ЖАҲОЛАТ БОТҚОҒИ ЁКИ МЎМАЙ ДАРОМАД ТОПАМАН ДЕБ НАФС ҚУРБОНИ БЎЛГАН КИМСА ХУСУСИДА

Бу дунёда ҳар бир одам бахт ва омадга интилиб яшайди.Аксарияти уни ҳалол ва фидойи меҳнат оғушидан топади. Афсуски, бахту омадни ҳалол меҳнатга бўйни ёр бермаган кўйи излаётгганлар ҳам бор. Бу тоифадагиларни ҳаётнинг ёрқин йўлларига даъват этишдан наф йўқ. Барибир ўз билганларидан қолишмайди, умрнинг ҳалол меҳнатдан келадиган бахт ва шодликка тўла нурафшон йўлларини бир четга суриб, қалтис ва хатарли йўлларни танлашади. Сирасини айтганда, қучоқ очиб, чечак ёзиб, ҳузурига келаётган бахти-тахтидан била-кўра туриб воз кечишади. Ўз иқболини ўз қўлила барбод этаётганлар, соғлиги тугул ҳаётини ҳам хор, абгор, барбод қилаётганлар — айнан шулар.

Чиндан ҳам, шундай: баъзилар бойлик, шоҳона ҳаёт ва амални бахт деб билишади. Аслида эса, ҳақиқий бойлик инсонга ҳалол ва фидойи меҳнат-ла пешвоз чиқади. Ва бахт­нинг калитини ҳа­миша шижоатли меҳнатдан, ҳалоллик ва поклик йўл­ларидан изламоқ даркор.

Уқтирилганидек, меҳнатсиз бойлик ҳам бор. У саҳродаги кўлмакка ўхшаб кетади. Офтоб чиққани ҳа­мон ё ерга сингийди ё ёғду забтидан тезда қуриб, ҳавога учади.

Қўшкўпирлик Юнусбек Оллоберганов ана шу янглиғ саробнинг изидан қувди. Енгил-елпи меҳнатни кўзлади, кўнг­ли шоҳона турмушни тусади, Шу аснода бемеҳнат бойликни хорижий эллар, хусусан, қўшни Қозоғистон заминидан излашга тутинди. Аммо меҳнатсиз турмуш қай­да, дейсиз? Унинг ушбу юртга бир неча марта қилган қисқа муддатли сафари 2019 йилнинг кеч кузида қариди.

Уйига қайтгач, тирикчлик учун асқотгувчи қўл учи юмушларига уннади. Би­роқ унинг назарида, бундай ишлардан наф йўқ ва даромаду буромаднинг чўнтак томон ўз-ўзидан оқиб келиш чораларини изламоқ зарур. Шу боис Юнусбек ақлини «чархлади».

Тирикчиликнинг жўн, бемеҳнат ва беҳисоб бойликка етакловчи йўлларини ахтарди. Хайрият, излагани олдидан чиқди. У анчайин жўн, аммо қалтис юмуш ва ҳатто хавф-хатар, аччиқ ва аянчли қисматга ҳам рўпара этиши мумкин. Бироқ кўздан йироқ пана-пастқамликлар ҳам бор ва бундай жойларда бемалол кун кўриб, хуфя фаолиятни бафуржа амалга оширса ҳам бўлаверади.

Гиёҳфурушликнинг сароб ва алдамчи кўланкаси унинг моғорлаган қалбида ана шу алфозда намоён бўлди. Юнусбек ҳузурида пайдо бўлган бу қора кўланка аслида катта хатар да­ракчиси эканлигини яхши билса-да, ундан қўл силтамади, ҳузуридан ҳайдаб солмади.

Бир томондан, мўмай бойлик, бошқа тарафдан эса, аянч­ли ва ачинарли қисматга етакловчи қалтис йўлга ана шу тариқа қадам босди. Бунга яқин таниши Р.Рўзиматов сабабчи бўлди. Аинқроғи, бу шумният кимсани Юнусбекнинг ўзи излаб топди. Гиёҳфурушликка қаратилган муддаоини унга баён этиб, ушбу қора қилмиш орқали катта фойда орттириш ния­тида эканлигини маълум қил­ди, мазкур «қора бозор»нинг сир-асрорларини обдан ўргатишни сўради. Таклиф қабул қилинди. Дастлабки савдо 2019 йилнинг декабрь ойида амалга ошди. Юнусбек иккита гугурт қутисига жойланган 5 грамм оғирликдаги «тарьяк» гиёҳвандлик моддасининг ҳар граммини 250 минг сўм эвазига сотиб олди. Орадан кўп ўтмай ушбу харид матоҳининг дастлабки нуқраси — 1 грамм оғиликдаги гиёҳвандлик моддаси бошқа бир харидорга 300 минг сўмга сотилди. Чўн­такка тушган илк соф фойда Юнусбекнинг кўнгил қулфини очди, ғайрати қўзи­ди. Ана шу тариқа жўнгина тарзда гиёҳфурушлар сафидан жой олди. Оғуфурушликнинг илк синовини ортда қолдирган «ҳа­васкор» сотувчини тезора бош таъминотчининг ўзи йўқ­лади. Юнусбекнинг хонадонига шахсан ташриф буюрди. Шу ердан туриб, яна бир ҳамтовоғи Н. Бектурдиевга сим қоқди, тезда етиб келишни тайинлади. Учовлон устомоннинг бу ердаги хуфя учрашуви беиз кетмади. Ҳамтовоқлар ҳамкорликда ишлашга келишиб олишди.

Мазкур келишувдан сўнг орадан 4 кун ўтгач, Наврўзбек (Н. Бектурдиев) Юнусбекни излаб келди. Ўшанда гуруҳбошидан сотиб олинган «тарьяк»нинг қолган 4 граммини сотиб олиш истагини билдирди. Савдо пишиди. Ноҳалол луқма — ҳаёт ва соғлик кушандаси унинг қўлига ўтди. Бироқ у харидни ўзи билан бирга олиб кетмади. Юнусбек вақтинча яшаётган Урганч туманининг Тандирчи маҳалласидаги эс­ки молхона бу сингари ажал уруғини пин­ҳона сақлаш учун бирмунча қулай ва хавфсиз макон. Харид қилинган мол ўша ерга яширилди. Хуфя «бозор»даги ажаб савдолар эса, қизигандан-қизиди. Шу орада ушбу «бозор»нинг омадли сотувчисини Қудрат исмли шахс ҳам йўқлади. У озмунчамас, нақ 3 кило миқдоридаги опий ҳамда «героин» гиёҳвандлик моддасини топиб беришни сўради. Сотувчи хариднинг пулига шаъма қилди. Қудрат бунинг исботи учун унга ўнларча ўрамга жойланган жарақ-жарақ АҚШ долларини кўрсатди. Томонлар битимнинг қийматини 140 минг долларга баҳолашди.

Бунча миқдордаги буюртма ва унинг ортида мана ман, деб турган мўмай даромад Юнусбекнининг эсини оғдираёзди, ҳоври-ҳаяжони осмонга ўрлади. Бироқ тезда ўзини қўлга олди. Ҳаяжони босилгач, «мол»­ни тезда ҳозирлашга ваъ­да берди. Харидор ҳам ваъдасида турди. Сотувчи ва олувчи пулни бер-у, молни ол ақидасига амал қилишди.

Бевосита олди-сотди маросими эса, 2020 йилнинг 25 январь кунига белгиланди. Ўша куни содир бўлган воқеалар анча ҳаяжонли, аммо хавотирли тарзда кечди.

Юнусбек ўша хароба молхонага яширилган 1 кило опий ва яна 1 кило миқдоридаги «героин» моддасини харидорнинг қў­лига тутқазди. Лекин пулини санаб олишга улгурмади. Фалокат оёқ остидан чиқди. Катта миқдордаги хориж пули оғуфурушнинг чўнтагини эн­ди-энди безай деганида «осмонга учди». Ва бир пасдан сўнг мол ҳам, пул ҳам шу ерда тўсатдан пайдо бўлган изқуварлар қўлига ўтди. Сотувчини-ку, фалокат босди, ўз вақтида босди. Акс ҳолда, мол сотилиб, минг-мингларча ки­ши «дори»нинг домига тушиши, оқибатда ҳаёти дўзахга айланиши тайин эди. Хай­рият­, изқуварлар бунга изн беришмади.

Қилмиш барвақт фош этилди. Ўзини аллақачон хон, кўланкасини султон санай бошлаган оғуфурушнинг эса, бир пасдаёқ ҳоври босилди, шашти сусайди. У ҳалол ва фидойи меҳнат-ла топиладиган чинакам бахтдан кўра-била туриб, юз ўгирди, ўз навбатида, тотли ҳаёт ҳам ундан ўзини обқочди, оғир қисмат ва кулфатга ҳам дучор этди. Жиноий қилмишга далил ҳисобланган матоҳ эса, кутилганидек, инсон онг-шууринигина эмас, балки жисми-жонини ҳам фалажловчи ҳақиқий ажал уруғи вазни 1005,10 граммдан иборат «таръяк» ҳамда 995,74 граммга тенг «героин» моддаларидан иборат эди.

Жамият ҳаётида содир этилган қилмишлар беиз кетгани, жиноий кирдикорга қўл урган кимса эса, тутқич бермай дараксиз йўқолганига оид далиллар йўқ ҳисоб. Қилмиш борки, қарийб бари қидирмишга етаклаган. Муқаррар жазодан холи қолганлар ҳам деярли йўқ. Баъзи фаҳми заиф бандалар буни идрок эта олишмайди, сувдан қуруқ, тегирмондан бутун чиқишга уринишади. Бундайлар орасида ўз билак кучи, ақл-идроки, фаҳму фаросати, инсонийлик сифатлари кў­магида рўзғор тебратиш, ҳатто ҳавас қилса, арзигулик бахт қасрини барпо этишга қобилу қодирлар ҳам бор. Юнусбек Оллоберганов ҳам шулар сирасидан. У айни қирчиллама ёшда: 1990 йил Қўш­кўпир туманининг Оқдарбанд қишлоғида туғилган. Оиласи ва 2 нафар фарзанди бор.

Соғ­лом, тўрт мучаси бут, куч-қуввати бисёр ва, табиийки, ўзи­ни ақлли-ҳушли кишилар сирасидан санайди, Аммо сў­қир кўзи қўлга тушганидан сўнг очилди: қилмишларини хаспўшламади, тавбасига таянганини айтди.

Қонун талабига кўра, оғир ва асоратли қилмишнинг қи­дирмиши ҳам шунга монанд бўлмоғи даркор. Лекин жазони енгиллатувчи жиҳатлар ҳам анчагина ва бу ҳол суд жараёнида назардан четда қолмади. Суд айбланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда сотиш) бўйича тергов органи томонидан қўйилган айбни эътироф этди. Уқтирилганидек, судланувчи айбидан тонмади, ун­га астойдил иқрор бўлди, пушаймонлигини билдирди, ои­ласининг ягона боқувчиси эканлигини айтиб, кечирим сўради. Буларнинг бари қилмишнинг қидирмишини жиддий енгиллатувчи ҳолат сифатида баҳоланди. Айбни оғирлаштирувчи ҳолатлар қайд этилмади. Жазо ҳам шунга яраша бўлди. Ю. Оллоберганов Жиноят кодексининг юқоридаги моддасида кўзда тутилган энг кам миқдордаги жазога ҳукм қилинди. Маҳкум бунга эътироз билдирмади.

Қилмиш учун жазо чиндан ҳам, муқаррар. Ва қонун сўрови, виждон азобидан қочиб қу­тулишнинг иложи йўқ. Бироқ масаланинг маҳкумга деярли дахли бўлмаган иккинчи тарафи ҳам бор ва у, асосан, ўзгаларга тегишли. Бу жиҳат кўпчилик элдошлар, айниқса, дилида жиноий қилмишга мойиллик аломатлари мавжуд кишиларга дахлдор.

У одамларни ҳушёрлик ва огоҳликка, ким аслида кимлигини бир пасдаёқ фаҳмлай олишга чорлайди. Ўзгаларнинг жиноий қилмишидан чиқариладиган са­боқ кучи эса, бениҳоя катта ва инсон зотини қалтис ва хатарли амаллардан мудом муҳофаза қилиб туради, тийилиб туришга ундайди. Зеро, камолга етган инсон бир кунмас-бир кун ўз ҳаётининг чорраҳасига чиқа­ди. Ундан нарёқдаги йўл­лар­нинг бири инсонни ҳаётнинг нурли ва истиқболли манзилларига бошласа, яна бири зулматга элтади. Бу йўл­ларни олдиндан кўра ол­моқ зарур. Зе­ро, ножўя қилмишу кирдикорлардан хо­ли юрганнинг ошиғи олчи. Кейинги пушаймондан эса, наф йўқ ва у халқи­миз зикр қил­ганидек, ўзингга душман. Шундай экан, қора қилмиш, ножўя ҳаракатга қўл уриб, сўнггида пушаймон бўл­гандан кўра, бу янглиғ номатлуб ва номуносиб амалларни четлаган кўйи тинч, хотиржам яшаган минг карра афзал эмасми? Баъ­зилар ҳалол турмуш, фойдали меҳнат, чин одамийликнинг қадри-қийматини қачон англаб етишаркин?

Музаффар Самандаров,

жиноят ишлари бўйича

Хоразм вилояти судининг судьяси,

Абдулла Собиров,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: