуқуқбузарлик содир этган фуқароларга оид материаллар умумий тартибда, яъни 15 кунда кўрилиб, қарор чиқарилмоқда. Кейинчалик айнан ўша фуқаролар тадбиркорлик юзасидан давлат рўйхатидан ўтиб тегишли рухсатнома олгач, аввалги суд қарори қонунда назарда тутилган 30 кунлик муддатга риоя этилмаганлиги туфайли кассация инстанциясида бекор қилинмоқда. Бундай ҳолатлар бўйича ягона суд амалиётини жорий этиш мақсадга мувофиқдир.

Маълумки, суд ишни кўриб чиқиш жараёнида маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган-этилмаганлигини, ҳуқуқбузарлик содир этилган вақт ва жойни, мазкур шахс уни содир этишда айбдор-айбдор эмаслигини, унинг маъмурий жавобгарликка тортилиш-тортилмаслигини, жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатлар бор-йўқлигини, мулкий зарар етказилган-етказилмаганлигини, шунингдек ишни тўғри ҳал этишда аҳамиятга молик бошқа ҳолатларни аниқлаши шарт. Ушбу ҳолатларнинг ҳар бири далиллар билан исбот қилиниши лозим.

Далил деб, ҳар қандай ҳақиқий маълумотлар, шу жумладан, гувоҳнинг, жабрланувчининг кўрсатувлари, экспертнинг хулосаси, ашёвий далиллар, овозли ёзувлар, видеоёзувлар, кинотасвир ва фотосуратлардан иборат материаллар ва бошқа ҳужжатлар тушунилади. Ушбу маълумотларни қонуний тартибда тўплаш, текшириш ва баҳолаш керак.

Қонун мазмунига кўра, маъмурий ҳуқуқ­бузарлик тўғрисидаги ишга оид далиллар ҳар қандай фактик маълумотлар ва нарсалардан иборат (МЖтКнинг 276-моддаси). Улар мансабдор шахснинг баённомасида ёки суд мажлиси баённомасида қайд этилганидан кейингина далил сифатида фойдаланилиши мумкин.

Шу сабабли, судлар томонидан маъмурий иш бўйича қабул қилинадиган қарор синчковлик билан, тўла, ҳар томонлама ва холисона текширилган далилларгагина асосланган бўлиши лозим. Текширув қўшимча далилларни тўплашдан иборат бўлиб, улар текширилаётган далилларни тасдиқлаши ёки рад этиши мумкин. Бу ўринда, судья ишдаги барча ҳолатларни синчковлик билан, тўла, ҳар томонлама ва холисона кўриб чиқишга асосланган ҳолда қонунга амал қилиб, ўзининг ички ишончи бўйича далилларга баҳо бериб, ҳар бир далилни ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳолаши лозим.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги тўғрисидаги баённомани тузишга ва материални кўриб чиқишга ваколатли мансабдор шахс ҳар бир ишни юритишда қонун нормаларига, шу жумладан, далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашга оид раҳбарий кўрсатмаларга амал қилиши шарт.

Бир сўз билан айтганда, ҳар бир иш бўйича тўпланган далилларга ҳуқуқий баҳо берилиши лозим.

Неъматжон АКБАРОВ,

Тошкент шаҳар

маъмурий суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: